Сешанба, 23.04.2024, 09:20
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 26 » Ҳоким ва милиция фермерни тугатмоқда
00:27
Ҳоким ва милиция фермерни тугатмоқда
Ҳоким ва милиция фермерни тугатмоқда

Узоқ йиллар давомида оғир меҳнат¸ пешона тери эвазига бола-чақасини боқиб келган минглаб фермерлар¸ президентнинг фермер ерларини йириклаштириш ҳақидаги фармони асосида сўнгги бурда нонидан ҳам жудо бўлмоқда.

19.12.2008
Садриддин

Кузатувчиларга кўра, жиззахлик ҳокимлар фермерлар билан йиғилиш ўтказилаётган жойларда милиция бошлиқлари ўз ходимлари билан хизматга шай туради.

Ҳокимга ёқмаган ёки унинг гапини икки қилган фермер ўша ернинг ўзида милиция қўлига топширилади.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Маъмуржон Азимов ҳам фермер. Унинг 10 гектар ери бор. Унинг фермер хўжалиги ҳам тугатилиш арафасида.

Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Маҳмуд Холбўтаев билан бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким ўринбосари ундан нега ерни шу пайтгача топширмаганини сўрабди:

- Агар сиз уйимдаги саккизта жонни боқишнинг кафолатини берсангиз, мен ерни топшираман, дедим.

Ҳоким ўринбосарининг: “Ўзбекистон қонунида бола-чақани боқиш ота-онанинг вазифасига киритилган”, деган гапига эса Маъмуржон Азимов:

- Кечирасиз ўша отанинг биттаси мен бўламан. Мана шу саккиз жонни 10 гектар ер билан боқиб келаяпман. Агар мен бу ерни ҳам топширадиган бўлсам¸ мен ишсиз қоламан, - деб жавоб берибди фермер.

Маъмуржон Азимовга ўхшаб ишсиз қолаётган фермерлар бугун вилоятда мингларни ташкил этади. Маъмуржон Азимов ўрмонга ўт кетди - ҳўлу қуруқ баравар ёнаяпти, дейди.

Фермерлар ерларини йириклаштиришда¸ қарорда айтилган кўрсатмаларга риоя қилинмаяпти, ҳокимлар ўз билганларича иш қиляпти, техникаси, режаларни бажараётгани, қарзлари бор-йўқлиги ҳам ҳисобга олинмаяпти, бизнинг ҳокимлар салла деса калла келтирадиганлардан бўляпти, дейди у.

Фермерларнинг давлат режаларини уддалаб келаётганлиги, имкониятидаги техникалар ҳисобга олинмаяпти. Ҳокимлар эса ўз айтганларини қилдириш мақсадида милицияни ишга солаяпти.

- Давлат режасини бажараëтган фермер бўлсин¸ бутун техникалари бор бўлган фермер бўлсин - ҳаммасидан бир текисда ариза ëздириб олинди.

Улар йиғилиш ўтказган пайтда¸албатта¸ ички ишлар ходимлари туради. Агар қайсидир фермер уларга гап қайтарадиган бўлса¸ зудлик билан милицияни ишга солишади. Менинг бошимдан ҳам кескин зўравонликлар ўтган, - дейди суҳбатдошимиз.

Маъмуржон Азимов вилоят ҳокими ўринбосари иштирок этган йиғилишда милиция орқали қилинган босимга мисол ҳам келтирди.

- Ўша йиғилишда Маматқулов Абдунаби фермер хўжалигининг раҳбаридан: “Неча гектар еринг бор?” деб сўради.

“31 гектар яйловим бор”, деганида¸ ички ишлар ходимларига: “Олиб чиқиб, ариза ëздириб олинглар”, деб ўша ерда бояги фермернинг ерини мажбурий тортиб олишди, - дейди фермер Азимов.

Жиззах туманидаги “Марҳабо” фермер хўжалиги бошлиғи Меҳри Эрматовага ҳам еридан воз кечиш ҳақида “ихтиёрий” ариза ёзиш айтилган. Лекин у:

- Мен ариза ëзмайман деб айтганман¸ - дейди.

Чунки, дейди Меҳри опа, ердан воз кечиш ҳақида ариза ёзиш¸ бу оилани ишсизликка ва қашшоқликка гирифтор қилишдир.

- Менинг 5-6та невараларим бор. Булар ишсиз қолиб кетади-ку.

Меҳри опа, гарчи ери кам бўлса ҳам, бирор йил режани бажармаган ёки қарздор бўлиб қолган эмас.

- Мана менинг фермер бўлганимга 9 йил бўлган бўлса¸ ҳар доим режаларни 105¸ 109¸ 110 фоизларга бажариб келдим. Режани бажармай қолган йилим умуман йўқ. Техникаларим ҳам етарли, - дейди Меҳри опа.

Ерларини топширишни истамаган фермерларга эса ҳоким ўринбосари: «хоҳлаган жойингга ëзавер”, демокда.

Маъмуржон Азимов фикрича, бу бедодликлардан президентнинг хабари бўлмаса керак.

Зеро¸ у чиқарган фармонда ерларни ихтиёрий равишда йириклаштириш назарда тутилган эди.

Фермер энди президентга очиқ мактуб билан мурожаат қилмоқчи:

- Сиз олдинги йиғилишда “хоҳлаган жойингга ëзавер, ҳеч ким сизларни тингламайди”, деган эдингиз.

Мен президентимизга сиз тўғрингизда очиқ хат ëзаман.

Агар сизга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайдиган бўлса¸ ана шундагина мен давлат ичида давлатчилик бошланганини тан оламан ва Ўзбекистон қонунларига эмас¸ сизларнинг тартибларингизга бўйсунаман¸ - дейди Маъмуржон Азимов.
Просмотров: 852 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей