Шанба, 27.04.2024, 02:38
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Март » 14 » «Эзгулик» раҳбарияти қанчалик самимий?
21:17
«Эзгулик» раҳбарияти қанчалик самимий?

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

БАЁНОТИ

14 март 2009 й.

«Эзгулик» раҳбарияти қанчалик самимий?

2009 йил 12 март куни «Эзгулик» ҳуқуқбонлик ташкилоти раҳбарияти «Эзгулик» жамоатчиликни бирдамликка

чорлайди!» хитобила ўзининг баёнотини эълон қилди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)

Ўзбекистонда демократия, эркинлик ва инсон ҳуқуқларини барқарор қилиш йўлида ҳамжиҳатлик билан курашиш

учун бирдамликка чақирувчи ҳар қандай баёнотни қўллаб-қувватлайди.

Бундай баёнот ташкилот раҳбарияти зиммасига катта масъулият юклайди ва унинг асосий қисми, бу –

самимийликдир. Бироқ ...

«Эзгулик» жамияти тарқатган баёнотдаги баъзи жиҳатлар мазкур ташкилот раҳбариятининг самимийлигига бизда

шўбҳа уйғотди. Асосларимиз эса қуйидагилардир:

а1) Маълум-ки, ЎИҲЖ Ўзбекистоннинг энг янги тарихида биринчи нодавлат ҳуқуқбонлик ташкилоти бўлиб, мамлакатда демократия, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари учун курашда унинг хизмати каттадир. Ҳозирда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган «Ўзбекистон шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси», «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти», «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти», «Демократик ташаббуслар маркази», «Мазлум» ҳуқуқбонлик жамияти», «Махбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси», «Ўзбекистон мустақил ҳуқуқбонлар ташаббус гуруҳи», «Ўзбекистон ҳуқуқбонлик альянси», «Жиззах вилояти ҳуқуқбонлари ассоциацияси», «Тез эътибор қилиш гуруҳи» ва «Нажот» ташкилотларининг ё кўпчилик аъзолари, ё уларнинг раҳбарлари ЎИҲЖнинг аъзолари бўлишган. Бироқ, баёнот муаллифлари ЎИҲЖни негадир «эсларидан чиқариб» қўйганлар! Бу – тасодифми? Йўқ, албатта! Бу – «Эзгулик» жамияти раҳбариятининг носамимий эканлигининг бир белгисидир.

а2) Маълум-ки, Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси ва «Эзгулик» ҳуқуқбонлик жамияти чамбарчас боғлиқ ташкилотлардир. Сиёсий партия раҳбарияти муттасил барча ўзбекистонлик демократларни, оз эмас, кўп эмас, мазкур партия сафида бирлашишга чақириб келмоқда. Ўзбекистонлик ҳар бир ҳуқуқбон ўзини ҳаққоний равишда демократ деб ҳисоблашини, ҳуқуқбонлик ва сиёсий фаолиятлар бир-бирига нисбатан қутбий жойлашганлигини (ҳуқуқбонлик ташкилоти сиёсий ташкилотдан фарқли ўлароқ ҳокимият учун курашмайди) эътиборга олсак, «Бирлик» партияси раҳбарияти мантиғи бўйича номлари юқорида қайд этилган ҳуқуқбонлик ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон «Эрк» демократик ва «Озод деҳқонлар партиялари ва «Бирдамлик» халқ ҳаракати аъзолари ўз ташкилотларини тугатиб, бир саф бўлиб «Бирлик» партиясига ўтиши лозим бўлади. Антиқа мантиқ, шундай эмасми?! Хорватия диктатори Тужман ўлган пайтда мазкур мамлакатда олтита, ораларида жиддийихтилофлар мавжуд бўлган мухолифат партиялар фаолият олиб боришган. Улар президент сайлови арафасида «ярашиб» (бирлашиб эмас!), ягона номзод (Стефан Месич)ни илгари суришган ва ғалаба қилишган. «Эзгулик» раҳбарлари «Бирлик» партияси раҳбариятининг бу мантиқсиз позицияси ҳақида баёнотда лом-мим демаган, яъни бу муҳим масалада ҳам уларда самимийлик кўринмайди.

а3) «Бирлик» партияси раҳбарияти «Эзгулик» жамияти ва «Бирлик партиясидан бошқа деярли ҳамма (сиёсий ва ҳуқуқбонлик) ташкилотларини «йўқ бўлиб кетган, қоғозда бор-у, аслида йўқ» дея муттасил гапириб келади. У ҳолда «Эзгулик» раҳбарияти фақат баёнотда номлари келтирилган (баёнотдан ихтибос: Мамлакатда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Парламентининг Омбудсмани, инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Адлия идоралари қошида очилган ҳуқуқ ҳимоячилари бўлимлари, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳ фаоллари, ҳуқуқ ҳимоячиларининг Альянси, ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ташаббус Гуруҳи вакиллари, ҳамфикр жамоатчилик ташкилотлари) давлат ва нодавлат ташкилотларини бирдамликка чорлаётган бўлса, бу унинг носамимий эканлигини яна бир марта кўрсатади.

а4) Баёнотда ишлатилган «ҳамфикр жамоатчилик ташкилотлари» деган ғализ ибораси билан «Эзгулик» жамияти раҳбарияти баъзи ташкилотларга «Сен биз билан ҳамфикр эмассан, нари тур!» демоқда. Хорватия мисолидаги олтита партия ҳамфикр бўлмаган, бироқ уларни битта сиёсий платформада туриб сайловда қатнашишга даъват қилган хорват демократлари барча мухолиф партияларга бир хил назар билан қарашган. «Эзгулик» жамияти раҳбарларининг «Сен яхши, сен ёмон» (яъни, сенинг фикринг бизники билан бир хил, сеники эса бизникига қарши) қаблидаги муносабати демократик жамоатчиликни яна тарқоқликка қараб судраши аниқ ва равшан. Катта масъулиятли баёнотда бундай позицияни эгаллаш «Эзгулик» жамияти раҳбарияти ўз манфаатларидан келиб чиқиб «бирдамликка» чорлаётганини, яъни самимий эмаслигини кўрсатади, холос.

а5) Баёнотда давлатнинг инсон ҳуқуқларини «ҳимоя» қилувчи икки забардаст ва вилоятлар адлия бошқармаларида ташкил этилган ва ўша вазифани бажарувчи (ўн учта) майда ташкилотлар, ҳамда учта нодавлат ташкилотларининг номи (юқорида келтирилган ихтибосга қаранг) келтирилган бўлиб, улар ва ҳамфикр жамоатчилик ташкилотлари «Эзгулик» жамияти уюштирадиган давра столи атрофида БИРЛАШИШга чақирилган. Баёнот бошида инсон ҳуқуқлари борасида ҳукуматни кескин танқид этган «Эзгулик» жамияти раҳбарияти айнан ҳукумат ташкилотларини ўз давра столи атрофида бирлашишга даъват этиши кулгили туюлади. Мазкур ўн беш давлат ташкилотлари ўз сиёсатини КАТТА ЁЛҒОН устига қурган ҳукумат томонидан шу ёлғонни яшириш учун ташкил этилгани «Эзгулик» раҳбарларига маълум эмасмикин? Масалан, баёнотда бирлашишга даъват қилинган бир давлат ташкилотининг директори Акмал Саидов бир неча кун олдин (10 март) БМТ «Инсон ҳуқуқлари Кенгаши»да Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини чунон ҳам мақтади-ки, у одамга ишонилса Ўзбекистон демократларини бирдамликка чорловчи баёнот тарқатишга ҳожат қолмайди. «Эзгулик» жамиятининг давра столи атрофида Акмал Саидов, Сайёра Рашидова ва бошқа давлат ташкилотлари вакилларини тўплаб, уларни бирлашишга чақириш демократлар, кенгроқ кўламда айтсак, халқ учун қандай манфаат бўлади? Бундан, балки, «Эзгулик» жамиятининг («Бирлик» партияси, деб ўқиш ҳам мумкин) манфаатлари кўзлангандир?

Бундан 10-15 кун олдин ЎИҲЖ раиси Толиб Ёқубов Ўзбекистон демократик жамоатчилигини бирдамликка даъват қилиш ташаббускорларидан бири Ғулом Умаров билан шу масалада узоқ гаплашган эди. Ғуломжон бу ишнинг дебочаси сифатида бир баёнот тарқатиш лозимлиги ҳақида гапирганда Толиб Ёқубов бундай баёнот билан ЎИҲЖ чиқиши мумкинлигини айтди. Ғуломжон бу вазифани «Эзгулик» жамияти ўз гарданига олганини айтганда ЎИҲЖ раиси бунга тўлиқ қўшилган эди. Биз «ана энди ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлари ўзларининг носоғлом амбицияларидан воз кечиб, ватанда демократия ва инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш йўлида битта платформага кўтарилашади» деб ўйлаган эдик. Афсус-ки, тарқатилган баёнотдан носамимийлик ҳиди анқиб турибди.

ЎИҲЖ бундай носамимий баёнотни кутмаган ва, демак, ундаги чорловни рад этади. ЎИҲЖ барча нодавлат сиёсий ва ҳуқуқбонлик ташкилотларига самимий, ҳеч қандай шартсиз бўлган ва мамлакатда демократия, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари учун курашиш йўлида қилинган ҳар қандай чақириққа «Лаббай» деб жавоб беради.


Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Котибияти

Просмотров: 833 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей