"Қуюшқондан чиқиш"
Ислом Каримовдан истеъфога кетишни талаб қилган Юсуф Жума оиласи
ҳукумат тазйиқлари остида тўрт томонга сочилиб кетди. Шоирнинг ўзи
Жаслиққа¸ аëли вабир ўғли муҳожирликка¸ яна бир ўғли Бобур эса¸
қочқинликка маҳкум этилган.
11.12.2008
Комила Собирова
Жаслиқ қамоқхонасига ташланган таниқли шоир Юсуф Жума оиласига босимлар
давом этмоқда. Эндиликда Ўзбекистон идоралари шоирнинг ўғли Бобурни
излашмоқда.
Бу ҳақда Озодликка шоирнинг Ўзбекистондаги қизи Феруза Жумаева маълум қилди:
- 3 кундан бери келишади Бобурни сўраб.
“Бобур қаерга кетди, қачон келади, нима учун келмаяпти? Агар топиб
бермасанг ё келмаса, сенга ҳам, унга ҳам қийин бўлади”, деб дўқ қилиб,
милициялар ҳар куни эрталаб бир марта, пешинга бориб яна бир марта
келишаяпти. Нуқул Бобурни сўрашаяпти: “Ўзи келсин, ўзи келса, унга яхши
бўлади, сен айтмасанг, сенга ҳам қийин бўлади, унинг қаерда эканини
билишимиз керак” деб.
Соат 10 дан кейин ҳам кириб келишаверади, тонг отмасдан ҳам бостириб келишади.
“Нима учун бунақа қиласизлар? Мен бир ўзим яшасам, бу ерда Бобур
бўлмаса, нега қўрқитасизлар? Болам қўрқаяпти”, десам, “Бобурни топиб
берасан, бўлмаса ўзингдан кўрасан, ҳаммаларингга қийин бўлади”, деб дўқ
уришади, - дейди Феруза Жумаева.
Юсуф Жуманинг рафиқаси Гулнора
Олтиева эса ўғли Бобур Ўзбекистонга қайтгудек бўлса, унга нисбатан
маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари яна босимни кучайтиришидан чўчишини
айтади:
- Усмон Халилов деган киши, яъни Қоракўл туманининг ички
ишлар бошқармаси раҳбари: “Шундай ураманки, белларинг майда-майда бўлиб
синиб кетади”, деган.
“Сенлар президентга қарши чиқдиларинг,
бирортанг ҳам тирик юришга ҳаққинг йўқ, сени энди йўқотиб юбораман”,
деган гапгача айтганди.
Ҳар икки-уч кунда уни чақириб, “сени
йўқотиб юборамиз”, дейишган, калтаклашган Бобурни. Кейин у қочишга
мажбур бўлган. Ҳозир ҳам ўғлим ўша таъқиб-тазйиқлардан қочиб, яшириниб
юрипти, - дейди Гулнора Олтиева.
Юсуф Жуманинг тўнғич ўғли
Алишер Жумаев эса Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари нима учун айнан
Бобурни юртига қайтармоқчи бўлаётганлари сабабларига тўхталди:
-
Укам Бобур кўп маълумотларни билади. У дадам билан бир жойда тергов
қилинган, бир кунда ҳибсга олинган. Нима воқеа бўлган бўлса, ҳамма
сирларни билади. Уларга қандай қилиб жисмоний ва руҳий қийноқлар
ўтказилганини, айблар қандай қилиб бўйнига қўйишмоқчи бўлишган, бўйнига
қўёлмаганидан кейин жиноий ишнинг қайси бетида улар ўзлари ёзиб, ўзлари
дадам ва унинг имзоларини ясашган - ҳамма маълумотларни билади, - дейди
Алишер Жумаев.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг шоир Юсуф Жума оила аъзоларига
нисбатан қўллаётган чоралари қуюшқондан чиқиб кетаётганини таъкидлайди:
-
Бугун, 11 декабр куни Женевада инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг Олий
Кенгаши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича аҳволни қараб чиқаяпти.
Шу кунларда шоир Юсуф Жуманинг болалари ва оиласига нисбатан Ўзбекистон
ҳукуматининг ўтказаётган тазйиқини, умуман, ашаддий ғайриинсоний ҳолат,
деб тушунса бўлади.
Бу ҳолат Ўзбекистон ҳукуматининг бундан
буён ҳам инсон ҳуқуқларини писанд қилмаслик ёки поймол қилишда,
қийноқлар қўллашда, ўзгача фикрлайдиганларга нисбатан таъқибларни
кучайтиришда давом этишини англатади, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.
|