Пайшанба, 25.04.2024, 16:27
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 12 » Ўзбекистон бу йил бир қанча тадбирларга қўл урди
03:02
Ўзбекистон бу йил бир қанча тадбирларга қўл урди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллигини халқаро жамоатчилик кенг нишонлар экан, кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этаётгани, сиёсий ва диний эркинликларни чеклагани ҳамда қамоқхоналарида қийноқларнинг кенг қўлланилиши туфайли ғарб мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан танқидга дуч келган Ўзбекистон бу йил бир қанча тадбирларга қўл урди.

 

Бироқ қилинаётган ишлар ва айтилаётган гапларнинг ҳақиқий ҳаётга нақадар мос келиши ўзбек расмийларини кўпда ташвишлантирмаётган кўринади.

 

Президент Ислом Каримов шу йилнинг май ойида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида” фармон чиқарди. Мазкур фармон мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолларини тан олиш ва бунга қарши курашиш йўлларини кўрсатиш ўрнига, собиқ Шўро анъаналарига хос равишда бу санага бағишланган дабдабали тадбирлар ўтказишни кўзда тутган эди.

 

Фармон маҳаллий матбуотда “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш сари муҳим қадам бўлди”, дея таърифланмоқда.

 

Президент фармонидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб деярли ҳар ҳафта инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро декларацияга бағишланган бирор бир йиғин ё-да илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги тизимларида, шаҳар ва қишлоқ йиғинларида, олий ва ўрта махсус-ўқув юртларида бундай тадбирларнинг ўтказилиши гарчанд бир янгилик эса-да, уларда фақат мамлакат эришган ютуқлар эътирофидан нарига ўтилмади.

 

Бу йиғинларнинг барчасида қатнашчилар расмий матбуотда ёзилганидек, “...Ислом Каримов раҳнамолигида юртимиз куч-қудратини ошириш, тараққиётини юксалтириш, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида эркин демократик давлат, инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари устувор бўлган фуқаролик жамияти барпо этишдек эзгу мақсад мужассам эканини таъкидладилар.”

 

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳуқуқ поймолчилари сифатида танқид қилинадиган куч тизими томонидан бундай тадбирлар ўтказилиши ва уларда мамлакатдаги вазиятга юксак баҳо берилишини халқаро ҳамжамият учун кўрсатилаётган томоша бўлиб, аслида эса бу том маънодаги инсон ҳақлари устидан кулиш эканини айтмоқдалар.

 

Бундай тадбирларнинг охиргиси 9 декабр куни парламент аъзолари, инсон ҳуқуқлари миллий маркази, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, ўқитувчилар ва талабалар иштирокида ўтказилган.

 

Анъаналардан чекинилмаган ҳолда бу тадбирда ҳам инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси “миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топгани” таъкидланган. Яна бошқа хабарларда мамлакатнинг барча ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича китоб ва журналларнинг сайёр кўргазмасида “минглаб китоблар намойиш” этилгани айтилади.

 

Май ойидан буён ўтказилган сон-саноқсиз тадбирлар мустақил кузатувчиларнинг эмас, оддий одамларнинг ҳам кучли истеҳзосига сабаб бўлмоқда. Зотан, бугун Ўзбекистондаги ҳаёт қоғоз ва телевизорда бошқа, кўчада бошқа эканини бу тадбирларни уюштираётганлар ҳам яхши билади. Бу икки мувозий ҳаётнинг мавжудлигига одамлар аллақачон кўникиб ҳам бўлган, дейди аксар кузатувчилар.

 

Уларнинг айтишича, сиёсий, диний ва сўз эркинликлари у ёқда турсин, оддий одамларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларининг ҳар қадамда бузилиши одатий ҳолга айланган.

 

“Бугун битта ҳуқуқ бор, хокисорлик ҳуқуқи,” дейди исмини айтишни истамаган, аввал зиёли бўлган ва ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланаётган киши. “Агар хокисор бўлиб, қўлингни кўксингга қўйиб турсанггина сенга раҳми келганларидан жилла қурса адолат кўрасан. Агар қонунларда кўрсатилган ҳаққингни талаб қилсанг, янчиб ташлашади,” дейди у.

 

Маҳалла қўмитасидан тортиб, юқори давлат идораларигача бўлган барча поғонада “адолат талаб қилиб” келганларга нисбатан кучли нафрат борлигини кўпчилик эътироф этади. Зеро, бу бугунги ютуқларни инкор этиш, ҳукуматнинг адолатпарвар эканини шубҳа остига қўйиш билан тенг кўрилади.

 

“Конституцияда ҳамма эркинлик бор. Лекин ўз мамлакатинг пойтахтига боришга юрагинг безиллайди,” дейди Фарғона водийсидан бўлган киши. “Ёнингда ҳужжатинг бўлмаса, пора бермасанг, дайдиларга мўлжалланган қамоқхонага олиб бориб тиқади. Водийдаги довондан ўтиб кўрганмисиз, паспортсиз ўтказмайди. Энди ёнингиздаги болангизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ҳам олиб юришингиз шарт экан,” дейди у.

 

Шаҳар марказларида авж олган давлат аҳамиятидаги қурилишлар туфайли уй-жойлари бузилган одамларга берилган товонларнинг номутаносиблиги кишиларнинг мулкка бўлган қонуний ҳуқуқини шубҳа остига қўйди. Фермер хўжаликларини йириклаштириш ҳаракати туфайли минглаб фермерларнинг ерлари тазйиқ ва қўрқитишлар орқали тортиб олинаётгани ҳам Ўзбекистонда мулкка бўлган ҳуқуқ қоғоздагина қолиб кетаётганини кўрсатди, дейиш мумкин.

 

Бу йил Ўзбекистон болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисидаги халқаро конвенцияга ҳам қўшилди. Ҳукумат бу конвенцияси ижросини кўрсатиш учун сентябр ойида мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида қарор чиқарди. Бироқ бир ҳафтадан сўнг бу қарор тўла унутилди ва болалар мактаб доскасини пахта даласига алиштирди.

 

Ўзбекистон мактабларида конституция биринчи синфдан ўқитилади. “Конституция алифбоси” деган китоб бор. Унда мамлакат фуқароларининг барча эркинликлари санаб ўтилади ва улар қонун билан кафолатлангани айтилади. Қулоқлари эртак эшитишга ўрганган мурғак қалблар учун ҳозирча бу дарслик ҳам эртак китоб сингари туюлса эҳтимол. Бироқ улар бир кун келиб улғаяди ва эртакларга ишонмай қўяди.

Просмотров: 876 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей