Якшанба, 22.12.2024, 13:13
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 15 » Саиджаҳон Равоний:НАВОИЙ ЗИЛОЛ ХАЁТБАХШ ЧАШМА
22:33
Саиджаҳон Равоний:НАВОИЙ ЗИЛОЛ ХАЁТБАХШ ЧАШМА

Саиджаҳон Равоний:НАВОИЙ ЗИЛОЛ ХАЁТБАХШ ЧАШМА

(тахлил ва тавсиф, буюк шоир ва мутафаккирнинг таваллуд куни муносабати билан, ва каламкаш дўстимиз Дилмурод Саййид навоийхонлик ташаббусини қўллаб)

 

Буюк аждодимиз, шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий, қарийб 6 асрдир-ки, ўзининг ғазаллари ва достонлари билан дунё ахлини мафтун этиб келмоқда. Унинг серқирра ижоди ва сермазмун хаёти хақида бехисоб рисола ва китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Бу борада, албатта, биринчи гал Ойбек, Суйима Ғаниева, Мақсуд Шайхзода, Лазиз Қаюмов, Натан Маллаевлар ардоғ ила тилга олинишлари даркор. Шак-шубхасиз бу забардаст каламкашлар - навоийшуносларнинг пешволаридир.

 

Улардан кейин яна ўнлаб ва юзлаб каламкашлар Навоий хақида ёзганлар ва ёзмоқдалар. Навоийшунослик мустақил фанга айланган бир сохадир-ки, унга оид бир нима ёзиш ўта маъсулиятли ва ўта мураккаб иш. Буни хис қилган холда, мен бирор нарса ёзишга хеч журъат қилолмас эдим. Лекин бир хавасманд шоир ва оддий бир навоийхон сифатида ўз фикримни айтишга хақлиман-ку, деган ўй менда нихоят устун келиб, ушбу иншони ёзишга журъат этдим.

 

Пироварда айтмоқчи бўлган фикрим шуки, Навоий зилол хаётбахш чашма. Уни хеч ким ва хеч қачон лайқалатолмайди. Фикрим тушунарли бўлиши учун, аввало, Навоий қандай инсон бўлганлигини ифода этувчи унинг ғазалларидан бир қатор байтларни тахлил этсак, мақсадга мувофиқдир. Шундай ғазалларнинг бири қуйидагича бошланади:

 

Вафо ахлиға даврондин етар жавру жафо асру,

Жафосидин анинг озурдадур ахли вафо асру.

 

Буким, ахли вафо ноёб эрурлар ондин эканким,

Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру.

...,

яъни, итоатгўй халққа замондан жуда кўп жабр-у жафо етмоқда, замоннинг жафосидан итоатгўй халқ жуда озор чекмоқда, ушбу итоатгўй халқнинг ювош одамлари шундай ноёб эканлар-ки, бу эски тоғ уларга қайта-қайта бало ёғдирмоқда.

 

Бу ғазалнинг 6 байтида шоир:

...

Ризо ахлин сиёсат тиғидин қўрқитмағил, эй шох,

Ки қатлингдин сенинг қўрқарға ўлмайдур гадо асру

...,

яъни, ишонувчан халқни сиёсатнинг тиғи билан қўрқитмагин, эй хукумрон, қатлингдан гадо жуда хам қўрқавермайди, деб ёзмоқда. Бу ғазалга мазмуни уйқаш бошқа ғазалини эса, Навоий шундай деб бошлайди:

 

Шохнинг мунглуғ мушаввашлар била не нисбати?

Қомронларнинг балокашларға қайдин улфати?

 

Улки қахр этса қиличидин дамодам қон томар,

Бағридин қон томғучилар бирла не жинсияти?

...,

бу дегани, мунгли, ташвишли кишилар билан шохнинг нима иши бор, ишлари юришганлар ғам-қайғу чекувчиларга қайдан дўст бўлсин, ғазабланганда қиличидан дам-бадам қон томган киши, юрак-бағри қон кишилар билан хамжинс бўлармиди.

 

Ғазалнинг 4-5 байтларида эса:

...

Дахр қилғондин яланг бошини тенг туфроқ ила,

Не хабар улким, етар гардунға тожи рифъати?

 

Мўр аёғ остида ўлгандин қачон топқай вуқуф,

Арслонким, кўкка чирмашқай ғириви шавкати? 

...,

яъни, мухит тупроқ билан тенг қилган ялангбош камбағолнинг холидан, тожининг мартабаси осмонга чиққан киши қайғурармиди, довруғи кўкка кўтарилган арслон ўзининг оёғи остида чумолининг ўлиб кетганидан воқиф бўлармиди, демоқда Навоий.

 

Яна бир ғазалини у:

 

Ул шайхки минбар уза афсунга берур тул,

Шайтондур ўзи, мажлисин ахли сурук ғул.

 

Ғафлатдин агар ваъз ила уйғотсалар элни,

Ул айлар уютмоқ учун афсонаға машғул.

...,

яъни, бу шайх минбардан афсоналар (лофлар) чўзади, ўзи эса бир шайтон, унга кулоқ солганлар ёввойи тўда, элни ваъз ила ғафлатдан уйғотсалар, у афсоналар билан элни ухлатишга интилади, деб, бошлайди, ва:

...,

Иблис сифат эл сари майл этма, Навоий,

То бўлмағайсен зақру риё қайдида мағлул.,

 

яъни, иблис фазилатли одамларга қўшилма, Навоий, ёлғон ва иккиюзламачиликка кишанланиб қолмайсан, деб якунлайди. Бундай ижтимоий ва сиёсий мазмундаги байтларни яна юзлаб мисол келтириш мумкин. Лекин Навоийнинг девонларининг асосини лирик ғазаллар ташкил этади. Мисол учун:

 

Эй насими субх, ахволим дилоромимға айт,

Зулфи сумбул, юзи гул, сарви гуландомимға айт.

...,

яъни, эй тонги майин шабода, ахволимни дилоромимга айт, сочлари сумбул, гул юзли, қадди гулдек гўзалимга айт, деб, ёзилган, ёки,

 

Гул сочар ел боғ аро, сарви равоним келдиму,

Жон иси гулдин келур, ороми жоним келдиму.

...,

яъни, шабода боғ ичра гуллар хидини сочар, чиройли юрувчи сарви бўйлигим келдиму, гулдан хаётбахш хид келур, жонимнинг ороми келдиму, деб битилган каби ғазалларни Навоий юзлаб яратган. Уларга тўхталиб тахлил килишга, камина етарли вакт ва етарли билимга ега эмасдир. Юқорида келтирилган мисоллар эса Навоийнинг истеъдоди ва санъатини ифодалаш учун эмас, балки, уни қандай инсон эканлиги хақида тасаввур хосил қилиш учун келтирилди.

 

Бир қарашда Навоий мураккаб ва тушуниш қийиндек туюлса-да, унинг атига бир-икки ғазалини қунт билан ўрганиб чиқилса, унинг асарларини ўқиш осон ва мароқли машғулликка айланиб, хар бир ўқувчи қуйидаги умумий хулосаларни чиқаради:         

 

Навоий ўз замонасининг жасоратли курашчиси бўлган. У адолатсизлик, зўравонлик ва шафкатсизликка қарши, мафқуравий курашган. Асарларидаги лирик қахрамон Навоийнинг ўзи бўлиб, у гўзал сўз ва такаллуф билан, эътироз ва шикоят билан, кези келганда, жасорат ва матонат билан жафокаш халқни химоя қилган.

 

Юқоридаги байтларни бежиз мисол келтирмаган эдим. Эътибор беринг, Навоий тўғридан тўғри хукмрон доираларни қоралаб, оддий халқни химоя қилиб чиқмоқда. Оддий халққа замондан, яъни, замонни бошқарувчи тоифалардан жуда кўп жабр-у жафолар етаётганлигини, итоатгўй халқ узлуксиз озор ва мусибатда сақланаётганлигини тўғридан-тўғри гапирмоқда.

 

Бу итоатгўй халқ ноёб ва бебахо бўлишига қарамай, бу эски тузум унга қайта-қайта турли кулфатлар ёғдираётганлигини гапирмоқда. Шон-шавкати ва тож-тахти билан мағрурланиб кетган золим подшолардан ғазабланиб, азоб ва машаққат чекаётганларга бефарқ амалдорлардан ранжимоқда, чумолидек оёқ остида хор-зор бўлган кишиларга ич-ичидан ачинмоқда.

 

Яна қўшимча қилиш мумкин-ки, вазир лавозимга эга бўлишига қарамай, Навоий “сарой шоири”, яъни, маддох хам бўлмаган. Мутакаббир ва шафқатсиз подшох сиймосини Навоий ўз асарларида яксон қилиш даражасида жасорат билан қоралайди: ”... Улки қахр этса қиличидин дамодам қон томар, Бағридин қон томғучилар бирла не жинсияти?..”, деб, ёзгани бунга шаксиз мисолдир.

 

“...Буким, ахли вафо ноёб эрурлар ондин эканким, Бу эски тоқ аларға ёғдурур гарди бало асру...”, деб, ёзилган бошқа байтда, золим подшох сиймоси бир мунча панада бўлса-да, шоирнинг норозилиги, айнан подшохга йўлланнилган. Чунки, эски тоқ, деб, Навоий хукумрон тузумни, яъни, хокимиятнинг эхромий тузилмасини назарда тутган.

 

Каранг, Навоий замонида хам жохил ва риёкор диндорлар хам бўлган экан. Улар хам жасадларини содда халқнинг елкасига ортиб, мазахўрак яшаганлари келиб чиқмоқда. Уларни Навоий аяб ўтирмай иблис сифат эл демоқда. Чунки, улар чин маърифатга йўл бермай, халқни ғафлатда, бу билан эса, халқни қашшоқлик ва қулликда сақлашга кучли омил бўлишган.

 

Ажаб-ки, Навоийнинг асарларидаги ситамдийда оддий халқ сиймоси кўрсатмоқда-ки, ўша замонлардаги аждодларимиз хам, худди бугунги биз, ўзбек халқидек, ўша замонда хам итоатгўйликда бир ноёб халқ бўлган экан. Бундан биз мулзам бўлмаслигимиз керак. Бу бизнинг мустахкам иймон-эътиқодимиздан келиб чиқувчи, юксак ижобий бир фазилатимиздир. Бундан биз фахрланишимиз керак. Зеро, хукмронларнинг яхшиси хам, ёмони хам  келади, кетади, ноёб халқ эса абадий ва боқий!

 

Лекин хамма нарсанинг, жумладан, сабр-тоқатнинг хам чегараси борлигини хам унутмаслигимиз керак. Хар бир инсон ўзини, пировардда эса, хар бир халқ ўзини химоя қила билиши даркор, ва биз хам бундан мустасно эмасмиз. Холбуки, шундай экан, биз химоянимизни, аввало ўз миллий қадр-қимматимизни, миллий иззат-шаънимизни химоя қилишимиздан бошалимиз керак.

 

Хозир мен, хуқуқ химоячиси, мухолифатчи ва бир хавасманд шоир сифатида, миллий ифтихоримиз бўлмиш Алишер Навоийнинг шаънини химоя қилишга зарурат мавжуд десам, таажубланишга шошмасдан туришларингизни илтимос қиламан.

 

Аслида, Навоий шу қадар умумжахон миқёсда буюк тарихий шахс-ки, умуман у химояга мухтож хам эмас. Бу ерда Навоий тимсолида ўзимизнинг бугунги миллий шаънимизни химоя қилишга зарурат мавжудлиги хақида сўз юритмоқдаман. Муаммо қайсидир амалий харакатларни зудлик билан амалга оширишликни такозо этмайди. Лекин биз шундай муаммони мавжудлигини эътироф этишимиз даркор.

 

Гап шанда-ки, шўро тузуми ўзининг тарғибий манфаатларида Навоийнинг номинидан ноинсофларча фойдаланиб келди. Навоий ўзининг даврида адабий хисобланган форсийда эмас, масхара ва танқидда бўлган туркийда ижод қилишидан мақсади, оддий халққа яқин ва тушунарли бўлиш эди. Келажак авлодларга эса ўзининг ижодий меросига, уни ўрганишга ва ундан фойдаланишга қийинчиликлар қўшиб қолдирмаслик эди. Шўро тузуми буни яхши билган холда, Навоийни халқдан узоқлаштиришга интилди.

 

Лекин буни шўро тузуми Навоийни таъқидлаб, унинг номини халқнинг хотирасидан чиқариш билан амалга оширмади. Аксинча, Навоийнинг номи санамлаштирилди. Бунинг, бир хиссада ёмон жойи йўқ, аксинча, жуда хам яхши. Шахар ва қишлоқлар, театр ва сатъат саройлари, ўқув масканлари ва истирохат боғлари, кўча ва хиёбонлар Алишер Навоий номи билан аталди, унга юзлаб ёдгорликлар ўрнатилди. Бундан биз фахрланамиз ва бунга Навоий минг марта муносибдир.

 

Лекин биз Навоийни ўзини, яъни, унинг ижодини дуруст билмаймиз. Масанлан, руслар Пушкинни билганчалик, ёки инглизлар Байронни билганчалик, биз Навоийни билмаймиз. Мен анчадан бери ён атрофдагиларимдан ва учрашган таниш-билишларимдан Навоийдан бирор нарса ўқиб беришни сўраб юрибман. Натижа жудаям қоникарсиз, азизлар. Бунинг сабабларини ўрганишга киришган эдим, қуйидагилар маълум бўлди:

 

Шўро тузуми Алишер Навоийни ўзбек халқига, қўпол қилиб айтганда, қип-қизил коммунист қилиб кўрсатиб келган экан. Беш юз йил аввал яшаб ижод қилган Навоий, худди-ки, айнан шўролар ўрнатган тузумни орзу қилган экан эмиш. Навоий хақида 1948 йили яратилган бадиий фильм, гарчи, умумжахон мазмунга эга киноасар деб, эътироф этилиб, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган бўлса-да, бу, аввало, Навоийнинг ўзи ўта буюк тарихий шахс бўлганлигидан, кейин эса, фильмни яратган ижодкорларнинг мехнати ва махорати туфайли амалга ошган деб, айтиш мумкин. Лекин фильмнинг умумэътирофи, асло унинг мазмунидан эмас.

 

Охирги марта фильмни кўрганимга кўп йиллар бўлгани боис, бир оз ноаниқлик билан изохласам айбга буюрмайсиз: Фильмнинг бир лавхасида Навоий қўзғолон кўтарилган шахарга бориб, оломоннинг талаби билан (адашмасам) шахарнинг амирини қатл этишга буйруқ беради. Яна бир лавхада, султон Хусайн Бойқарога мунажжим, Мирзо Ёдгорга қарши уриш қилишга хозир қулай вақт эмас деб, башорат қилиб турган пайт, Навоий баркашда Мирзо Ёдгорнинг кесилган бошини олиб келтиртириб, “Башоратингизни энди мана бу каллага қилинг”, дейди.

 

Бу икки лавха Алишер Навоийнинг маънавияти ва фазилатларига мутлақо тўғри келмайди. Бу икки лавха ва фильмдаги хуфия тарғибий мохият билан, минглаб инсоларни қатл этган, миллионлаб кишиларни қатағон қилган шўро тузуми Навоийни ўзига шерик қилиб олмоқчи бўлмоқда. Буни қасддан содир қилинган жиноий харакат, деб, бахолаш хам мумкин.

 

Масалан, Ойбек домланинг “Навоий” романида оломоннинг олдида “халқ душманини” қатл қилиш хақида Навоий буйруқ берган жой умуман йўқ. Мирзо Ёдгорга оид лавха эса куйидагича ёзилган:

 

“... Навоий бошлик, Бобоали ва бир даста йигитлар Мирзо Ёдгорни судрашиб тепадан туширишди-да, Хусайн Бойкаронинг отининг оёги остига ташладилар... у қўлларини кўксига кўйиб турарди, кўзларида қандайдир қўрқув бор эди...”. 

 

Алексей Спешнев, Виктор Шкловский, Иззат Султанов ва Уйғун ёзган киносценарийда эса Мирзо Ёдгорнинг ўлими бутунлай бошкача тасвирланган. Холбуки, “Навоий” романини яратган Ойбек домланинг киносценарийга хеч қандай дахли йўқ бўлиб чиқмоқда, ва имоним комил-ки, фильмини кўрганда, Ойбек домла жуда қаттиқ диққат бўлган бўлсалар керак.

 


АНДИЖОН

9.02.2009

Просмотров: 1391 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей