Якшанба, 22.12.2024, 13:01
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 11 » Қўшмачининг бозори чаққон...
00:08
Қўшмачининг бозори чаққон...

Қўшмачининг бозори чаққон...

Хорижда фоҳиша сифатида қўлга тушиб¸ ўз юртига депортация қилинаëтган

ўзбекистонлик қизларнинг кўпи¸ ўзларининг алдов қурбони бўлишганини гапиришади.

Нодира 10.02.2009

Деҳли полициясининг Ўзбекистондан бориб, қўшмачилик ва фоҳишалик қилаётган ўзбек аёлларини қўлга олгани ҳақдаги хабар¸ бу муаммо илдизининг тобора чуқурлашаëтганидан берилган яна бир мужда бўлди.

“Sify-news” интернет нашри хабарига кўра, Ўзбекистон, Туркманистон, қирғизистонлик қиз-жувонларларни “модел, дизайнер, косметолог бўласиз”, дея алдаб, Ҳиндистонга олиб бориб сотган Интизор Имомова 2005 йилда ишчи виза билан Ҳиндистонга борган.

Имомова¸ асосан, россиялик аёлларни Ҳиндистонга келтириб сотган ёхуд фоҳишаликка жойлаб юрган жиноий гуруҳлар билан тўрт йил ичида тил топишиб, каттагина бизнесни йўлга қўйган. Бу бизнесда унга ҳиндистонлик қонуний эри — такси ҳайдовчиси Ранжеш ҳам ёрдам берган.

Интизор Имомова ўтган йилнинг 21 декабрида қўлга олинган ва унинг ёнидан Ўзбекистон, Россия фуқароларига тегишли кўпгина паспорт топилган. Айни пайтда унинг ҳиндистонлик эри ҳам ҳибсга олинган.

Деҳли полициясига таяниб, “Sify-news” интернет нашрининг яна хабар қилишича, Интизор Имомованинг Лайло ва Умида исмли опа-сингил ҳамкорлари ҳам бор. Бу ҳамкорлар шу кунларда Россия ва Марказий Осиёдан қизларни топиб, уларни алдов йўли билан Деҳлига олиб келиш билан шуғулланмоқда. Ҳинд полицияси уларни қидирмоқда.

Деҳли шаҳри полицияси расмийси бу маълумотларни тасдиқлар экан, “Ўзбекистон фуқаролари томонидан бундай жиноят содир этилиши тез-тез учраб турадими”, деган саволимизга шундай жавоб берди:

- Ўзбекистон фуқаролари томонидан бизнинг мамлакат ҳудудида одам савдоси билан шуғулланиш ҳоллари жуда кам учрайди. Бу жиноят қурбонлари орасида ҳам айнан Ўзбекистон фуқаролари у қадар кўп эмас. Аммо, сиз тилга олган иш бўйича матбуотда эълон қилинганидан ортиқ маълумот бера олмаймиз, ҳозирча, деди Деҳли полицияси расмийси.

Гарчи Деҳли полицияси учун ўзбекистонлик аёлларнинг бу давлатда қўшмачилик қилаётгани, ёш-ёш қизларни алдов йўли билан олиб бориб сотаётгани кам учрайдиган ҳодиса бўлса-да, ўзбекистонликлар учун бу камёб ҳолат эмас.

Тўғри, ўзбек аёллари савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар йўналган мамлакатлар орасида Ҳиндистон кам тилга олинади. Кўп тилга олинадиган мамлакатлар эса Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Россия, Қозоғистон ва Шарқий Европанинг баъзи давлатларидир.

Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ вазиятни кузатаётган нодавлат гуруҳлари сўнгги вақтларда бу давлатларга ëш аёлларни алдаб олиб кетаётган жиноятчи шахслар тобора кўпаяётганини айтмоқда.

Ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов бундай шахсларни ҳозир республиканинг ҳамма вилоятлари, шаҳарларида учратиш мумкинлигини айтади. Энг аянчлиси, дейди Суҳроб Исмоилов:

- Баъзи бир жойларда¸ айниқса¸ вилоятларда¸ чекка-чекка туманларда олиб кетилаëтган қизларнинг ота-оналари ҳам¸ яқинлари ҳам уларнинг қанақа ишга кетаëтганлигини билишади ва мана шу ишларни ташкил қилаëтган инсонларнинг олдига кириб¸ навбатда туришади.

У ерда ҳам худди биз магазинда ўз эҳтиëжимизни қондириш учун қандай навбатда турсак¸ шундай навбат бор. Ҳатто мана шунақа ишларни ташкил қилувчиларнинг уйларида ҳам навбатлар бор.

Уларнинг ўз рўйхати бор. Бундай ҳолат Фарғона¸ Андижон¸ Наманган¸ Самарқанд ва Бухорода кўп кузатилаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Гарчи минг турфа ишларни баҳона қилиб, келини¸ қизи ëхуд хотинини уйидан олиб чиқиб кетаётган бўлса-да, аксар оилалар бундай сафардан асл мақсадни билади.

Одамлар ўзига қўшни қизларни алдаб сотаётган аёллар, яъни, жиноятчи гуруҳларни ҳам яхши танийди. Лекин, ҳамма жим, дейди бу вазиятни ўрганаётган “Озод аёл” нодавлат ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова.

“Чунки, уларга қиз-жувонларни қўш қўллаб тутқазаётган оилаларнинг куни шунга қолган. Ўзи ишсиз, тирикчилиги таранг. Бу аёллар эса, ҳатто, йўлкираларига тўлаб, қизларни уйидан олиб чиқиб кетаяпти”, дейди Гавҳар Орипова.

- Йўлкирани ўша олиб кетувчи тўлайди. Ишлаб берасан дейди. Кўпчилик қизларнинг пули йўқ. Ўша “Пулини тўлаб олиб кетаман” деганига булар қизиқиб кетади.

Битта-иккита “Мана биз ишлаб келдик. Мана тиллаларимни кўр. Фалонча пул ишлаб келдим. Ота-онамга бу пулни ташлаб¸ мана яна кетаяпман” дейдиган гувоҳлари бўлади¸ дейди Гавҳар Орипова.

Гавҳар Орипова яқиндагина Самарқанд вилоятининг икки туманида бўлиб қайтган. Шу туманларда яшайдиган 25 та қиз одам савдоси қурбони бўлгани ва икки қиз қочиб келгани ҳақида эшитиб, улар билан учрашган.

- Мен улар билан гаплашдим. “Нима учун бораяпсизлар?” деб сўрадим. Ҳаммаси жим. Ҳеч биттаси жавоб бермаяпти. “Ишлаш учун¸ пул топиш учун” деб қўйишади¸ шу билан тамом. Ўша ерда ўзларининг қишлоғида ўзининг одами бор. У аëллар билан ҳеч учраша олмадим. Бир-икки кун пойладим уларни. Улар биздан қочди¸ дейди Гавҳар Орипова.

Бундай жиноятчи аёллар ва уларнинг мамлакат ичкариси ҳамда ташқарисидаги шерикларини топиш мутлақо қийин эмас, деган ишончда “Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова.

Бу фикрга ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов ҳам қўшилади.

Аммо, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари негадир манзили¸ исми-шарифи ҳаммага аниқ жиноятчиларни қўлга олиш ва уларнинг деярли ошкора фаолиятини тўхтатиш ўрнига одам савдосига қарши оммавий ахборот воситалари орқали тарғиботни кучайтириш билангина чекланмоқда.

Табиийки, бу етарли чора эмас, дейди “Озод аёл” ташкилоти раҳбари Гавҳар Орипова. Унинг фикрича, муаммонинг туб илдизи иқтисодий қийинчилик бўлиб қолмоқда.

- Камаймаяпти. Агитация қилиб “Қизлар¸ қилманглар шу ишни. Сизларга бўлмайди” деса ҳам¸ ишониб кетаяпти. Балки ночорликдандир. Ишлай деса иш йўқ. Ишлаш керак¸ пул топиш керак ахир¸ дейди Гавҳар Орипова.

Айни фикрни Суҳроб Исмоилов ҳам қувватлайди.

- Ҳатто жазони кучайтириш йўли билан ҳам тўхтатиб бўлмаса керак. Иқтисод яхшиланмас экан¸ адолатли ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратилмас экан¸ бу муаммо менимча яқин йилларда камаймайди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонлик аксар кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари фикрича, мамлакатда жуда чуқурлашиб кетган иқтисодий муаммолар, айниқса, ишсизликнинг илдизини тез орада қирқиш имконсизлигини англагани боис ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари асл сабабларни тилга олишдан қочиб,  оқибатларнинг ёмонлигидан огоҳлантирувчи қуруқ тарғиботгагина куч бермоқда.
Просмотров: 977 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 1.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей