Якшанба, 22.12.2024, 13:53
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 7 » Гуантанамодаги уйғурлар тақдири номаълум қолмоқда
22:48
Гуантанамодаги уйғурлар тақдири номаълум қолмоқда

Гуантанамодаги уйғурлар тақдири номаълум қолмоқда

 АҚШ президенти Барак Обама бир йил ичида Гуантанамо ҳибсхонасини ёпишини маълум қиларкан, у ерда сақланаётган 17 нафар уйғур маҳбуснинг тақдири номаълум қолмоқда.

 Уйғурларнинг террорга алоқаси борлиги ва ёки халқаро хавфсизликка раҳна солиши гумонлари исботланмаган.

 Шу боис ҳибсхона ёпилиши ортидан бошқа бегуноҳ маҳбуслар сингани улар ҳам хавфсиз мамлакатга ўтказилишлари зарур.

 Аммо Хитой расмийлари Шинжон-Уйғур бўлгасининг турли минтақаларидан бўлган бу йигитларни зўравонлик ва террор ҳаракатларига бош қўшганликда айблашади.

 Бир кун олдин эса Пекин тарафи Гуантанамодан озод этиладиган уйғурларни қабул қилиб оладиган ҳар қандай мамлакатга ўз норозилигини билдиришини айтганди.

 АҚШ вакиллари уйғурларни Хитой қўлига топширмасликларини айтишган, бироқ уларни қабул қилиб оладиган учинчи бир давлат ҳам топилганича йўқ.

 Илгарироқ, уларнинг уч нафарини Канада қабул қилиб олади, деган хабарлар тасдиғини топмаганди.

 Хитой Ташқи ишлар вазирлиги "террорда гумон қилинаётган бу шахсларни бирон мамлакат қабул қилиб олишига биз қатъиян қаршимиз", деб таъкидлаган.

 Айблари исботланмаган Гуантанамодаги тутқунлар ўз юртларига кетишлари мумкин. Аммо ватанида қийноқларга юз тутиши ҳамда қамоққа ташланиши хавфи бўлган маҳбуслар хавфсиз, учинчи мамлакатга жўнатилиши керак.

 Бу каби учинчи давлатларга кетиши зарур, деб билинган маҳбуслар сирасига эса Хитой фуқаролари бўлмиш уйғурлар ҳам киритилган.

 Аммо Гуантанамодаги 17 нафар уйғурни намоён этадиган ҳимоя гуруҳи вакили Нури Туркелнинг Би-би-сига айтишича, ҳанўз бу тутқунлар тақдири мавҳум қолмоқда.

 "Кўплаб давлатлар Хитойдек улкан мамлакат билан ўртадаги алоқаларни бузиб қўйишдан қўрқишаётгани боис ҳам бу уйғурларни ҳеч ким қабул қилиб олишга журъат этмаяпти" - дейди Нури Туркел.

 Гуантанамога йўл қандай бошланган?

 Ҳимоячи Туркелга кўра, улар террорчи эмас, балки Марказий Осиёда Шарқий Туркистон номи билан машҳур Шинжон-Уйғур бўлгаси мустақиллиги учун 90-йиллардаги тинч намойишларда қатнашган шахслардир.

 "Кейинчалик бу йигитлар Хитой ҳукумати таъқибларидан қочиб, Ўзбекистон ва Қирғизистонга ўтишади ҳамда савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлайдилар. Аммо уларни тутиб бериш борасида Пекиннинг бу мамлакатларга босим ўтказиши ортидан виза чекловлари ва паспорт тизими кучли бўлмаган Афғонистонга ўтишади" - дейди Нури Туркел.

 Маълум бўлишича, Толибон назоратидаги Афғонистонда улар бир маҳаллада истиқомат қиладилар. Кейинчалик, АҚШнинг Толибонга ҳужумари ортидан Покистонга кетишади.

 "Покистонда эса маҳаллий одамлар уларни тутиб, АҚШ вакилларига сотишади ва шу асно бу уйғурлар террорда гумон қилиниб, Гуантанамога олиб келинганлар" - дея қайд этади ҳимоячи.

 Уйғур фаолларига кўра, АҚШ собиқ раҳбарлари бир тарафдан, Гуантанамодаги айби исботланмаган маҳбусларни бегуноҳ, деб айтишса-да, бошқа томондан, бу ҳибсхонада "бомба тайёрловчи ва зўравонликдан тап тортмайдиган одамлар сақланаётгани" хусусида ҳам кўп гапиришган.

 "Шу каби қарама-қарши фикрлар эса Гуантанамодаги маҳбуслар борасида жаҳон оммаси назарида салбий фикрлар шакллантирган"- дейди уйғур маҳбуслари ҳимоячиси.

 Хитойга кўра, Шинжон-Уйғур бўлгасида террор ҳамда зўравонликни тарғиб этувчи исломий гуруҳлар фаолият юритади.

 Бироқ уйғур фаолларининг айтишларича, улар зўравонликни тарғиб этишмайди ва фақат уйғурларнинг ҳам қардош ўзбеклар ва ё қозоқлар каби мустақил бўлишларини истайдилар.

 Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳисоботларига мувофиқ, Хитой ҳукумати кейинги йиллари юзлаб уйғур ёшларини террорга оид айбловлар билан ҳибсга олмоқда.

 Шинжон-Уйғуристони Хитойнинг энг кам тараққий этган бўлгаларидан саналади. Бироқ кейинги йиллари Пекин бу минтақани ривожлантириш йўлида анча ишлар қилиб, янги йўллар қурди, корхоналар тиклади ва бўлга инфратизилмасини кўтарди.

 Бироқ уйғурларга кўра, бу каби тараққиёт кўп ҳолларда уйғур заминига кўчириб келтирилаётган хитойликлар фойдасига хизмат қилмоқда.

 Шинжон-Уйғур бўлгасида тарихан уйғурлар, қозоқлар, тожиклар ва ўзбеклар яшаб келишган.

 Бироқ бу минтақа Хитой тасарруфига ўтиши ортидан у ердаги хитойликлар сони ҳам шиддат билан ўсган.

Просмотров: 712 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей