Жума, 29.03.2024, 06:05
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 25 » Кароматов қамоқдан чиқарилмади
16:31
Кароматов қамоқдан чиқарилмади
Кароматов қамоқдан чиқарилмади

Яқинлари бақувватлиги билан ном чиқарган Алишер Кароматовнинг қамоқхонадаги қийноқлар ва касаллик оқибатида бир бурда бўлиб қолганини айтишмоқда.
25.12.2008
Меҳрибон

25 декабр куни ҳуқуқ фаоли Алишер Кароматов шикоят аризасини кўриб чиққан Сирдарё вилоят жиноят ишлар суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Алишер Кароматов икки йил аввал товламачиликда айбланиб, тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳозирда Алишер Кароматов сил касаллигига чалинган бўлиб, Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанмоқда.

Алишер Кароматовга нисбатан тўққиз йиллик қамоқ жазосининг ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида ҳуқуқ фаолининг адвокати Ғиёс Намозов Озодликка маълум қилди.

- Ҳукм ўз кучида қолди.

Озодлик: Алишер аканинг ўзи судда қатнашдими?

- Йўқ¸ у қамоқхонада касал бўлиб ëтибди-ку. Рад қилганлигининг сабаби қамоқда ëтган жойидаги судга касаллиги тўғрисида мурожаат муддатдан олдин жазодан озод қилади, деган йўл билан қилиниши керак деб топганида.

Биз энди Тошкентдаги Сангородга мурожаат қиламиз. Энди суд ўша жойда бўлади. Биз маъмуриятга: “Алишер Кароматовни касаллиги туфайли муддатидан олдин жазодан озод қилиш масаласини қўямиз”, деб айтамиз.

Улар судга тақдимнома билан чиқса¸ иш ҳал бўлади, - деди адвокат Ғиёс Намозов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари қамоқ жазосини ўтаётган маҳбус Алишер Кароматовнинг соғлигидан хавотир билдиришади.

Ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Намуна Кароматованинг билдиришича, эри сил касаллигига чалинган бўлиб, жуда ҳам озиб кетган.

Намуна Кароматовага кўра, қамоқхонада эрига нисбатан бўлган қийноқлар натижасида унинг соғлиги ёмонлашган.

“Эзгулик” жамияти фаоли Исроил Ризаев ҳам, Алишер Кароматовнинг қамоқхонада мунтазам қийноқларга учраганини айтади.

- Унга нисбатан тергов пайтида¸ сўроқ пайтида¸ суриштирув пайтида қийноқлар қўлланилганини эшитдик. Ўша пайтда тирноқларига мих тиқилган, деб айтилган эди.

Алишержонни мен шахсан биламан. Ўта бақувват¸ соғлом йигит эди. Ҳаттоки Қаршидаги колонияда бўлган пайтда икки йил давомида ғишт заводида меҳнат қилиб чарчамаган экан.

Кейинги 3-4 ой давомида уни амнистияга туширмаслик учун карцерга ташлаганлар¸ натижада унинг соғлиги ëмонлашган, - дейди Исроил Ризаев.

Айни пайтда Алишер Кароматов даволанаётган Тошкент шаҳридаги маҳбуслар шифохонасига мурожаат қилиб, ҳуқуқ фаолининг соғлиги қандайлиги билан қизиқдик.

Озодлик: Алло.

- Алло, 18-муассаса.

Озодлик: Менинг исмим Меҳрибон. Мен сизларда даволанаëтган Алишер Кароматовнинг соғлиги бўйича қизиқиб¸ телефон қилаëтган эдим. Аҳволлари қанақа ҳозир?

- Мен бу маҳкумнинг ўзини танимайман-ку. Менинг қўлимда бу ерда қанча маҳкум бор. Мен уларнинг ҳаммасини фамилия бўйича билмайман-ку.

Озодлик: Қачон билиб беришингиз мумкин?

- Мен сизга телефон орқали билиб бера олмайман. Биз телефон орқали маълумот беролмаймиз.

Хуллас, муассаса мутасаддиси маълумот беришни хоҳламади.

Лекин Озодлик мухбирлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли Республика касалхонасининг Алишер Кароматов соғлиги борасидаги маълумотномаси билан танишишга муваффақ бўлди.


Бу ёзма равишдаги маълумотнома бўлиб, унга касалхона бош врач ўринбосари майор Имомов, бўлинма бошлиғи ва даволовчи шифокор имзо чеккан.

Маълумотномада ёзилишича, Алишер Кароматов касалхонага жорий йилнинг 13 октябр куни келтирилган бўлиб, унга сил касаллиги ташхиси қўйилган. Ҳозирда беморнинг умумий аҳволи ўрта оғир бўлиб, у қон туфламоқда.

“Бемор бўлинмада сил касаллигига қарши даволанаяпти”¸ дейилади жорий йилнинг 4 декабрида ёзилган ушбу маълумотномада.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилади.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олишда айбланиб ҳибсга олинган.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йилдан қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Просмотров: 901 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей