Пайшанба, 28.03.2024, 18:35
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Январ » 14 » Тутқунликдаги журналист яна биттага кўпайди
21:25
Тутқунликдаги журналист яна биттага кўпайди

Тутқунликдаги журналист яна биттага кўпайди

Қабристон жимлигига менгзаш жимликни ҳукумат учун кўнгилсиз хабарлар билан бузишга уринган журналистларнинг аксари¸ Ўзбекистонда темир панжара ортига ташланмоқда.
14.01.2009
Абдулла Искандар

Сешанба куни журналист ва ëзувчи Кушодбек Усмонов Андижон вилояти Асака тумани ички ишлар хизмати ходимлари томонидан безориликда айбланиб¸ ҳибсга олинди.

64 ëшли журналистга нисбатан ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон республикаси ЖК нинг 277 моддаси (безорилик) билан жиноят иши очилганлиги айтилади.

Журналистнинг ҳибсга олиниши борасида Москвадаги Экстремал журналистика маркази хавотир билдиради.

Биз бу борада тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановга боғланиб¸ журналистнинг қамоққа олиниши борасидаги тафсилотлар билан қизиқдик.

Абдураҳмон Ташанов: Андижоннинг Асака туманидан бўлган 64 яшар кекса журналист Кушодбек Усмонов ҳозирда қамалди. Асака туман прокуратураси томонидан унга нисбатан ўтган йил октябр ойида безорилик айби билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда у қамоққа олинди.

Озодлик: Кушодбек Усмоновнинг бирор-бир тарзда сиëсий фаол журналист бўлгани ҳақида маълумотлар борми? Ҳибсга олиш ортида сиëсий сабаблар борми?

Абдураҳмон Ташанов: Энди мен буни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ деб ҳисобламайман. Чунки у янги йил арафасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамиятига мурожаат қилиб¸ маҳаллий қонунбузарликлар ҳақида¸ миршабларнинг қонунбузарликлари ҳақида юқорига – президентга¸ бош прокуратурага кўплаб шикоятлар ëзаëтгани ва шунинг натижасида маҳаллий миршаблар у билан зиддиятга бориб қолганлиги¸ провокация уюштирилаëтганлиги ҳақида айтган эди.

Мен бу иш билан қисман шуғулланиб кўрдим. Ҳақиқатан ҳам миршабларнинг қонунбузарлик ҳолатлари бор.

Ўтган йил уни кўкнори ташлаб¸ қамамоқчи бўлишган. Беш ой давом этган терговдан сўнг айби исботланмасдан¸ озодликка чиқарилган эди.

Озодлик: Абдураҳмон¸ ҳозирги пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган журналистлар ҳақида маълумотлар борми?

Абдураҳмон Ташанов: Энди маҳаллий журналистлар кўп. Шу пайтгача мен ўзим ҳисоблаб чиққанман: 35 та журналист турли йилларда қамалиб¸ жазо муддатларини ўтаб чиққан. Улар асосан таъмагирлик ва порахўрлик деган айбловлар билан қамалган.

Лекин кейинги пайтларда¸ кейинги бир йилда қамоқхоналарда журналистлар деярли қолмади. Ҳозир "Адолат" газетасининг масъул котиби Темур Алиев деган бола қамоқда деб эшитган эдим. У чиққанми ëки йўқми ҳозир билмайман.

Лекин Ғайрат Михлибоев ҳозир Зарафшондаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаяпти¸ дейди Ташанов.

Маркази Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасига кўра¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида олти нафар журналист сақланмоқда.

Булар 1999 йилда қамалган Эрк газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов¸ 2002 йили қамалган "Ҳуррият" газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев¸ 2004 қамалган "Поп тонги" газетаси мухбири Ортиқали Номозов¸ 2006 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида сақланаëтган мустақил журналист¸ президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ва 2008 йилнинг октябрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлардир.

Бу рўйхатга еттинчи бўлиб қўшилиши мумкин Кушодбек Усмонов қатор маҳаллий нашрларда ишлаб¸ нафақага чиққан¸ китоблари чоп этилган ëзувчи ҳамдир.

Унинг рафиқасининг таъкидлашича¸ ўтган йили айнан шу миршаблар унинг уйига кўкнори ташлаб¸ ҳибсга олишган ва тергов даврида айблари тасдиқланмагач¸ озодликка чиқарилган.

Журналистнинг 7 нафар фарзанди бор. У вақтинча Тошкент шаҳрида истиқомат қилаëтган эди.
Просмотров: 921 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей