Пайшанба, 14.11.2024, 22:02
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 24 » Очиқ хат
18:08
Очиқ хат
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВга
       
Нусхаси:    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СЕНАТ РАИСИ И.СОБИРОВга
                           
                                                                      Очиқ хат
             
         Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!
   
     Мени Сизга мурожаат этишга мажбур қилишди. Мен,  Азимов Мамир, Жиззах вилояти Жиззах туманига қарашли   “Бобожон” фермер  хўжалиги    раҳбариман, 10 гектар ер   майдоним  бор,  оилам   саккиз кишидан иборат бўлиб,  шундан олти киши шу ер билан бандмиз. Шу ер орқасидан рўзғоримни тебратаман, бола-чақамни боқаман. Сизга мурожаат этишга мажбур бўлганлигим сабаби жойлардаги маҳаллий ҳокимият ходимиларининг фермер хўжаликлари раҳбарларига, жумладан менга ўтказаётган тазйиқлари бўлди. Бундай зўровонликларга Сиздан бошқа   ҳеч ким нуқта қўя олмайди,  деган қатъий фикрга келдим. Шу йилнинг 18 декабрь куни Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича муовини сенатор Маҳмуд Холбўтаев  Жиззах тумани фермерлари иштирокида мажлис ўтказди. Мажлисда шунингдек  Жиззах вилоят ҳокимлигининг Жиззах тумани бўйича вакили,  вилоят ҳокимлиги ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари фаолиятини, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар бўйича гурух раҳбари Эшбек Ашурович Муҳаммадиев  ва туман ҳокими З.Х.Саидовлар иштирок этишди.

     Мазкур мажлисни олиб борувчи Маҳмуд Холбўтаев  мажлис жараёнида фермерларга ўта қўпол муносабатда бўлди ва турлича тазйиқлар ўтказа бошлади. Ҳоким муовини мажлисда қатнашаётган ҳар бир фермерни турғазиб, фермер хўжалигининг ҳисоб-рақами қаердалигини суриштира бошлади. Ҳисоб-рақами Жиззах шаҳар банкларида бўлган фермерларга ўшқириб: “Нима учун шаҳар банкларига қўясан? Жиззах туман «Пахта банки»га  шу бугуноқ олиб келиб қўясан!” - дея топшириқ бера бошлади. Мажлисда қатнашаётган “Умид-Б” фермер хўжалиги раҳбари: “Менга Жиззах шаҳар «Тадбиркор» банки маъқул, чунки бу банкда тартиб жуда яхши” - деганда Маҳмуд Холбўтаев унга: “Ўтказасанми, йўқми?” - деган талабни  қўйди. ”Йўқ” - деган жавобни эшитгач, у: “Ҳозироқ залдан чиқмасдан аризангни ёз!” - дея буйруқ берди. Фермер  тортишиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигига кўзи етгач, ариза ёзиб беришга мажбур бўлди: мажлис кетаётган пайтда фермер ариза ёзиб берди ва аризани шахсан М.Холбўтаевнинг ўзи қабул қилиб олди. Бу ҳолни кўриб турган фермерлар эса ердан ажралиб қолишдан  қўрққанларидан  фермерлик ҳисоб-ракамларини Жиззах туман «Пахта банк»ига олиб келишга рози бўлишди.  
      Банк масалаларини «муваффақиятли» тугатиб олгач, М.Холбўтаев қарздорлиги бор фермерлар масаласига ўтди. Бу масалада ҳам у фермерларга кучли тазйиқлар ўтказа бошлади. Масалан, “Минаввар нур” фермер хўжалиги раҳбари 13 000 000 сўм қарздорлиги борлигини айтгач, ҳоким муовини фермернинг оилавий мулкини суриштира бошлади.”Ниманг бор тўлаш учун?” - деган савол берди М.Холбутаев. Фермер: “2008 йилнинг ҳосилининг пулини заводдан олсам тўлайман” – деганди, “У пулга тегинаолмайсан. Ўзингда нима бор?” - деб сўроқни давом эттирди вилоят ҳокимлиги мулозими. Фермер: «Беларус» трактори, чизели, культивацияси, сеялкаси,боронаси ва «Нексия» русумли машинаси борлигини айтгач, М.Холбўтаев мажлисда иштирок этаётган   Жиззах туман ИИБ бошлиғининг муовини (чаққон дастиёрларидан бири)  Иброҳим Қаршибоевни чақириб: “Манавининг ҳамма  техникаларини туман ҳокимлигининг биноси олдига олиб келтиртириб қўясан!” - дея топшириқ берди. Мажлис давомида бунақа топшириқлар кўплаб бўлди. Ҳатто баъзи фермерларга: “Эртага соат 10 гача қарздорлигингни тўламасанг, техниканг мусодора қилинади!”, “Кечки соат 22 гача қарзларингни тўлаганлигинг тўғрисидаги квтанцияни менга олиб келасан” каби талаблар қўйди. М.Холбўтаев ўзининг бу ҳаракатлари билан 1 000  дан ортиқ одамлар иштирок этаётган бу мажлисда кўпларнинг фикрини салбий томонга ўзгартириб юборди,  деб ўйлайман. Мажлис - қайсидир раҳбар хоҳлаганча, хоҳлаган одамини хўрлаши, хоҳлаган топшириғини бериши мумкин, дегани эмас-ку! Худди шу мажлисда М.Холбўтаев мени ҳам турғазиб: “Нега ерни бошқа фермерга ўтказмадинг? 10 гектар ер билан фаолият юргазишингга ким рухсат берди сенга? Ерни топшир! Агар ерни топширмасанг, барча давлат таъминот ташкилотларига топшириқ бераман ва сен билан шартнома  туздиртирмайман! Бу барча кичик ер эгаси бўлган фермерларга тааллуқли.     Ҳамманг ерни топшир. Агар шикоят ёзмоқчи бўлсанг, ХОХЛАГАН ЖОЙИНГГА ёзавер!” - деб сўзини тугатди. Фермер хўжалигим бирорта давлат таъминот ташкилотларидан қарзи йўқ бўлса, ҳар йили пахта, ғалла  бўйича давлатнинг шартномавий  планларини бажариб келаётган бўлсам, фермер хўжалигим эмас, аксинча «Уч-тепа» пахта тозалаш корхонаси  ўтган 2007 йил пахта ҳосили ҳисобидан 500 000 сўм қарзи борлигини била туриб, ҳоким муовини М.Холбўтаев қайси айбим учун ерни топширасан деганига тушуна олмадим.
   Мен ҳоким муовинига: “Мен  Сизнинг бу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларингиз тўғрисида Президентимизга ёзаман. Агар Сизларнинг бу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларингизга  нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаса,  у ҳолда мен давлат ичида давлатчалар пайдо бўлганлигига иқрор бўлиб,  Ўзбекистон давлатининг қонунларига эмас,  Сизларнинг тартибларингизга бўйсунишга мажбур бўламан” - дедим.  Шундан сўнг ушбу хат орқали Сизга мурожаат этишга қарор қилдим.
 
  Муҳтарам Президент !    
      
     Сиз Ўзбекистонда фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қанча меҳнат қилаяпсиз, фермерлар учун қанчадан- қанча қулайликлар яратиб бераяпсиз. Сиз шундай жонкуярлик қилаётган бир пайтда Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича муовини, сенатор Маҳмуд Холбўтаевнинг  мингдан ортиқ киши иштирок этган мажлисда  “Қонун менга хизмат қилади” қабилида иш юритиши  мажлис иштирокчиларини Ўзбекистон қонунларига нисбатан ишончсизликка олиб келмайдими? Мен Жиззах вилоят ҳокимининг муовини сенатор М.Холбўтаевнинг буйруғини бажаришга мажбурманми? Бундай ҳаракат қилишга унинг ҲАҚҚИ борми?


Ҳурмат билан “Бобожон” фермер хўжалиги раиси                            Мамир Азимов

Адресим:
Жиззах вилояти, Жиззах тумани, «Тоқчилик» фуқаролар йиғини

22.12.2008 й.
Просмотров: 947 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей