Пайшанба, 25.04.2024, 16:35
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Январ » 20 » Ғазодаги вайроналиклар миқёси ойдинлашаётир
22:38
Ғазодаги вайроналиклар миқёси ойдинлашаётир

Ғазодаги вайроналиклар миқёси ойдинлашаётир

 Исроил ҳам, "Ҳамас" гуруҳи ҳам оташкесим эълон қилганларидан кейин Исроилнинг уч ҳафталик ҳужумлари юзага келтирган Ғазо бўлгасидаги вайронагарчиликларнинг тўла манзараси аёнлашмоқда.

 

БМТ мулозими Жон Гингнинг айтишича, ҳужумлар бошланганидан буён ярим миллион инсон сувсиз ўтирипти, жуда кўп сондаги одамлар электр қувватисиз қолганлар.

 

Тўрт минг уй вайрон бўлган, ўн минглаб инсонлар бошпанасиз қолганлар.

 

Душанба куни минглаб ғазоликлар ўзларининг яшаш жойларига, Исроил ҳужумларидан кейин нима қолдию- нима кетди, шуни кўришга шошилдилар, дея хабар қилади Исроил ҳудудидан Ғазога ўтишга рухсат берилганидан кейин бўлгадаги аҳволни ўз кўзи билан кўрган Би-би-си мухбири Пол Вуд.

 

Ўнқир-чўнқир йўллар, ракета ҳужумлари ҳосил қилган ҳандақлар, ўт кетган машиналар...

 

Айримлар бомба ҳужумларидан вайрон бўлган кўчаю-маҳаллаларда йўл тополмай қолишган.

 

Аксарият яна БМТ ҳомийлиги остида бўлган мактабга жон сақлаш учун қайтишган.

 

Ҳақиқий вайронагарчилик ва қанча-қанча инсонлар ёстиғи қуриганининг биринчи ишорасини биз яқин орадаги Бейт Лахия шаҳрида кўрдик, дейди Пол Вуд.

 

"Автомобиллар ғилдираги осмондан бўлиб ётибди, кўча ўртасида тешилган канализация қувури каттагина кўлни хосил қилган. Масжид ёниб харобага айланган. Масжидга яқин йирик мактаб биносидан ҳали ҳам қора тутун бурқсиб чиқарди", дея хабар қилади Би-би-си мухбири.

 

Исроил ҳукумати сўзчиси Марк Регев душанба куни кечроқ бўлгага кўмакларни етказиш учун чегаралар очилиши кутилаётганини айтган.

 

Қувайтда Араб Лигасига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашмоқдалар.

 

Бу учрашувда Ғазо бўлгасини қайта тиклаш ишларига 2 миллиард доллар ажратилишининг эълон этилиши кутилмоқда.

 

Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт ўз қўшинларининг бўлгадан имкон қадар тезроқ чиқиб кетишларини хоҳлаётганини ва айрим ҳарбий қисмлар Ғазони тарк этганини айтган.

 

Исроил шанба куни оташкесим эълон қилди, урушдан кўзланган мақсадга эришилганини айтди.

 

Якшанба куни "Ҳамас" ҳаракати ҳам ўт очишни тўхтатишга қарор қилинганини эълон қилди, Исроил устидан "буюк ғалаба"га эришилганини айтди.

 

"Ҳамас"нинг ҳарбий қаноти ташкилотнинг ракеталарни отувчи бўлинмаси жанговар ҳолатда қолаётгани ва ташкилот ўзининг ҳарбий салоҳиятини такомиллаштиришда давом этишини айтган.

 

Ҳарбий қанот воизи Абу Убайда Исроил кучлари Ғазо бўлгасидан бир ҳафта ичида тўла чиқиб кетиши керак, деган талабни қайтарди.

 

У агар Исроил кучларини тўла олиб чиқиб кетмаса, ҳеч нарсани истисно қилмасликларини айтди.

Просмотров: 878 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей