Шанба, 27.04.2024, 03:33
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Март » 15 » “Мол-мулким Зиромаксга ўтиб кетди”
11:36
“Мол-мулким Зиромаксга ўтиб кетди”

“Мол-мулким Зиромаксга ўтиб кетди”

Сарвар Усмон 14.03.2009

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова рейдерми? Кўрган-кечирганини Озодликка айтиб берган Муҳаммад Довуд аканинг гапига ишониладиган бўлса, бу саволга "Ҳа", деб жавоб беришга тўғри келади.

Муҳаммад Довуднинг ҳикоясини кейинроққа қолдириб, дастлаб "рейдер" тушунчасига тўхталмоқчимиз.

Бу ишни бухоролик тадбиркор аёл Музайяна опанинг ҳикоясидан бошламоқчимиз.

Музайяна опа: 2001 йил мен магазинни ўз акциямга олганман.

Озодлик: Магазин каттамиди?

Музайяна опа: 182,5 квадрат метр жой эди. Бу магазинни мен шеригим билан олган эдим.

Кейин Музайяна опанинг шериги магазиннинг ярмини Бахтиёр исмли йигитга сотиб юборади. Сўнгра Бахтиёр магазиннинг Музайяна опага тааллуқли қисмини ижарага олади.

- “Неча пул берасан?” деб сўрадик. Менинг хўжайиним: “қоғоз-қалам қиламиз” деганларида, у киши “Мен масжид қурганман”, деди ва мен унинг (Бахтиëрнинг – таҳр.) қоғоз-қалам нимага керак, деганларига ишондим. Мен рози бўлиб¸ унга магазинни ҳеч қандай қоғоз-қаламсиз бердим¸ дейди Музайяна опа.

Шундай қилиб, магазин Бахтиёрга "беқоғозу беқалам", яъни ижара тўғрисида расмий шартнома тузилмай берилди.

Йиллар ўтди. Бу йиллар давомида мулкдор билан ижарачи орасида яхши гап ҳам бўлди, ёмон гап ҳам.

Яхши гаплар озайиб, ёмон гаплар кўпайди ва кейинги ойларда мулкдорнинг боши суддан чиқмай қолди.

- Мана ҳозир судга берганимга бир йилу беш ой бўлди¸ дейди Музайяна опа.

Иш судма-суд кўчиб юрди.

- Кейин вилоят судига ўтказишди. Вилоят суди ишни менинг фойдамга ҳал қилди ва у менга қанчадир минг сўм бериши керак бўлди. Вилоят суди буни уч марта қайтадан кўрди ва шаҳар судига ўтказди, дея гапида давом этади Музайяна опа.

Мулкдор ўз магазинини ижарачидан қайтариб олмоқчи. Ижарачи: “Магазинни менга сотасан”, деб талаб қилаяпти.

Озодлик: Бахтиëр сизнинг магазинингизни менинг магазиним деяптими?

Музайяна опа: Биласизми¸ Бахтиëр: “менга сотсин, мен оламан”, деяпти.

Шунақасиям бўлар экан. Мулк меники. Хоҳласам сотаман, хоҳламасам йўқ. Лекин Музайяна опани ана шундай хоҳиш ҳуқуқидан маҳрум қилишаяпти.

Суднинг қарори ҳам ишламаяпти. Чунки...

- Ўртада ўша прокурорнинг ўринбосари бор экан. Бахтиëрнинг укаси ўшанинг шофëри экан. Охирги процессда ўша Ғаниева прокурор бўлиб келган, дейди Музайяна опа.

Демак, укаси прокурорнинг ҳайдовчиси бўлгани учунгина Бахтиёрнинг қўли бу ишда баланд келаяпти.

Тўғри, бу жанжал хусусида томонлардан бирининг талқини, холос.

Лекин, ишни вилоят суди Музайяна опа фойдасига ҳал қилиб бергани шу талқиннинг тўғрилиги исботи эмасми?

Иш узил-кесил ҳал бўлган эмас - ҳозирча.

Шунинг учун Бахтиёр ва унинг ортида турганлар ҳаракатларида рейдерлик аломатлари бор, деб тахмин қилишгина мумкин.

Бахтиёрнинг ўзи эса ўша "рейдер" сўзини билмаса ҳам керак.

Рангин рейдерлик

Рейдер – инглизча сўз бўлиб, тортиб олувчи, деган маънони билдиради. Янаям жўнроқ айтсак, талончилик деганидир рейдерлик дегани.

“Рейдерликнинг ҳам турлари бор”, дейди ўзбекистонлик юрист Шуҳрат Ғаниев.

Озодлик: Хусусий мулкка тажовуз икки хил кўринишда бўлиши мумкин. Биринчиси, оддийгина талончилик¸ оддий классик жиноят – талончилик¸ ўғрилик ва ҳоказо.

Иккинчиси рейдерлик. Рейдерлик бу – ҳужжатлаштирилган талончилик, менинг тушунишимча. Агар бошқача бўлса, шуни тушунтириб берсангиз.

Шуҳрат Ғаниев: Рейдерликнинг ўзининг учта ибораси бор. Булар – оқ, кулранг ва қора рейдерлик.

Оқ рейдерлик ҳозирги пайтда нима дегани? Бу бировнинг мулкининг бошқа биров томонидан қонуний тарзда олиб қўйилиши.

Кулранг рейдерлик – бу қонуннинг нотўғрилиги, қонунда мана шу ибораларнинг камлиги ëки йўқлигини баҳона қилиб, суд томондан бировнинг мулкини олиб қўйиш.

Озодлик: Демак, қонуннинг камчилигидан фойдаланиш.

Шуҳрат Ғаниев: Қонуннинг камчилигидан фойдаланиб, бировнинг мулкига эгалик қилиш.

Қора рейдерлик – бировнинг мулкига тажовуз қилиш ва очиқ-ойдин олиб қўйиш. Ўғрилик деб ҳисобланадиган нарса.

Рейдерлик турлари тўғрисида айтиб бераётган Шуҳрат Ғаниев бу масалани жуда яхши билади. У Ўзбекистонда рейдерлик ҳодисасини ўрганиш мақсадида яқинда махсус тадқиқот ўтган "Ҳозиржавоб гуруҳ" нодавлат ташкилоти аъзоси.

Шуҳрат ака тадқиқот жараёни ва натижалари ҳақида ҳам гапириб берди.

Шуҳрат Ғаниев: Тадқиқотни асосан – Тошкент шаҳрида¸ Фарғона ва Бухоро вилоятида ўтказдик.

Озодлик: Тадқиқотингларни қанчалик илмий дейиш мумкин? Шу ҳодисани қай даражада ўргана олдинглар?

Шуҳрат Ғаниев: Биз, юқорида айтилганидай, Тошкент шаҳри ва иккита вилоятнинг ҳар бирида 50 та мулкдор орасида сўровнома ўтказдик. Биз буни репрезентатив асосда ўтказдик. Бу нима дегани?

Ҳар битта ўнинчи мулкдорни сўровномага қўшиб, ҳаммаси бўлиб 50 та мулкдорни сўровномадан ўтказдик. Мулкдорларимизнинг 37 фоизи қайсидир бир дўконнинг¸ магазиннинг ëки бозордаги дўкончанинг эгаси. 25 фоизи фермерлар. Қолганлари эса кичик мулкдорлар ëки олиб сотувчилар. Буларнинг 50 фоизи аëллар.Ўртача ëши 35-40 атрофида.

Сўровни ўтказган гуруҳ респондентларга “Кимлар рейдерлик қилаяпти?” деб савол берган.

Шуҳрат Ғаниев: Уларнинг 40 фоизи ҳозирги пайтда рейдерлар бу ҳокимият ëки милиция ходимлари, деб ҳисоблар экан. Салкам 35 фоизи рейдерлар қора ишлар билан ишлайдиган категория, деб ўйлаяпти.

Бошқача айтганда, қонунчиликка қарамасдан рейдерлик қиладиганлар, деяпти. Қолганлари эса кулранг рейдерларга ҳисоблаяпти. Оқ рейдер деб ҳеч кимга беришмаган.

Озодлик: Демак, давлат ҳокимияти вакиллари ҳам, милициялар ҳам рейдерлик қилар экан¸ аммо уларники оқ рейдерлик эмас.

Шуҳрат Ғаниев: Йўқ¸ уларники ë кулранг ëки қора.

Шуҳрат Ғаниевнинг илмий гапларини одми тилга кўчирсак, бунинг номи “оддий талончилик” бўлади.

Демак, Ўзбекистонда оқ рейдерлик йўқ. Бори кулрангу қора. Демак, талончилик бор, жиноят бор. Демак, мулкдор ҳимояланмаган.

Хўш, Ўзбекистонда мулкдорнинг мулкини рейдер-талончидан ҳимоя қиладиган қонун йўқми?

Бу саволни "Ҳозиржавоб гуруҳ"нинг яна бир аъзоси, юрист Суҳроб Исмоиловга бердик.

- Таҳлилимиз сўнгида бизнинг келаëтган асосий хулосамиз шундан иборатки¸ бу ерда энг асосий масала биринчи навбатда ҳуқуқий даражада Ўзбекистоннинг ички қонунчилигида рейдерлик даражасининг аниқланмаганлиги. Бизнинг бу хулосамизни биз суҳбат ўтказган ҳуқуқшунослик соҳаси вакиллари¸ хусусан, судялар ва адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда прокуратура ходимлари, уларнинг баъзилари аноним тарзда қатнашди¸ ҳам тасдиқлашди.

Ваҳоланки, тушунча бўлмагандан кейин шу ҳолатнинг ҳужумига тушиб қоладиган ўрта ва кичик тадбиркорлик вакилларининг қонун тарафидан ҳеч қанақа ҳимояси бўлмайди. Бу битта масала.

Иккинчи масала шундаки¸ фараз қилинг, бирор-бир тадбиркор ëки мулк эгаси рейдерлик ҳужумига дучор бўлди ва у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзи ëки малакали юристнинг ëрдамига таянган ҳолда суд ëки бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаяпти. Бу ерда иккинчи даражадаги ҳуқуқ бузилишлари бошланади.

Қонун йўқлиги биринчи даража бўлса, бу ерда иккинчи даража ҳуқуқ бузилиши амалиëтда бошланади. Чунки бизда жуда ҳам тушунарсиз бўлган¸ якуни йўқ бўлган жараëнлар¸ албатта хўжалик суди жараëнлари ва фуқаролик масалалари бўйича фуқаролик судлари жараëнлари ҳисобланади.

Биз амалиëтда шунақа ишларни кўп кўрганмизки, битта тараф агар даъвогар тараф бўлса, энг сўнгги поғонагача ўзининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб борди.

Қарийб ҳамма поғонада суд тарафидан қарор ëки ҳукм унинг фойдасига чиқарилган ва ўша жавобгар тарафнинг битта норозилик аризаси бўйича ëки прокуратура ходимининг протест орқали аралашуви натижасида иш ўша поғонадан биринчи поғонага қайтиб келиши мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Худди шу ўринда гап аввалида танишганимиз бухоролик Музайяна опанинг ишини эсланг. Унинг иши ҳам вилоят суди даражасида ижобий ҳал бўлган, бироқ прокуратура ходимининг битта протести билан опа ўз мулкини қайтариб ололмаяпти.

"Ҳозиржавоб гуруҳ" ташкилоти ўтказган сўровни, агар таъбир жоиз бўлса, "ўртаҳол рейдерлик", вилоятларда тез-тез учраб турадиган ҳодиса юзасидан тадқиқот, дейиш мумкин.

Лекин халқ орасида юрадиган гаплардан Ўзбекистонда юқори лавозимли амалдорлар рейдерлиги ҳам бор, деб тахмин қилиш мумкин.

Шунинг учун Cуҳроб Исмоиловдан сўрадик:

Озодлик: Юқори даражали рейдерлик масаласини ҳам ўргандингларми? Агар шундай деб аташ мумкин бўлса...

Cуҳроб Исмоилов: Юқори даражада кетаëтган рейдерлик масалаларини биз инкор этмаймиз. Ҳақиқатан ҳам бунақа воқеалар рўй бераëтганини у ëқ-бу ëқдан¸ баъзан ишончли манбалардан эшитиб қоламиз. Лекин шу масала бўйича таҳлиллар ўтказмаганмиз.

Чунки рейдерлик бўйича бизнинг охирги чиқарган таҳлилимизда асосий фактлар шу кундалик даражада вилоят, туман ëки шаҳарлар доирасида кечаëтган ҳамда кўпроқ ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган¸ шуларга бир ҳужум қилиб қаратилаëтган рейдерликка тегишли масалаларни ўргандик биз фақат.

Чунки биз таҳлилимизнинг бошида фикр келтирганмизки¸ Ўзбекистонда ҳозир халқ хўжалигининг ëки иқтисодиëтнинг катта-катта соҳалари, айниқса, давлат бюджетини ташкил этувчи соҳалар, масалан, пахта саноати, нефт ва газ бойликларини қайта ишлаш саноати, олтин ишлаб чиқариш саноати аллақачон ўз эгаларини топган.

Ўзбекистонда бу нарсаларнинг кимга тегишли эканлиги ҳақида халқда ҳеч қандай хабар йўқ. Шунинг учун биз ўз таҳлилимизда бунақа масалаларга атайлабдан тегинмадик. Чунки бу ҳақда бизнинг қўлимизда фактларимиз ҳам йўқ.

Биз шунақа фикр келтираяпмизки, бунақа рейдерлик Ўзбекистонда мустақилликдан кейин - 90-йилларнинг бошида бўлган, яъни ҳар бир соҳа ўз эгасига тегишли қилиб, тақсимлаб олинган. Агар бу нарса, яъни рейдерлик Ўзбекистонда катта масштабда кутилаëтган бўлса, буни фақатгина сиëсий тузум ўзгаргандан кейингина кўриш мумкин.

Энди эса мақола бошидаги "Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова рейдерми?" деган саволнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Суҳбатдошимиз – аждодлари ўзбекистонлик, ўзи Афғонистонда туғилган, мустақиллик даврида Ўзбекистонга келиб бизнесини юритган, 2000 йилнинг буёғида 7 йилни Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган, шу кунда Саудияда яшаётган Муҳаммад Довуддир.

Озодлик: Муҳаммад Довуд ака, демак, Ўзбекистонда сизнинг мулкингиз бўлган. У қанақа мулк эди? Гапни шундан бошлайлик.

Муҳаммад Довуд: Бу менинг шахсий мулким бўлган. Менинг шахсий заводим бўлган. Камида олти-еттита участкам бўлган. Олти-еттита домларим бўлган. Магазинлар очганман.

Озодлик: Заводингиз қанақа завод эди? Нималар ишлаб чиқарардингиз?

Муҳаммад Довуд: Тайëр сут маҳсулотини олиб, биз ундан қатиқ, қаймоқ чиқарардик.

Озодлик: Бу нечанчи йиллардаги гап?

Муҳаммад Довуд: Мен буни 1995 йилдан бошлаганман.

Озодлик: Мулкингизни қачон йўқотиб қўйдингиз?

Муҳаммад Довуд: 2001 йилда.

Озодлик: Мулкингизни ким ва қандай қилиб тортиб олди?

Муҳаммад Довуд: Ислом Каримов, унинг қизи Гулнора Каримова ҳамда уларнинг қудалари Мансур Мақсудий, Фарид Мақсудийлар ўртасида жанжал чиқади. Бу улар ўртасидаги шахсий жанжал эди. Ўртада қанақа жанжал чиққанини уларнинг ўзлари яхши билишади.

Кейин булар бизни қамашди. Гулнора Каримова бизни қамоққа олди. Чунки биз буерда бозорларни қуришда Мақсудийга озгина ëрдамлашган эдик. Шу туфайли бизни “Мақсудийнинг қариндоши” деб қамашди. Биз етти йил қамоқхонада қолдик.

Етти йилдан кейин қамоқхонага Ўзбекистон ички ишлар вазири ва Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари келиб: “60-70 та қоғоз бор, шу қоғозларга қўл қўясиз”, деди. Бу қоғозларнинг ҳаммасига Зиромакс (Zeromax – таҳр.) деб ëзилган эди. Бу ҳам инглиз тилида, ҳам рус тилида ëзилган эди.

Ўқишга рухсат беришмади. “Фақатгина қўл қўясан. Сенинг ҳақларингни фақатгина қариндошларинг тўлайди. Бу томондаги ҳамма нарсалар Зиромаксга қолади”¸ дейишди. Бундан ташқари, иккита катта участкам бор эди. Бу участкалар менинг аëлим Лайло Эшон Баҳодир қизининг номида эди.

Усмон Носир кўчасидаги домим эса ўғлим Аҳмад Муҳаммад Довуднинг номида эди. Буларни ҳам улар тортиб олишди. Мен буни билганим йўқ. Мен қамоқхонада ўтирган пайтимда: “сенинг мулкинг фалонча пулга мусодара бўлди”, деган қоғоз ҳам келмади.

Озодлик: Муҳаммад Довуд ака¸ қаранг, сиз: “Мени Гулнора Каримова қамади” деб айтаяпсиз. Бу жуда кучли гап. Муштарийни бу гапнинг ростлигига қандай қилиб ишонтира оламиз?

Муҳаммад Довуд: Сабаби, буни ҳамма билади. Интернетни очсангиз, бу жанжалларнинг ҳаммаси бор.

Озодлик: Сиз айтаëтган мулклар шу кунда кимга ўтиб кетди?

Муҳаммад Довуд: Менинг билишимча, ҳаммаси Зиромаксга¸ Гулнора Каримовага ўтиб кетган.

Озодлик: Сиз: “Каримовлар ва Мақсудийлар оиласи орасида жанжал бўлди, шундан кейин менга босим бошланди ва мен мулкимни йўқотдим”, деяпсиз. Бу жанжалга сизнинг нима алоқангиз бор?

Муҳаммад Довуд: Мен Абдурауф Мақсудийга жиян бўламан. Унинг опасининг ўғли бўламан. Шу сабабдан улар мени сиқувга олишди.

Озодлик: Сиз: “қамалдим”, деяпсиз. Сиз Ўзбекистон турмасида ўтирдингизми?

Муҳаммад Довуд: Ҳа. Мен биринчи 10 ойча МХХда ўтирдим. Кейин Тоштурмада ўтирдим. Олти ой Бекободга олиб бориб қўйишди. Кейин Навоийдаги 29-зонада беш йилча ўтирдим.

Озодлик: Сизни қандай жиноятда айблашди?

Муҳаммад Довуд: Мени жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, 184-, 188-¸ 189- ва 234-моддалар билан айблашди. Бир марта суд қилиб, 15 йил беришди. Кейин яна бир марта суд қилишди ва бир йил қўшиб, 16 йил қилиб беришди.

Мен қамоқдан чиққанимдан кейин Гулнора Каримованинг Зиромакс ширкати мени Жип (Jeep – таҳр.) машинасида Кобулгача олиб бориб қўйди. Кобулда мени Мақсудийнинг одамига топширди
Просмотров: 1185 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей