Якшанба, 19.09.2021, 09:19
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 18 » Илк Тошкент портлашларига 10 йил тўлди
03:34
Илк Тошкент портлашларига 10 йил тўлди

Илк Тошкент портлашларига 10 йил тўлди


Ўзбекистонда ҳар қандай ўзгача фикрлиликни бўғишга янада кенг йўл очган ва 10 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган феврал портлашларига 10 йил тўлди.

 

Расмий Тошкент мазкур портлашларда "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" ва "Эрк" демократик партияси аъзоларини асосий айбдорлар қилиб кўрсатганди.

 

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, шундан сўнг Ўзбекистонда 16 феврал воқеаларига алоқадорликда айбланиб, юзлаб кишилар озодликдан маҳрум этилишган.

 

Орадан 10 йил кечса-да, илк Тошкент портлашлари ҳақида турли хил мулоҳазалар тингани йўқ. Ўзбек ҳукумати ҳам бу борадаги мавқеини ўзгартирмаган.

 

Кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари феврал портлашлари аслида ҳукуматнинг сиёсий мухолифларини йўқ қилишига қўл келганини таъкидлашади.

 

Жумладан, "Эрк" демократик партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳ мазкур портлашларни уюштиришда айбдор деб топилиб, сиртдан ҳукм қилинганди.

 

16 феврал воқеалари ортидан Тошкентда милиция назорати кучайган, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишлари ва Тошкентда доимий яшаш учун қайддан ўтиш жараёнлари мураккаблашганди.

 

Хўш, орадан 10 йил ўтиб, Тошкент 16 феврал портлашларини қандай хотирламоқда? Батафсилроқ Ўзбекистондан мустақил журналист ҳикояси билан танишинг:



Февралнинг баҳордаги каби илиқ ва намчил кунида Ўзбекистоннинг бош майдони – "Мустақиллик" майдонида одамлар сийрак. Милиционерлар майдонга кираётган ҳар бир кишини синчковлик билан кузатади. Майдонга асосан вилоятлардан келган меҳмонлар ва аҳён-аҳёнда хорижий сайёҳлар қадам ранжида қилади. Жуфтлашиб юрган йигит ва қизлар эса бу ернинг доимий меҳмони.

 

Матбуотдаги кучли ташвиқотдан кейин пойтахтга келган меҳмонлар бош майдондаги Ўзбекистон харитаси бўртиб турган Ер шари ва унинг остидаги боласини қўлига олиб турган она ҳайкалини бориб кўришни лозим деб билишади.

 

Майдонга улкан аркасимон қурилма остидан кириб келинади. Унинг тепасига чарх уриб учаётган ва бир оёқда турган лайлаклар ҳайкали бор. Майдоннинг жанубида эса сарғиш ойналар билан қопланган Вазирлар маҳкамаси биноси совуқ қад ростлаб туради. Бундан 10 йил аввал, 1999 йил 16 феврал куни бу бино олдида мамлакат ҳаётини таҳликали изга тушириб юборган портлашлар янграган эди.

 

Ўзбекистон матбуотида бундай саналар ёдга олинмайди ва сиёсатдан узоқ юришни маъқул кўрадиган аксарият аҳоли ҳам буни ёдидан чиқарган. Фақат айрим мустақил интернет нашрлари бу санани ёдга олган холос.

 

“Ўзбекистон бутун дунёга машҳур бўлиб кетди-да. Бойлигимиз кўп, жаннатга ўхшаган мамлакат, ўшанга чет элликлар шуни уюштирган, кўролмайди-да биззи,” дейди ёши элликлар атрофидаги аёл 16 феврал портлашларини эслаб.

 

Бироқ аксарият одамлар бу ҳақда умуман гапиришни исташмайди. Саволни эшитиши билан юзига совуқ сув сочиб юборилгандек сесканиб кетади ва терс ўгирилади, бу ҳақда оғиз очиш оғир жиноятдек.

 

“Бизга айтишгандики, давлат ҳам худди инсон каби экан. Инсоннинг дўсти ва душмани бўлгани каби, давлатнинг ҳам ютуқларини кўролмайдиган душманлари бўлар экан, ўшаларнинг иши бу,” дейди талаба қиз телевизорда такрорланадиган сўзларни қайтариб.
Ўзбекистон телеканалларида ҳам бундай сўзлар тинимсиз қайтарилади, хорижий душманлар мутаассиб диний оқимга берилган ўзбек ёшларини қуролга айлантираётгани ҳақида халқ огоҳ қилинади.

 

Бироқ чет элдаги душманлар кимлиги ва ўзбек ёшлари нега уларнинг “ортидан эргашиб, нотўғри йўлга” кириб кетгани изоҳланмайди. Зотан, аксарият кишилар душман қаердалигини тушуна олмайди. Миллий мафкура минбари бўлган Ўзбекистон матбуотига кўра, ўта исломийлик ҳам, ғарбча дунёқараш ҳам мамлакат учун бирдек хавфлидир ва барча ёмонлик шулардан келади.

 

Ҳукуматпараст журналист ва сиёсатшуносларга кўра, 16 феврал ва ундан кейинги худкушлик ҳужумларида ҳам турли мутаассиб исломий ва дунёвий гуруҳларга бошпана бериб, улардан самарали фойдаланаётган Ғарб давлатларининг қўллари бўлиши мумкин.

 

Ҳар қандай танқидий фикр деярли қўпорувчиликка тенг кўрилгани боис ўзгача фикрлайдиган кишилар хос доиралардагина бу ҳақда эҳтиёткорлик билан сўз очади. Айрим кишиларнинг фикрича, феврал воқеалари президент Ислом Каримовга қарши ички гуруҳлар уюштирган фитна бўлиб, унда айрим собиқ мулозимларнинг ҳам қўли бўлиши мумкин.

 

Турмуш ўртоғи, икки нафар укаси ва катта ўғли диний мутаассибликда айбланиб қамалган Тошкентнинг эски шаҳар қисмида яшовчи аёл эса бошқача фикрлайди. Унинг айтишича, 16 феврал портлашлари президентнинг дин кишиларига нисбатан бешафқат сиёсати оқибати эди.

 

“Мусулмонлар қамоқда атайин ўлдириб юбориляпти, озодликка чиққанлари ҳам бир йилдан ўтмай ўлиб кетяпти,” дейди у.

 

Агар бу аёлнинг тахминлари тўғри бўлса, феврал воқеалари айнан тескари натижа берган ва Ўзбекистон ҳаётидаги энг йирик ялпи қамоққа олишлар ва бешафқат қийноқлар тўлқинини бошлаб берган.

 

Ўша йиллари Тошкентда ишлаган бухоролик собиқ милиционернинг айтишича, портлашлардан кейин ялпи терговлар пайти у эшик тагида соқчилик қилган, яъни, “конвой” бўлган. У терговчиларнинг ҳисбга олинган аёлларни хўрлаши ва инсонга хос бўлмаган шафқатсизликларини кузатиб, асаблари чидамаган.

 

“Ишдан чиқиб кетиб, 7 йил Россияда мардикорлик қилиб юрдим, лекин ўша мудҳиш манзараларни ҳали унута олганим йўқ,” дейди у.

 

16 феврал куни Ўзбекистоннинг минтақадаги “барқарорлик ороли” деган номига дарз етди. Мамлакат янги мафкуравий ва диний кураш йўлига кирди, дейиш мумкин. Мустақиллик майдони ва пойтахтнинг шакли ҳам тобора ўзгара борди.

 

Бош майдоннинг шакли ва архитектураси шахсан президент Ислом Каримовнинг ғояси билан янгидан бунёд бўлди. Президент она рамзининг бахтиёр ва айни пайтда хокисорлиги ҳамда лайлакларнинг бир оёқда тин олиб туришига алоҳида урғу берган. “Лайлак қачон бир оёқда туради...қачонки хотиржамлик, тинчлик бўлса...” деган эди президент архитектор ва қурувчиларга маслаҳат берар экан. Шу тариқа тинчлик рамзи бўлган оқ кабутар ўрнини лайлак эгаллади.

 

Бироқ лайлак ҳам тинчлик олиб келолмади. Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон чегараларида қуролли гуруҳлар билан тўқнашувлар бўлиб ўтди. 2004 йил баҳорида ва сўнг ёзида пойтахтда худкушлик ҳужумлари юз берди. 2005 йили эса Андижонда намойишлар бошланиб, кўплаб қуролсиз одамлар ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилди.

 

Одамлар 10 йил аввалги портлашлар мамлакатдаги оддий одамлар айниқса, тақводорлар ҳаётида уқубатли даврларни бошлагани ва ҳатто пойтахт шаклини ҳам тубдан ўзгартириб юборганини айтади. Бугун Тошкент маркази тобора мустаҳкам истеҳкомга ўхшаб бораётир. Марказга тўғри кириб келувчи асосий йўллар беркитилиб, айланиб ўтувчи йўллар қурилмоқда. Барча ҳукумат муассасалари баланд темир панжаралар билан ўраб олинган.

 

Бозорлар, метро ва катта бекатларда милиция ходимларнинг гавжумлиги талабадан тортиб нафақахўргача барчани бирдек куч тизими назоратидан безиллатиб қўйган. Шу боис бўлса керак, баъзи одамлар агар ўша 16 феврал ва ундан кейинги портлашлар юз бермаганида балки президент ва ҳукумат халққа бироз эркинлик берган бўлармиди, деган фикрни ҳам такрорлайди.

 

Лекин бундай фикрлар ёпиқ давраларда айтилади, мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк бомба ҳужумлари ҳақида гапириш ва муҳокама қилиш 10 йилдан кейин ҳам сирли тақиқ остида

Просмотров: 818 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2021
Архив записей