Москва олий ўқув юртлари ва
мактабларининг талабаларидан иборат булган 20 га яқин айбланувчидан етти нафари
айбдор деб топилган.
Уларга 6 йилдан 20 йилга қадар қамоқ
жазолари тайинланган.
Тақирбошлар раҳбарлари - Артур Рыно ва
Павел Скачевский - 10 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган.
Шунингдек, маҳкама ҳукмига мувофиқ,
тақирбошлар раҳбарлари қурбонлар яқинларига, тўрт миллион рубль, яъни 143 минг
доллар товон пули тўлашлари лозим бўлади.
Айбланувчилардан фақат бири - Роман Кузин
20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Маҳкамага кўра, тақирбошлар гуруҳига
Москвадаги Насроний Икона Мактабининг ўқувчиси Артур Рыно ва Жисмоний Тарбия
Институтининг талабаси Павел Скачевскийлар раҳбарлик қилганлар.
Артур Рыно ҳимоячиси маҳкама ҳукмидан
мамнун экани ва ҳакамлар жиноий ишга холис ва тўғри ёндошишганини
билдирган.
«Мени фикримча, ушбу маҳкама иши бўйича
ҳимоя томони катта ютуқни қўлга киритди. Чунки, ниҳоятда улкан айбловларга
қарамасдан, айбланувчиларнинг бирортасига ҳам энг олий жазо, яъни бир умрлик
қамок жазоси берилмади", деди адвокат Артем Тинушев.
Гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги маҳкама
жараёнида ўз айбларига иқрор бўлгани айтилади.
Гуруҳ йулбошчиларидан бири Павел
Скачевский маҳкамада сўзлаган охирги нутқида, ўзини «Рус аскари» деб атаган ва
Москвани "келгинди муҳожирлардан тозалаш" мақсадида, қотилликларга қўл урганини
айтган.
Тақирбошлар ўз ҳужумларини видео тасвирга
тушириб боришган ва уларни интернет саҳифаларида намойиш
этишган.
Шу йилнинг сентябр ойида Москва маҳкамаси
13 кишидан иборат яна бошқа бир тақирбошлар гуруҳи аъзоларини уч йилдан 10
йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этганди.
Россия прокуратурасига кўра, ҳар икки
гуруҳ славян чеҳрасига мос бўлмаганларни ўлдириш ва калтаклаш билан
шуғулланишган.
Ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг
хабар беришича, биргина ўтган ҳафта охирида Москвада тўрт хорижий фуқаро ҳалок
этилган.
|