Пайшанба, 25.04.2024, 00:17
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Январ » 5 » Акмал Саидовнинг сиёсий бўҳтони
22:39
Акмал Саидовнинг сиёсий бўҳтони

Акмал Саидовнинг сиёсий бўҳтони

Абдужалил Бойматов,
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамияти секретариатининг аьзоси, Ирландия.

2008 йилнинг 11 декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг 3 сессиясида (Human Rights Council,Third Universal Periodic Review) кенгаш қатнашчиларинг Ўзбекистонда болалар меҳнати бўйича берган саволларига Ўзбекистон ҳукуматининг позициясини билдириб Акмал Саидов шундай деди:  “Ўзбекистонда ялпи пахта нодовлат секторида етиштирилади. Бу ялпи пахта хусусий секторда етиштирилади.  Шу сабабли Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига ҳеч қандай алоқаси йўқ”.  Ана холос. Агар Акмал Саидовнинг бу гапини Ўзбекистон халқи эшитса, мен каби дарҳол бу фермерларга нисбатан бўхтонку деб юборади.  Акмал Саидов Инсон Хуқуқлари Миллий марказининг раиси сифатида, Ўзбекистон делегациясинг раҳбари сифатида шу гапни тап тортмасдан,  баралла айтди.  Албатта бу Акмал Саидовнинг шахсий фикри эмас,  бу Ўзбекистонни 20 йилдан бери бошқариб келаётган Ўзбекистон президентининг (2000 йилда Ўзбекистон конституцияси бўйича президентлик ваколати тугаган бўлсада) болалар меҳнатига нисбатан сиёсатини айтди.

Ўзбекистон аҳолиси фермерлар ерни шартнома асосида маҳаллий ҳокимиятдан маьлум муддатга ижарага олишини, етиштирилган ҳосилни давлат белгилаган нархда давлатга сотишини яхши билади . Яьни Ўзбекистондаги фермерлар Ғарб мамлакатларидагидай ернинг ва ҳосилнинг эгаси эмас.  Улар оддий ижарачилардир.  Улар фермер эмас.  Бу Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ва дунё халқини лақиллатиш учун ўйлаб топган сиёсий найранги.  Ўзбекистон ҳукумати назорати остидаги радио, телевидение, газета тинмасдан Ўзбекистонда 100 фоиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий секторда етиштирилади деб сайраб келади.

Ўзбекистонда 2008 йил пахта теримига 5,6,7,8,9 синф ўқувчилари бутун республика бўйича (12-16 ёшдаги болалар) икки ойдан кўп вақт давомида пахтага жалб қилинди.  Улар бу вақт давомида мактабларга дарсларга борганлари йўқ. Республикада барча мактаблар Ўзбекистон маориф министрлигига бўйсунади,  маориф министри Ўзбекистон премер министри Шавкат Мирзиёевга, у ўз навбатида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга бўйсунади.

Ўзбекистон фермерлари (аниқроғи Каримов фермерлари) мактаб ўқувчиларини дарсларга боришни тўхтатиб пахта теришга жалб қила олишига ақли роса кишининг ақли етмайди.  Ислом Каримов ўйлайдики дунё жамоатчилигини бу ёлғонга ишонтириш мумкин?  Дунё жамоатчилиги Ўзбекистоннинг дунёдаги энг репрессив 10 та давлатлардан бири эканлигини, айниқса 2005 Андижон воқеаларидан кейин қўли қонга ботган жиноятчи тузум эканлигини яхши билади.

Менинг ўзим хам 3 синфдан бошлаб ( 9 ёшимдан ,1967 йилдан бошлаб) 10 синфни битургунга қадар ҳар йили 2-3 ойлаб пахта теримида қатнашганман.Албатта бу вақт давомида мактабларда дарслар пахтага жалб қилинганлар учун бутунлай тўхтатилган.Пахта теримида мажбуран қатнашиш олий ўқув юртида ўқиб юрганимда (Тошкент Политехника институти), илмий текшириш институда (Ўзбекистон ССР фанлар академиясининг Ядро Физикаси илмий текшириш институти) ишлаб юрганимда ҳам давом этти. Ўша пайтларда мен кўпинча пахта теримига боришдан бош тортганман ва бунинг учун мактаб, илмий текшириш институти маьмурияти томонидан жазоланганман.Бу алоҳида мавзу.

Мана Совет Иттифоқи қулаб, Ўзбекистон мустақил бўлганига 17 йил бўлибдики болалар меҳнатига, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани йўқ.

Дунёнинг ривожланган давлатлари (шу жумладан маьлум даражада СССР) тажрибасидан маьлумки фан, саноат ривожланиши ва халқ фаровонлиги сифатли билимсиз мумкин эмас.Бу борада баҳслашишга, исботлашга ҳожат йўқ.Бу математиклар тили билан айтганда аксиомадир. Мактаб ўқувчиларини, талабаларни 9 ой ўрнига, 5-6 ой таьлим олиши уларнинг билим даражасини (сифатини) кескин камайтириб юборади.Агар пахта терими порахўрлик, корруптсияни авж олишига ҳам катта ҳисса қўшишини ва мактаб ўқувчиларини, талабаларни мажбурий меҳнатга оммавий жалб қилиш орқали уларда ёшликдан қуллик психологияси сингдирилишини ҳисобга олсак болалар меҳнати келажагимиз учун катта тўсиқдир..
Болалар мехнатига,мажбурий меҳнатга бархам бермасдан ёшлар билими сифатини оширишнинг илойи йўқ.Демак, қашшоқликдан чиқишнинг илойи йўқ.
Сифатли билимсиз,фаравон,эркин ва демократик жамият қуриб бўлмайди.
Афсуски,болалар мехнатига барҳам беришдан Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор эмас.
Лекин бу муаммога” Бирдамлик” ҳаракати раҳбариятининг бефарқлиги мени ажаблантиради.

4- январ,2009 йил.

Просмотров: 945 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей