Якшанба, 22.12.2024, 08:00
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Март » 21 » Муътабар Тожибоева 'Жасорати учун' тақдирланди
19:40
Муътабар Тожибоева 'Жасорати учун' тақдирланди

Муътабар Тожибоева 'Жасорати учун' тақдирланди

 

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Муътабар Тожибоева Америка ҳукуматининг 'Жасорати учун' мукофоти билан тақдирланди.

Мукофот Тожибоева хонимга ўтган тунда АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтган маросим чоғида Америка Президенти Барак Обаманинг рафиқаси Мишел Обама ва Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон хонимлар томонидан топширилган.

 Маросим ортидан Би-би-сига берган суҳбатида Тожибоева хоним, "Мукофотнинг айнан ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоли, аёл кишига берилганлиги Ўзбекистон халқининг аянчли тақдири нафақат оврўполикларни, балки Америка ҳукуматини ҳам хавотирга солганлигини исботлаши"ни айтган.

Tожибоева хонимга кўра, "Жасорати учун" мукофотини топшираркан, Ҳиллари Клинтон хоним унга Ўзбекистондаги вазиятдан тўлиқ хабардор экани, шахсий кечмиши билан тўлиқ танишиб чиққанлиги, кўрсатган мардлиги, жасорати учун ўзини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, "Олган барча халқаро мукофотлари нафақат ўзи учун, балки Ўзбекистондаги барча фуқаролик жамияти фаоллари, ўзбекистонлик аёллар учун бир ҳимоя қалқони бўлиб хизмат қилади."

Хорижда 5-6 ой даволаниши ортидан албатта Ўзбекистонга қайтишини билдирган Тожибоева хоним орадаги вақт давомида ўзининг айбсизлигини исботловчи ва Ўзбекистон ҳукуматининг жиноятларини фош этувчи қўлида бўлган барча ҳужжатлар асосида китоб ёзишга қарор қилганлигини айтган.

Бошқалар билан бир сафда

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли билан бирга яна дунёнинг бошқа давлатларидан бўлган етти аёл ҳам мазкур мукофотни қабул қилиб олишган.

Уларнинг орасида Гватемала, Афғонистон, Ироқ, Малайзия, Нигерия, Россия ва Яман давлати вакилалари бор.

"Жасорати учун" мукофотига номзодлар дунёдаги АҚШ элчихоналари томонидан танланган.

Мишел Обама хоним, мукофот соҳибалари қолган аёлларни ўзлари, бир-бирлари ва умуман адолат учун курашга ўргатишини айтган.

"Биз бу ерда мукофот топширган аёллар ўзлари, оналари, қизлари, опа-сингиллари, бувилари ва дўстлари учун туриб бериш йўлида ўз ҳаётлари билан таваккал қилишади. Шундай иш тутиш билан нафақат улар учун, балки оталари, ўғиллари, ака-укалари, боболари ва турмуш ўртоқлари учун ҳам яхшироқ жамиятни барпо этишади," деб айтган Обама хоним.

Америкалик бу икки нуфузли аёлнинг таъкидлашларича, саккизовлон ижтимоий адолатни қарор топтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ўз ҳаётларини хавф остига қўйган инсонлардир.

Учинчи халқаро мукофот

Бу бир йил ичида Ўзбекистондаги норасмий "Ўтюрак клуби" раҳбари Тожибоева хонимга берилаётган учинчи халқаро мукофотдир.

Мўътабар Тожибоева Анжижон воқеаларини қоралаб чиққан ва мустақил текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқларга қўшилганди.

Орадан кўп ўтмай, Тожибоева ҳибсга олинган ва Ўзбекистон маҳкамаси уни таъмагирлик ва туҳмат қилиш дохил, бир қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топаркан, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Қамоқхонада соғлиги ўта ёмонлашган инсон ҳуқуқлари фаоли 2008 йилнинг июнида озодликка чиқарилган.

Ўтган йилнинг декабр ойида Мўътабар Тожибоева Франция Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича "Озодлик, тенглик, биродарлик" мукофоти билан тақдирланганди.

Қамоқ жазосини ўтаётган пайт эса, Тожибоева хоним Инсон ҳуқуқлари фаоллари учун Мартин Энналс (Martin Ennals) мукофотига лойиқ, деб топилганди.

Просмотров: 1476 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей