Жума, 19.04.2024, 16:08
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 25 » Ўзбекистон расмийлари машҳур Livejournal.Com блог-сервисига йўлни тўсиб қўйдилар
19:28
Ўзбекистон расмийлари машҳур Livejournal.Com блог-сервисига йўлни тўсиб қўйдилар

Ўзбекистон расмийлари машҳур Livejournal.Com блог-сервисига йўлни тўсиб қўйдилар

Ўзбекистон Инетернет-провайдерлари 19 февраль куни ўз истеъмолчиларини бутун дунё блоггерларининг ҳамжамияти – “Жонли журнал”га йўлни тўсиб қўйдилар.

Қайд этиш жоизки, “Жонли журнал”нинг Ўзбекистон ҳудудидаги блокировкаси деярли “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига вирусли ҳужум билан бир вақтнинг ўзида бошланган. Бу ҳужум оқибатида серверимиз деярли бир кеча-кундузга ишдан чиққан.

Бу икки воқеа ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўққа ўхшайди. Аммо “Жонли журнал” га киришга йўлнинг тўсилиши билан сайтимизга ҳужумнинг сабаби битта бўлишининг эҳтимоли мавжуд.

18 февраль куни сайтимизнинг бош саҳифасида Livejournal.com сайтида жойлашган москвалик фотосуратчи Виктор Борзихнинг саҳифасига ишоратини жойлаштирган эдик. Шу билан биз сайтимизнинг кўплаб муштарийларини тошкентлик тадбиркор ва жамоат арбоби Салим Абдувалиевнинг шахсий ҳаёти билан таништирувчи, қизиқарли ҳамда юқори савияда бажарилган фоторепортажи билан таништирмоқчи эдик.

Салим Абдувалиев
Салим Абдувалиев. Виктор Борзих © Фотосурати

Тошкент бўйлаб доим тансоқчилари кузатувида айланиб юрадиган ва махсус буюртма асосида тиктирилган пойафзалларининг тагчармида шахсий гербларини намойиш этадиган Салим Абдувалиевнинг фотосуратлари 2004 йилда “Жамият элитаси” журнали учун Виктор Борзих томонидан туширилган.

Биз Виктор Борзих билан телефон орқали бойланишдик. У бизга бу суратларнинг Тармоқда чоп этилишига Салим Абдувалиев қарши бўлмаганини айтди. “Агар унга ёқмаганида, буни менга дарҳол айтган бўларди. Мен ҳеч иккиланмай суратларни олиб қўярдим”, - дейди сураткаш.

Виктор Борзих “Жонли журнал”нинг Ўзбекистонда блокировка қилинишига фотосуратларининг алоқаси йўқ деб ҳисобламоқда. “Ўзбекистонда киши ақли бовар қилмайдиган нарсаларнинг содир бўлиши мумкинлигига тушунаман, аммо инсоний нуқтаи назардан олиб қараганда у ерда ҳеч қандай нотўғри ишлар бўлмаган... Мен бўлган нарсаларни ёздим, холос. Барчаси сиёсий одоб доирасида”.

Шунга қарамай, москвалик сураткаш нуқтаи назаридан сиёсий жиҳатдан одоб доирасидан чиқмайдиган иборалар Ўзбекистонда мутлақо бошқача қабул қилиниши мумкин. Виктор Борзих ўзининг блогида “Салим Абдувалиев сиёсий ва молиявий истеблишмент орасида сезиларли обрўга эга, президент Каримов, Ғофур Раҳимов қаторида Ўзбекистондаги энг нуфузли учликка кирган”. деб ёзган. Айнан шу сўзлар Ўзбекистон давлатининг раҳбарларини ва айниқса мамлакат президентини ҳамда унинг яқинларини қаттиқ ғазабга солган бўлиши мумкин. Улар ҳеч қачон ўзларининг обрўларига бировни шерик қилишни истамайдилар.

Тошкентлик нуфузли шахснинг очиқ-ошкора фотосуратлари кимнидир ғазаблантирган бўлса ҳам, биз жаноб Абдувалиевнинг сайтимизга хакерлик ҳужумини уюштирган ва “Жонли журнал”ни тақиқлашни талаб қилган деган фикрдан йироқмиз. Номи ошкор бўлишни истамаган тошкентлик таниқли сиёсатшунослардан бирига кўра, “фотосуратларнинг чоп этилишидан расмийлар ғазабланган бўлишлари мумкин”. “Сизлар Салимбойга шундай пиар қилиб бердингизки, бу ҳақда олий мартабали шахслар фақат орзу қилишлари мумкин, холос”, - дейди суҳбатдошимиз.

Виктор Борзихнинг шарҳларидан яна битта ибора: ”Салим Абдувалиев жуда ҳам ақлли ва меҳмондўст одам экан. У ўз атрофидагиларга ҳамда мен билан жуда кўп давлатманд одамларга нисбатан нуфузининг баландлиги билан ажралиб туради”. Бу сўзлардан Салим Абдувалиевнинг атрофидаги шахслар ҳамда Тошкентнинг бошқа давлатманд одамлари ҳафа бўлиши ҳеч гап эмас.

Ўзбекистонлик аноним сиёсатшуноснинг қайд этишича, Тошкентдаги расмий идораларида “Салим Абдувалиевнинг рақиблари етарли даражада кўп, улар бундай ҳолатдан хасадга келишлари ҳеч гап эмас”. Бундан ташқари, “бой отанинг ҳаётини акс этувчи кадрлар” Ўзбекистондаги ҳаёт борасида муайян жамоатчилик фикрини шакллантиради, ҳукумат ва режимнинг расмий ташвиқотчилари уринаётганидан бошқачароқ тасаввур яратади.

Ҳақиқатдан ҳам расмийлар мустақил Ўзбекистоннинг “ижобий” образи борасида қаттиқ қайғурадилар ва шунинг учун ҳам улар маҳаллий матбуотни қатъий назорат остига олганлар. Боз устига, улар қўлларидан келганича жаҳон оммавий ахборот воситаларига танқидий ёки мамлакатни бадном қила оладиган материалларнинг ўтиб кетишига тўсиқ ўрнатишга уринадилар.

Ўзбекистонда Интернет тўлалигича давлат назорати остида, маҳаллий провайдерларнинг аксарияти “Катта Интернет” билан алоқаларини фақат “Ўзбектелеком” акционерлик жамияти орқали амалга оширадилар. Мамлакатдаги махсус хизмат идоралари оммавий ахборот воситаларини ёппасига цензура қиладилар ва веб-контентни ялпи фильтрациядан ўтказадилар.

Сўнгги бир неча йил давомида (айниқса Андижондаги фожеавий воқеалардан сўнг) ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар бир неча юзлаб мухолифатдаги веб-ресурслар, мустақил оммавий ахборот воситаларининг сайтларидаги материллар билан таниши имкониятидан маҳрум бўлганлар. 2005 йил баҳоридан бошлаб Россия Матбуот ва ахборот вазирлигида расман рўйхатдан ўтган “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги саҳифаларига ҳам йўл беркитиб қўйилган.

http://uzbek.ferghana.ru/article.php?id=1354


Просмотров: 892 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей