Янги йил табриги
Хориждаги
дўстлар, хаммаларингизни кириб келаётган янги йил билан самимий
табриклайман. Янги йилда хаммаларингизга соғ-саломат бўлишларингизни ва
мурод-у мақсадларингизга етишларингизни тилайман. Ҳамдардлигим
тариқасида ушбу шеъримни қабул қилгайсизлар. Саиджаҳон Равоний. Андижон. *****
Уйимга қайтаман эртами ё кеч
Мусофир юртларда кезсам, найлайин,
Бошимдан кечирдим кунларни қийин,
Ёнимда қолмайди гоҳида тийин,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Уйимга сиғмадим торликдан эмас,
Истардим олишни хур, эркин нафас,
Уйимни қилмоқчи эдилар қафас,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Иш излаб кетганлар бўлмоқда хароб,
Жасадлар келмақда кун ора шитоб,
Кузатиб, чекурман қайғу истироб,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Аёллар кўчада бўлди мардикор,
Эркаклар ўлтирар уйида бекор,
Аъёнлар ичинда авжи кирдикор,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Гўдаклар далада пахта терарлар,
Уларга иш учун чақа берарлар,
Еб тўймас хокимлар кўкрак керарлар,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Одамлар қамалур эътиқод учун,
Йўл тўсиқ ташаббус, истеъдод учун,
Минг маддоҳ шай луқма тақдимод учун,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Андижонни эслаб жимирлар этим,
У хақда рўйи-рост гапирган эдим,
Фарзандларим қолди уйимда етим,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
Ўйламанг осон деб, хорижда яшаш,
Маза деб, Осло-ю Порижда яшаш,
Кўп қийин соғинч-у илижда яшаш,
Уйимдан кетишни истамасдим ҳеч,
Уйимга қайтаман ертами ё кеч.
|