Жума, 26.04.2024, 08:15
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 7 » Ўғирланган ўзбек қочқини устидан маҳкама
22:44
Ўғирланган ўзбек қочқини устидан маҳкама

Ўғирланган ўзбек қочқини устидан маҳкама

 

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, ўтган йили Қирғизистонда ўғирланган ўзбек қочқини устидан маҳкама бошланган бўлиши мумкин.

 

Ташкилот вакилларига кўра, уларга маълум маълумотларга биноан, мазкур маҳкама ҳали 30 январда бошланиши кутилаётганди.

 

Ҳаётжон Жўрабоев 2005 йилдан бери Қирғизистондан Ўзбекистонга куч билан олиб келинган ўнга яқин қочқиннинг биридир.

 

БМТ тарафидан қочқинлик мақомини олган Ҳаётжон Жўрабоев
2008 йили сентябрида Бишкекдаги масжидга кираётган чоғи ўзини Қирғиз хавфсизлик хизмати ходими, деб таништирган одам уни кўчага бошлайди.

 

Кейин Жўрабоевни Қозоғистон номери битилган автоуловга солиб, олиб кетишади.

 

Шу асно жорий йил бошигача унинг қаердалиги номаълум бўлиб қолаверади.

 

Январь ойида Ҳаётжоннинг онаси ўғли Тошкент қамоқхонасида сақланаётганини аниқлаб, уни бориб кўришга ҳам муваффақ бўлади.

 

Human Rights Watch гуруҳининг айтишича, Ҳаётжон Жўрабоев ҳозирда диний экстремизм ва ноқонуний равишда чегарадан ўтишга оид айбловларга юз тутмоқда.

 

Ташкилот вакиллари унинг Ўзбекистон қамоқхонасидаги тақдиридан хавотирдалар.

 

Андижон хунрезлиги ортидан қўшни мамлакатларга ўтган қочқинларнинг айримларини у ердаги расмийлар ушлаб, Тошкентга топширганлар.

 

Қирғизистонда эса бир неча қочқин худди Ҳаётжон каби дабдурустдан "йўқолиб қолган" ҳоллари мавжуд.

 

Қирғиз ҳукумати яна ўнга яқин ўзбек қочқинини мажбуран Ўзбекистонга қайтаргани ҳам маълум.

 

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Қирғизистон ҳукумати Ҳаётжон Жўрабоевнинг ушланиб, мажбуран Ўзбекистонга қайтарилганини ё тасдиқлаши, ё рад этиши керак.

 

Ташкилот вакили Игорь Воронцовнинг Би-би-сига айтишича, Қирғизистондаги қочқинларни муҳофаза этиш тизими ўта абгор аҳволда ва Жўрабоевнинг ўз ҳудудларидан йўқолиб қолгани учун масъулият бутунлай Бишкек расмийлари елкасига тушади.

 

"Агар бу ишга Қирғиз хавфсизлик хизматлари аралашмаган бўлсалар, у ҳолда ўз тупроқларида Ўзбекистон айғоқчилари ишлашганига қарши Тошкентга норозилик билдиришлари лозим" - деб айтади Human Rights Watch вакили.

 

Ҳозирда 35 ёшга кирган Ҳаётжон Жўрабоев 90-йиллар бошида диний экстремизда айбланиб, ҳукм этилган имом Обидхон Алихоновнинг куёвидир.

 

Сурияда таълим олган жаноб Жўрабоев бир мунча муддат Россияда Ислом динидан дарс берган.

 

2007 йили эса Россия ҳукумати уни тутиб, Ўзбекистонга топширади. Бироқ унга қарши айб қўйилмасдан, озодликка чиқарилади.

 

Кейинчалик ўз ҳаёти хавфсизлиги учун Ҳаётжон Жўрабоев Қирғизистонга бориб, бошпана изловчи сифатида рўйхатдан ўтади.

 

2008 йили эса БМТ унга қочқинлик мақомини берганди.

Просмотров: 824 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей