Пайшанба, 14.11.2024, 22:10
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 16 » Москва яна бир меҳнат муҳожири ҳалок этилганди
20:53
Москва яна бир меҳнат муҳожири ҳалок этилганди

Москва шаҳар маҳкамаси камида йигирма инсонни ўлдиришда айбланган тақирбошларни узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилганидан бир кун ўтиб, яна бир меҳнат муҳожири ҳалок этилгани ҳақида хабар олинган.

"Интерфакс" агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларига иқтибосан айтишича, пичоқланган 22 ёшли
Тожикистон фуқароси шифохонада оламдан кўз юмган.

Хабарда айтилишича, "жабрдийданинг кўкраги ва орқасида бир неча пичоқ излари бўлган, шунингдек, у елкаларидан ҳам жароҳат олган бўлган ва шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳушига келмаган ва ҳаётдан кўз юмган".

Москвада биргина ўтган ҳафтанинг ўзида беш нафар хориж фуқаролари ўлдирилган. Улардан бири-20 яшар Тожикистон фуқаросининг боши танасидан жудо этилганди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Россия ҳукуматини ирқчилик ҳужумларини жиловлашга етарлича ҳаракат қилмаётганликда айблайдилар. Би-би-си Ҳьюман Райтс Уотч ташкилотининг Москвадаги идорасидан Татьяна Лакшина билан боғланган ва аввалига Москва маҳкамаси чиқарган ҳукмга муносабатини сўраган:

Татьяна Лакшина: Кечаги маҳкама ҳақиқатдан ҳам шов-шувли бўлди. Чунки, бу жиноят ишининг, таъбир жоиз бўлса, бош қаҳрамони ҳали балоғат ёшига етмасидан туриб, 20 нафар одамни ўлдирган. Эҳтимол, ундан ҳам кўпроқдир. Аммо, йигирмата қотиллик ўз исботини топган. Россия қонунлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, унга берилган жазо энг қаттиқ жазодир. Чунки, бу каби жиноятни содир этган вояга етмаган шахсга 10 йилдан ортиқ жазо кўзда тутилмайди. Шундай экан, у жазоланмади ёки енгил жазо берилди, дейиш қонун нуқтаи назаридан унчалик тўғри бўлмайди. Мантиқан бу ғалати, чунки қотил ўлдирган ҳар бир одами учун ярим йилдан жазо олаяпти. Аммо яна айтаман, Россиядаги адолатли маҳкама назарда тутиладиган булса, бу энг қаттиқ жазодир.

Би-би-си: Аммо, ҳатто Россия матбуотининг ўзи хам жазо енгил бўлганини айтмоқда. Шу маънода Россиядаги мавжуд жиноий қонунчилик қайта кўриб чиқилиши керак, деб ҳисобламайсизми?

Татьяна Лакшина: Гап шундаки, у шундай жиноятни содир этган ягона шахс ёки ягона жиноий гуруҳ эмас. Ирқий нафрат асосидаги жиноятлар, жумладан, қотилликлар сони сўнгги йилларда тўхтамасдан ўсиб бормоқда. Рақамларга қарайдиган бўлсак, масалан, экстремизм ва ксенофобия муаммолари билан шуғулланувчи "САВА" маркази ҳисоб-китобларига кўра, биргина 2006 йилда 60га яқин одам ирқчилик моҳиятидаги ҳужумлар қурбони бўлган. Бу ҳали аниқ рақам эмас. Жиноий қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласига келсак, бу мураккаб бир жараён. Уни яхши ўйланган муҳокамалардан сўнг қилиш керак. Чунки, бизда ҳамма вақт ҳам ҳақиқий жиноятчи жазоланавермайди.

Би-би-си: "Комсомольская правда" рўзномаси кеча маҳкум этилган тақирбошлар бошлиғи Артур Рынонинг "кўрасизлар, қамокдан чиқиб, сиёсатчи бўламан" деган сўзларини келтирган. Бу, Сизнингча, нимани англатади?

Татьяна Лакшина: Биринчидан, бу ёш йигитнинг орзу-ҳаваси кўплигини кўрсатади. У ўзи ишонган ғоялар жамиятда кенг тарқалишига ишонса керак. Аммо умид киламанки, бундай бўлмайди. Иккинчидан, бизда ашаддий миллатчи сиёсатчилар бор ва ватанпарварлик ғоялари билан қоришиб кетган миллатчилик ғоялари кўпчиликни ўзига тортади. Бу жуда хавфли. Айниқса, ҳукумат бундай сиёсатчилар, ҳаттоки уларнинг энг "мўътадиллари" билан ҳам ўйин қилаётган пайт. Бундан ташқари ҳукуматнинг "Наши" ёки "Местные" сингари ёшлар ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши хам хавфли. Тўғри улар экстремист эмас, қонуний ташкилот, аммо улар очиқдан-очиқ муҳожирларга қарши шиорларни айтиб чиқишади.

Би-би-си: Россиянинг ўзида кўпчилик таҳлилчилар охирги ирқчилик ҳужумлари тўлқинини иқтисодий инқироз билан боғлашаяпти. Сизнингча, бу қанчалик тўғри?

Татьяна Лакшина: Мен буни иқтисодий инқироз билан боғламаган бўлардим. Чунки, иқтисодий инқироз энди юз бераяпти. Ирқчилик ҳужумлари эса, охирги бир неча йил давомида авж олган. Шунинг учун, буни инқироз билан изоҳлаш нотўғри. Ҳа, Россияда муҳожирлар сони ошаяпти, хусусан, Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирлари кўпайди. Айнан марказий осиёликлар бу ҳужумларга кўпроқ дуч келишяпти. Сабаби, улар кўзга яққол ташланадиган озчиликларни ташкил этишади. Яъни уларни рус ва славян эмасликларини ажратиб олиш осон. Ҳозирда иқтисодий инқироз муносабати билан кўпгина қурилиш иншоотлари тўхтаяпти ва Россия шаҳарларида ҳам ишсиз муҳожирлар сони кўпайишини кутиш мумкин. Табиийки, улар экстремистик гуруҳларнинг кўзига кўпроқ ташлана бошлайдилар. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари буни ҳисобга олиши ва бошқа ҳужумларнинг олдини олишга ҳаракат қилиши лозим.

Просмотров: 791 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей