Тошкентлик
ҳуқуқ ҳимоячилари 6 декабрь куни 8 декабрь куни нишонланадиган
Ўзбекистон Конституцияси кунига ва 10 декабрь куни нишонланадиган Инсон
ҳуқуқлари декларациясининг қабул қилинганига 60 йил тўлишига бағишлаб
республика Бош прокуратураси биноси олдида “Ҳуқуқ ҳимоячиларининг
паради”ни ўтказдилар. Улар ўз эътиқодлари учун жабрланган барча сиёсий
маҳбусларни ва мусулмонларни озодликка чиқарилишини талаб қилдилар.
«Фарғона.Ру» © Фото
Пикетнинг ўзи тинч ва осойишта ўтди, аммо у ниҳоясига етганидан
кейин ҳуқуқ ҳимоячиларидан кўпини ҳибсга олдилар. Улар ўн киши эдилар,
уларнинг баъзиларига куч ишлатдилар.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Сарапуловга кўра, пикет ўта маҳфийлик билан
ташкил этилди: акциянинг ўтказилиши вақти ва жойи телефонда муҳокама
этилмаган, фақат ўзаро учрашувларда тайинланган. Бир неча мустақил
журналистларга телефон орқали шаҳар курантлари олдида учрашув
тайинланган. Бу ердан Бош прокуратурасигача 15 дақиқада етиб борса
бўлади.
Аммо шунга қарамай, Миллий хавфсизлик ходимлари акция ҳақида
хабардор бўлиб, ҳуқуқ ҳимоячиларининг пикетига яхши тайёргарлик қилиб
келган эканлар. Прокуратура биноси олдида ўндан кам бўлмаган МХХ
ходимлари тўпланган экан.
«Фарғона.Ру» © Фото
.
Шунга қарамай, “Эзгулик”, “Виждон маҳбуслари қўмитаси” ва
“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларининг альянси” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг
фоллари ўзлари билан олиб келган плакатларни очдилар. Плакатларда
“Сиёсий маҳбусларга ва мустақил мусулмонларга озодлик берилишини талаб
қиламиз”, “Мухолифатга ва ҳуқуқ ҳимоячиларига озодлик”, “Санжар
Умаровга озодлик” ва шуларга ўхшаш ёзувлар ёзилганди.
- Биз сиёсий репрессиялар қурбонларининг: журналистларнинг, ҳуқуқ
ҳимоячиларининг, мустақил мухолифатнинг ҳимояси учун акция ўтказгани
чиқдик, чунки Ўзбекистон турмаларида жуда кўп сиёсий маҳбуслар бор.
Уларнинг аниқ сонини айта олмайман, негаки бу миқдор доим ўзгариб
туради, кимнидир чиқаришса, бошқасини ўтқазишади, - дейди “Ўзбекистон
ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”нинг етакчиларидан бири Елена Урлаева. –
Мисол учун, бу рўйхатдан ўрин олган журналист Жамшид Каримовни алоҳида
қайд этиш мумкин. Мана тўрт йил бўлибдики, уни Самарқанддаги
жиннихонада сақламоқдалар. “Онаси Маргарита Турсунова вафот этганидан
кейин унинг тақдирини ҳеч ким билмай қолди. Боз устига, у мамлакат
президенти Ислом Каримовнинг жияни бўлади.
«Фарғона.Ру» © Фото
Ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратура олдида ярим соат турдилар. МХХ
ходимлари уларни тўхтатмай суратга олиб турдилар ва плакатларидаги
талабларни блокнотларига кўчириб олдилар. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари
плакатларини йиғиштириб уй-уйларига тарқала бошладилар. Аммо милиция
ходимлари уларнинг ортидан енгил машиналарда қувлаб етиб, машиналарга
ўтқазиб, Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлимига олиб келдилар. Бу
ерда бир соат давомида ушлаб турилганидан кейин уларни жиноят ишлари
бўйича Мирзо Улуғбек туман судига олиб келдилар.
Икки ҳуқуқ ҳимоячиси – Виктория Баженова ва Людмила Кутеповага нисбатан куч ишлатилди.
Елена Урлаевага кўра, ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши жиноят кодексининг
бир неча моддалари бўйича айблов эълон қилдилар: “ноқонуний митинглар,
пикет ва кўча юришларини ташкил этиш” ва “ҳокимият вакилларига қаршилик
кўрсатиш”. Ҳолбуки, Урлаевага кўра, униси ҳам буниси ҳам улар томонидан
содир этилмаган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Анатолий Волков “Фарғона.Ру” мухбирига судья
Қурбонов уни ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини ишини кўрганини маълум қилди.
- Қурбонов ўзбошимчалик билан Конституцияни қўпол равишда бузган.
Конституцияа кўра, ҳар бир фуқаро унинг иши судда ошкора тартибда
кўрилишига ҳақли. Аммо ҳаммамизни ажратиб қўйдилар ва
ҳамкасбларимизнинг иши кўрилаётган пайтда қолганларнинг иштирок этишига
йўл қўймадилар. Боз устига, бизга адвокат хизматидан фойдаланишга
имконият бермай яна бир бор конституциявий ҳуқуқларимизни буздилар.
Конституциянинг 107 моддаси мамлакатда фавқулодда судларни ўтказишни
тақиқлаганига қарамай, бизни дам олиш куни, ҳеч қандай дастлабки тахмин
қилинган жиноят содир этилган кунда терговсиз суд қилдилар, - дейди
Волков.
Айни пайтда ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларининг деярли ҳаммаси
озодликкка чиқарилган. Уларнинг ҳар бирини 250 минг сўмдан (200
долларга яқин) йирик жаримага тортдилар. Судья милиция ходимлари
томонидан калтаклаб ўлдирилган Музаффар Тўйчиевнинг онаси, ўғлининг
қотилларини жазолашни талаб қилган Зулхумор Тўйчиевани ҳам аяб
ўтирмади. Бор-йўғи 59 минг сўм пенсия оладиган бу аёлни 280 минг сўмга
жаримага тортдилар. Жаримага тортилганларнинг барчаси ҳукмни юқори
инстанцияларда протест қилмоқчилар.