Якшанба, 19.09.2021, 08:19
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2009 » Январ » 20 » Мартин Лютер Кинг орзуси рўёбга чиққан кун
22:29
Мартин Лютер Кинг орзуси рўёбга чиққан кун

Мартин Лютер Кинг орзуси рўёбга чиққан кун

"Менинг шундай орзуим борки, бир кун келиб, 4 кичик фарзандим уларга терисининг рангига қараб эмас, балки улар эга бўлган хусусиятлар моҳияти асосида баҳо бериладиган мамлакатда яшайдилар. Менинг орзуим борки, бир кун келиб, бу халқ барча одамлар тенг бўлиб яратилган, деган ҳақиқат исботга муҳтож эмаслиги борасидаги ўз ақидасининг асл маъносига амал қилади. Бугун менинг ОРЗУИМ бор",

 

Америка тарихи дарсликларига кирган бу сўзларни бундан 46 йил муқаддам қора танли америкаликлар ҳуқуқлари учун курашган ва шу йўлда жонини фидо қилган Мартин Лютер Кинг айтган эди. 1963 йили 28 августда пойтахт Вашингтонда, қулликни расман бекор қилган Президент Авраам Линколн мемориали атрофида йиғилган мингларча қора ва оқ танли миллатдошлари олдида сўзлаган Мартин Лютер Кинг "собиқ қулларнинг ўғиллари собиқ қул эгаларининг ўғиллари билан биродарлик даврасида йиғила оладиган кун" келиши ҳақидаги орзу-умидларини изҳор қилганди.

 

19 январ куни Америка халқи доктор Мартин Лютер Кинг туғилган кунини миллий байрам сифатида нишонлар экан, кўплаб одамлар АҚШ тарихида илк бор қора танли одам Барак Обаманинг мана шу санадан бир кун ўтиб мамлакат президенти сифатида қасамёдга келтирилишида чуқур рамзий маъно борлигини айтишмоқда. Мартин Лютер Кинг орзу қилган кун 2008 йил 4 ноябр куни ниҳоят рўёбга чиқди, дейишмоқда қора танли америкаликлар.

 

Албатта, Барак Обаманинг АҚШ президенти сифатида сайлангани бу жамиятда тарих нуқтаи назаридан нисбатан қисқа давр ичида нақадар улкан ўзгаришлар рўй берганидан далолат бермоқда. Тарихий деб таърифланаётган сайловдан кейин кўплаб америкаликлар ўз мамлакатидан ниҳоятда фахрланиши ҳақида гапира бошладилар. Аммо, айтиш мумкинки, энг катта ғурурни ҳис қилган қатлам - қора танли америкаликлар бўлди. Айрим қора танлилар Обамани ҳатто наби сифатида таърифлашмоқда.

 

Мен гаплашган қора танли таниш-билишларим ва ҳамкасбларим бу кун рўёбга чиққани тўғрисида катта ҳаяжон ва ғурур билан гапиришади. Мана шундай ҳамкасбларимдан бири, Жанет исмли аёл, Барак Обама қора танли америкаликлар учун ибрат ва айни пайтда келажакка умид бағишловчи рамзий шахс эканини айтади. Унинг сўзларига кўра, кўплаб қора танли америкаликлар Обама тимсолида инсоннинг ўз иродаси, меҳнати ва тиришқоқлиги орқали нималарга эришиши
мумкинлигининг гувоҳи бўлишаяпти.

 

"Бу ҳодиса қора танли жамоани, айниқса ёшларни илҳомлантиряпти. Ёшларимиз Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишелга қараб, улар эришган муваффаққиятлардан руҳланаяптилар", - дейди Жанет.

 

Бошқа бир танишим эса бувисининг кўзига ёш олиб айтган гапларини келтириб, Барак Обама қора танли қуллар барпо этган Конгресс биноси олдида президент сифатида қасамёдга келтирилишини ва қурилишида қора танли қуллар заҳмат чеккан Оқ Уйнинг навбатдаги соҳиби бўлишини ҳаяжон билан гапирди.

 

Айни пайтда, кўпгина қора танли америкаликлар эндиликда президент Обама мамлакат, қолаверса, жаҳон олдида унга билдирилган катта ишонч ва улкан умидларни оқлаши керак бўлгани каби, улар олдида ҳам катта маъсулият туришини айтишмоқда. Мавжуд қийинчиликлар, яширин ирқчиликни рўкач қилишни тўхтатиш ва ўтмишдаги адолатсизликлар ва ноҳақликлар юзасидан гина-аразларни четга суриб, олға силжиш пайти келди, дейишади улар.

 

Шундай фикрда бўлганлардан бири, таниқли америкалик қора танли қизиқчи яқинда бир телекўрсатувда бундан кейин ўз муваффақиятсизликларини ирқчилик билан баҳона қилиш вақти ўтганини таъкидлади.

 

"Шу пайтгача менинг ҳазилларим ва кинояларим асосан қора танлиларга нисбатан ирқчилик мавзусига асосланган эди. Энди ишсиз қоладиган бўлдим, шекилли", - деб ҳазил қилди у.

 

Унинг фикрича, қора танли америкаликлар ўтган 30-40 йил ичида жамиятда юз берган улкан ўзгаришлар келтирган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, бошқа миллату-ирқларга мансуб миллионлаб америкаликлар қатори, президент Обаманинг ўзгаришларни амалга ошириш ҳаракатларида фаол қатнашишлари керак.

 

Қолаверса, Обаманинг ўзи ҳам Америка халқини томошабин бўлмасдан, ўзи бошчилигидаги ҳукумат билан биргаликда юзага келган оғир иқтисодий вазиятдан чиқиш йўлларини биргаликда излашга чорламоқда.

 

18 январ куни Вашингтон марказида йиғилган мингларча ватандошларига мурожаат қилган Барак Обама мамлакат олдида катта муаммолар тургани ва уларни ҳал этиш осон бўлмаслигини эътироф этиш баробарида, "менинг Америка Қўшма Штатлари синовларни енга олишига умидим ҳар қачонгидан кўра мустаҳкам", дея баён қилди.

 

Насиба, АҚШ

Просмотров: 772 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2021
Архив записей