Жума, 19.04.2024, 08:58
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Январ » 24 » Қашшоқлик туфайли анемия чекинмаяпти
14:11
Қашшоқлик туфайли анемия чекинмаяпти

Қашшоқлик туфайли анемия чекинмаяпти

Меҳрибон 24.01.2009

Ўзбекистонда амалга оширилаётган витаминли ун бўйича миллий дастур бу йил ниҳоясига етаётган бўлса-да, мамлакатда анемия билан оғриётганлар сони камаймаган.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида яшовчи 28 ёшли Бибиражаб икки фарзанднинг онаси. Айни пайтда у учинчи фарзандига ҳомиладор.

Бибиражаб ҳам хоразмлик аксар ҳомиладор аёллар сингари анемия касаллиги билан оғриган. Бибиражаб анемияга қарши витаминли ун истеъмол қилиш лозимлигини яхши билса-да, ҳеч қачон бундай ун харид қилмаган.

- Унга темир моддаси қўшилиши ҳақида телевизорда эшитганман. Ун ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотларига одам соғлиги учун фойдали, қон кўпайтирадиган витаминлар қўшаётгани ҳақида кўп гапиришади. Лекин биз бундай ун ишлатмаймиз, дейди Бибиражаб.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, одатда, у ўртача ёки энг паст навли ун харид қилади.

Витаминли ун биринчи навли унга қўшилади ва унинг нархи паст навли унга нисбатан қимматроқ, бу эса камбағалликда яшаётган аҳолининг чўнтагига тўғри келмайди.

Хоразмнинг Питнак шаҳрида яшовчи Сора опанинг айтишича, улар ҳар доим энг арзон озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишади.

- Бошқа нима қиламиз, камбағалчилик. Яхши еб-ичгимиз келади. Афсуски, етишмовчилик боис арзонроқ нарсаларни сотиб оламиз, дейди Сора опа.

Биз бекорга айнан хоразмлик аёллар билан суҳбатлашмадик - боиси анемия Ўзбекистон бўйича энг кўп Хоразм ва Қорақалпоғистонда учрайди.

Айрим маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда аёлларнинг 80 фоиздан ортиғида анемия, яъни камқонлик касаллиги мавжуд. Болалар орасида ҳам камқонлик кенг тарқалган.

Шифокорлар фикрича, анемия ёмон асоратлар қолдиради. Айниқса, бу касаллик ҳомиладор аёлларга жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Анемия болаларнинг нимжон, касалманд туғилишига, уларда иммунитет тизими яхши шаклланмаслигига олиб келади.

Витаминли ун айни шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида истеъмол қилинади.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилдан бошлаб “Витаминларга тўйинтирилган ун бўйича миллий дастур”ни йўлга қўйганди.

Лойиҳа доирасида беш йилга олти миллион АҚШ доллари ажратилиб, ҳар йили бир ярим миллион тоннага яқин витаминли ун ишлаб чиқарилаяпти.

Лойиҳа назорати билан шуғулланаётган Республика санитария-эпидимелогия назорат маркази ходимига кўра, витаминли уннинг фойдаси жуда катта.

- Бу дастурни қабул қилишдан асосий мақсад шундаки, инсон организмидаги темир моддаси етишмовчилигининг олдини олиш.

Унни таркибида темир, циамин, ребофилобин, аскорбин кислотаси, ниацин каби ўнга яқин фойдали витамин бор. Биринчи навли унга шу моддаларни қўшиб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Бундай витаминли ун болалар ва оналар, ҳомиладор аёллар орасида кўп тарқалган анемия касаллигининг олдини олишга хизмат қилади, деди Республика санитария-эпидимелогия назорат маркази ходими.

Витаминли ун бўйича махсус дастурнинг сўнгги босқичи амалга оширилаётган жорий йилда 916 минг АҚШ доллари миқдорида витаминли ун ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, витаминли унни истеъмол қилиш натижасида мамлакат аҳолиси орасида анемия касалликлари 30% га камайган. Айни пайтда норасмий манбалар мазкур касалликнинг заррача чекинмаганини урғуламоқдалар.

Тиббиёт мутахассисларига кўра, анемияга чалинмаслик учун витаминли ундан ташқари оқсил ва витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш, тўйиб овқатланиш зарур.

Кўринадики, анемия замирида иқтисодий муаммолар ётибди, яъни
камбағал ва қашшоқлик ҳукм сурган мамлакатда анемия касаллиги кўпайиши табиий.

Кузатувчилар фикрича, витаминли унни харид қилиш учун аввало аҳолининг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш лозим.
Просмотров: 1234 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей