Тошкентда навбатдаги маҳкама жараёни
Ўзбекистонда чоп этилувчи "Етти иқлим"
газетасининг икки нафар ходими устидан маҳкама жараёни бошланган.
Журналист Даврон Тожиев ва Шавкат
Алимовлар устидан маҳкама жараёни Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар маҳкамасида
очилган.
Бу ҳақда Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон
ҳуқуқлари жамияти хабар берган.
Маълум бўлишича, икковлон Ўзбекистон
Республикаси Жиноий Кодексининг 244-моддаси, яъни жамоат хавфсизлигига таҳдид
солувчи материаллар тарқатиш, ёзиш, тўплаш, тақиқланган диний ташкилотлар тузиш,
умуман, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатлар билан шуғулланишда
айбланишмоқда.
Бугун бошланган жараён "Ирмоқ" журналининг
5 нафар ходими устидан кечаётган маҳкама ишининг иккинчи босқичи экани айтилади.
Еттовлон ўтган йилнинг сентябр ойида
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олиниб, уларга нисбатан
"Нурчилар" диний оқимига аъзоликда жиноят иши қўзғатилганди.
"Етти иқлим" газетаси ходимлари устидан
бугун бошланган маҳкама жараёни тарафлар ҳимоячиларидан бирининг келмагани боис
чоршанба кунига қолдирилган.
Ўтган жума куни "Эзгулик" жамияти Тошкент
шаҳар маҳкамасида давом этаётган "Ирмоқ" ходимлари устидан маҳкама жараёни
ўзининг ниҳоий палласига кирганини хабар берганди. Мазкур маҳкама иши юзасидан
якуний ҳукмнинг пайшанба куни эълон этилиши кутилмоқда.
"Ирмоқ" ва "Етти иқлим" ягона муассис
ҳомийлигида чоп этилган. "Интеллектуал лойиҳалар маркази" ва "Шарқ Призма"
масъулияти чекланган жамияти уларнинг асосий муассисларидан бўлган. Ҳар иккала
нашр ҳам 2007 йилнинг феврал ойида расман рўйхатдан ўтган.
"Нурчилар"
кимлар?
"Нурчилар" аслида Туркияда 1878 йилда
таваллуд топган Саид Нурсий издошларига нисбатан қўлланиладиган умумий исмдир.
Туркия Республикасининг дастлабки йилларида Саид Нурсий йирик исломий ҳаракат
раҳбари бўлган.
Бугунги кунда Туркияда Фатҳуллоҳ Гулен
бошчилигидаги мусулмон жамоасини "Нурчилар" деб аташади.
Фатҳуллоҳ Гулен асли арзурумлик диний
пешво ва ҳозирда Америка Қўшма Штатларда муҳожиротда яшайди.
У етакчилигидаги ҳаракат Туркияда ниҳоятда
кучли ва кенг ёйилган. Ташкилот, асосан, маҳаллий тижоратчилардан иборат бўлиб,
жамоат аъзолари бир-бири билан ниҳоятда иттифоқда ва ҳар жиҳатдан бир-бирини
қўллаб-қувватлашади.
Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари яхши
тижоратчи бўлишдан ташқари, дунёнинг деярли барча ўлкаларида мактаблар очишган
ва юзлаб ётоқхоналарига эгалар.
Бундан ташқари "Нурчилар"нинг газетаю
журналлари, ҳаттоки, ўз телевидение ва университетлари ҳам бор. Уларнинг таъсири
Туркия сиёсатида ҳам кучли сезилиб туради.
Маҳаллий дин пешволарига кўра,
"Нурчилар" Ўзбекистонга 90-йиллар бошларида кириб келишган ва мактаблари,
корхоналари, лицейларини очишган.
|