Буш ўзига пойафзалини ирғитган журналистдан ‘хафа эмас.’
Оқ Уй воизининг журналистларга айтишича, Президент Жорж Буш Ироқ пойтахти Бағдоддаги матбуот анжумани чоғида ўзига пойафзалини ирғитган журналистдан ‘хафа эмас.’
28 ёшли ироқлик
журналист Мунтадар Заидий айни шу мақсад учун сотиб олган пойафзалини жаноб
Бушга қараб отишдан ташқари уни "кўппак" деб ҳам атаганди.
Журналист отган пойафзал АҚШ президентига
келиб тегмаган бўлса-да, бунинг ортидан келиб чиққан муштлашувда Оқ уй матбуот
воизи Дана Перино яхшигина ғуррали бўлган.
Ўз навбатида ироқлик расмийлар
Мунтадарнинг тўнғич акаси Дарғамнинг укасини қамоқхонада ўласи қилиб
калтаклашганига оид сўзларини рад этишган.
Дарғамнинг айтишича, қўллари, бир нечта
қовурғаси синган, кўзига шикаст етган ва ички қон кетиш асоратлари билан укасини
америкаликларнинг Бағдоддаги ҳарбий касалхонасига олиб кетишган.
Ироқ Олий адлия кенгаши вакили эса,
сешанба куни Мунтадар Заидий, "қораловчи ва ҳимоячи иштирокида маҳкама қаршисида
ҳозир бўлгани ва ўзи айбланаётган хатти-ҳаракатларни содир этганлигига иқрор
бўлгани"ни билдирган.
Дарғам Заидий аввалроқ Би-би-сига берган
суҳбатида бир нечта адвокат укасини ҳимоя қилишни таклиф этган бўлишса-да,
улардан бирортасига Мунтадар билан учрашишга рухсат берилмаганини айтганди.
Мунтадар жаноб Бушга қараб ирғитган
пойафзални сотиб олиш истагини билдираётган арабларнинг сони ҳам озмунча
эмаслиги айтилмоқда.
Мунтадарни нималар
кутмоқда?
Адвокатларнинг тахмин қилишларича,
Мунтадар хорижий давлат раҳбари ва воқеа юз берган маҳалида Америка президенти
билан ёнма-ён турган Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликийни ҳақоратлашда айбланиши
мумкин.
Ироқ қонунчилиги бўйича, бу каби жиноят
учун энг кўпи билан икки йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилади.
Мухбирларнинг айтишларича, хусусий
"Ал-Бағдодия" телеканалининг яқин-яқингача унчалик ҳам таниқли бўлмаган
журналисти Мунтадар Заидий Жорж Буш шаънига айтган сўзлари ортидан нафақат Ироқ,
балки-да бутун Яқин Шарқда ҳақиқий қаҳрамонга айланган.
Пойафзалини ирғитиши ортидан Мунтадар
жаноб Бушга қарата, "Бу сенга алвидо бўсаси, кўппак," деб
қичқирганди.
Яқин Шарқ бўйича мутахассисларга кўра,
пойафзалини кимгадир қараб ирғитиш араб дунёсида кучли нафратни ифодалайди.
Мунтадар Заидий эса, ўз хатти-ҳаракати билан
афғонистонлик бевалар ва етимлар учун ўч олганини айтган
|