Жума, 29.03.2024, 10:55
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Феврал » 5 » Ҳур фикрга тоқатсиз юрт
08:40
Ҳур фикрга тоқатсиз юрт

Ҳур фикрга тоқатсиз юрт

Ҳасанжон 04.02.2009

Халқаро матбуот институтининг сўз эркинлигига оид ҳисоботида Ўзбекистоннинг бу эркни бўғиш бобида собиқ иттифоқдошларини доғда қолдираëтгани айтилади.

Қароргоҳи Венада жойлашган Халқаро матбуот институти дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлигига оид навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда ўтган йили дунё бўйича 66 нафар журналист, фотомухбир ва муҳаррир ўз касбий фаолияти туфайли ёки хизмат вазифасини бажараётган пайтда ҳалок бўлгани қайд этилган.

Асосан Осиё давлатларида матбуот эркинлигига бағишланган мазкур ҳисоботда Ўзбекистонда матбуот ва ахборот воситалари ҳамон ҳукумат назоратида қолаётгани билдирилган.

Халқаро матбуот институти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисми 58 ёшли журналист Солижон Абдураҳмонов ўтган йил июнида қўлга олиниб, наркотиклар савдосига алоқадор сохта айбловлар билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани хусусида ташвиш билдириш билан бошланган.

Халқаро матбуот институти ходими Колин Петерс ўтган йил Ўзбекистонда матбуот эркинлиги борасида вазият ижобий томонга ўзгармаганини айтади.

- Афсуски, Ўзбекистонда, ҳисоботимизда маълум қилинганидек, ўтган йилда ҳукумат танқидий мақолалар ёзганларни таъқиб қилишни, оммавий ахборот воситаларини ўз назоратида ушлаб туришни давом эттирди.

Бу асосан мамлакатдаги мустақил ахборот воситаларини қўрқитиб ўзига бўйсундириш орқали амалга оширилди. Халқаро ахборот воситалари масаласида гапирсак, уларнинг Ўзбекистонда фаолият юритиши қийинлашди, дейди Колин Петерс.

Халқаро матбуот институтининг матбуот эркинлигига оид янги ҳисоботида Ўзбекистонда ахборот воситалари аввалги йиллардаги каби ўтган йилда ҳам цензура остида бўлгани билдирилган.

- Ўзбекистондан олган хабарларимизга кўра, бу мамлакатда муҳаррирларга ёритилиши таъқиқланган мавзуларнинг норасмий рўйхати берилади. Уларга юқоридан босим ўтказилгани боис журналистлар ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлади, дейди Халқаро матбуот институти вакили.

Колин Петерс фикрича, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун талайгина иш амалга оширилиши керак.

- Биринчидан, Ўзбекистон ҳукумати журналистларни цензура қилишни тўхтатиши керак. Журналистлар маълумот бериши керак бўлган мавзуларда мақолалар ёзишлари учун уларга эркинлик берилиши керак. Ўзбекистон ҳукумати малозимлари журналистларни қўрқитишни ва уларга қарши ҳар қандай тажовузни тўхтатиши керак.

Бундан ташқари маҳаллий ва хорижий ахборот воситаларига нисбатан жорий қилинган барча чекловлар бекор қилиниб, уларнинг фаолият юритишига имконият яратилиши керак.

Шунингдек, сохта айбловлар билан қамалган барча журналистлар зудлик билан озод қилиниши керак, дейди Колин Петерс.

Халқаро матбуот институти ҳисоботида Солижон Абдураҳмонов озодликдан маҳрум этилганидан кейин Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган мустақил ва мухолифатчи журналистлар сони беш нафарга етгани билдирилган.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхши эмаслигини таъкидлаган Колин Петерс бу борада МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистонда вазият энг ёмон эканини айтди.

- Матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кўнгилдагидек эмас.

Аммо, афсуски, Ўзбекистон собиқ совет давлатлари ичида бу борада вазият энг ёмон бўлган давлатлардан бири, деди Халқаро матбуот институти вакили Колин Петерс
Просмотров: 842 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей