Жума, 26.04.2024, 19:00
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 24 » Олмон терговчилари ўзбек маҳбусни сўроқ қилишган
19:39
Олмон терговчилари ўзбек маҳбусни сўроқ қилишган

Олмон терговчилари ўзбек маҳбусни сўроқ қилишган

Олмон матбуотининг ёзишича, олмониялик терговчилар Тошкентга сафар қилиб, ўзбекистонлик маҳбусни сўроққа тутишган.


"Штерн" журналида чоп этилган мақолада айтилишича, олмон терговчилари Тошкент қамоқхонасида гувоҳ билан суҳбат ўтказганлар.

 

Бу шахс ўтган йили Олмонияда фош этилган АҚШ нишонларига ҳужум уюштириш фитнасига алоқаси бор, дея тахмин қилинмоқда. Бу фитнага оид тергов ишлари ниҳоясига етмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни қийноққа солиш ҳоллари кенг тарқалганини айтишади. Шундай экан, ўзбекистонлик гувоҳнинг кўрсатмаларига қанчалик ишониш мумкин? Би-би-си "Штерн" журналидаги мақола муаллифи Мартин Кноббега ана шу саволни берган.

 

Мартин Кноббе: Тошкентда сўроққа тутилган гувоҳ олмон федерал прокурори учун энг муҳим гувоҳлардан эди. Чунки ушбу шахс орқали олмон терговчилари Олмония ҳудудида қатор хужумларни режалаштирган, деб гумон қилинган Исломий Жиҳод Иттифоқи амалда мавжуд эканлигини исботлаб, ташкилот раҳбарлари ким ва унинг Олмонияга алоқалари қандай, каби саволларга жавоб бериши мумкин эди. Шу маънода прокуратура терговчилари Тошкент қамоқхонасида мазкур гувоҳни тергов қилишган. Мен аминманки, олмон жиноий адлия тизими қоидаларига мувофиқ, барча қонун талабларига риоя қилинган. Лекин албатта, мазкур гувоҳга қанчалик ишонса бўлади, деган савол келиб чиқади. Хюман Райтс Вотч ва БМТнинг қийноқлар бўйича ҳисоботларида Ўзбекистонда маҳбусларни қийноққа солиш ҳоллари кенг тарқалгани айтилган. . Шундай экан, демак, терроризмда айбдор, деб топилган гувоҳ ўтмишда қийноққа солингани эҳтимоли катта. Бу эса гувоҳнинг берган кўрсатмалари Олмония маҳкамаларида ишлатилиши мумкинми, ишлатилгани ҳолда қанчалик ишонарли, деган саволлар очиқ қолмоқда.

 

Би-би-си: Гувоҳнинг шахси ҳақида нималар маълум?

 

Мартин Кноббе: Мазкур гувоҳ Исломий Жиҳод Иттифоқининг аъзоларидан бири бўлган. Менимча у 2006 йил қўлга олинганида йигирма саккиз ёшда эди. У гўеки ўз ташкилотининг буйруғига биноан, Термизда жойлашган олмон ҳарбийларининг базасига хужум уюштириши керак бўлган. Сўзсиз, у мазкур Иттифоқнинг раҳбарларидан бўлмаган, лекин раҳбарининг исми-шарифини билган. Аммо бундан бошқа кўп маълумотга эга бўлмаган. Мисол учун, бу гуруҳ маблағни қаердан олиши еки гуруҳ тузилмасидан бехабар бўлган. Қизиғи шуки, у мазкур ташкилотни Исломий Жиҳод Иттифоқи деб билмаган, ташкилот раҳбари Аҳмад деб танилган шахсни билган ва шунинг учун ташкилотнинг номини "Аҳмад гуруҳи" дея таниган экан.

 

Би-би-си: Олмония федерал прокурори тўрт нафар олмон терговчиси Ўзбекистонга сафар қилганини тан олган, аммо сизнинг мақолангизда расмий маълумотлардан ташқари, бошқа баъзи тахминлар ҳам бор, бу тахминлар нималарга асосланган?

 

Мартин Кноббе: Бизнинг қўлимизда Ўзбекистонга сафар қилган прокурорлардан бирининг ҳисоботи бор. Бу ҳисобот гумон қилинаётган кишиларнинг устидан Олмонияда режаланган маҳкама жараёнида тергов ҳужжатларининг бир қисми сифатида ишлатилади. Мазкур ҳисоботда ёзилишича, гувоҳ олмон терговчилари олдида ўзини нормал тутган. Лекин қамоқхона раҳбарлари хонага кирганларида, у ўрнидан сакраб турган ва кўзларида қўрқув аломатларини кўриш мумкин бўлган. Албатта, буни турлича талқин қилиш мумкин, лекин қандай бўлмасин, айнан ана шу ҳолат ҳисоботда қайд этилган. Ўтмишда қийноқларга солинганми-йўқми, булар энди маҳкама жараёнида ўртага чиқиши мумкин.

Просмотров: 795 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей