Юсуф Жуманинг уйига миршаблар қатнови.
Жаслиқда қийноқларга тутилаётган
таниқли шоир Юсуф Жуманинг уйига бу сафар келган миршаблар унинг ўғли Бобурни
қидиришаётганини айтишган.
Шоирнинг қизи Ферузга дўқ қилган
миршаблар Бобурнинг қаердалигини билишларини айтиб, яхшиликча келсин, акс ҳолда
ўзларингга қийин бўлади деганлар. Кейин эса унинг телефон номерини топиб бер деб
унга дағдаға қилишган.
6 декабр куни келган бу
"меҳмонлар" қишлоқдаги одамлардан ҳам Бобурни кўрмадингларми, қаердалигини
билсизларми деб сўраб чиқишган.
Шоир Юсуф Жуманинг фарзанди Бобур
шартли жазога ҳукм қилинган ва Ўзбекистон Олий судига кассация тартибида шикоят
билан мурожаат этганди.
У 2007 йил охирида ҳибсга олинган
кунидан бошлаб қамоқда ўзи, отаси ва акаси Машрабларнинг қийноқларга солингани
ҳақида арз қилганди, зулм жаллодларига жазо берилишини талаб қилганди.
2007 йилнинг декабридан то 2008
йилнинг апрелига қадар давом этган тўрт ойлик ҳибсдан кейин - Бобур Юсуфжон
ўғлига уч йил шартли жазо берилиб, озодликка чиқарилган эди.
Бобур Юсуфжон ўғли, ўтган йили
17- декабр куни қай тарзда, уни ва унинг отасини, Тошкентдаги таниш ҳуқуқ
ҳимоячисининг уйида Бухоро миршаблари тазйиқларидан қочиб яшириниб юрганларида
ҳибсга олишгани, бунгача 10 декабрда уларнинг Қоракўл туманидаги уйларига, барча
оила аъзоларини ҳибсга олишга уриниб қуролли ҳужум қилингани ҳақида батафсил
маълумот берган.
«…Уйга қочиб кирганимизда,
уйимизга қуролли босқинчилик уюштиришди, итларимизни, молларимизни отиб
ташлашди. – дея ёзаганди Бобур. – Биз бахтли тасодиф ва ҳарбийларнинг
уқувсизлиги сабаблигина қуршовдан қочиб қутулдик Лекин 2007 йил 17 декабр куни
бизни Тошкент вилояти Янгийўл туманида сотқинлар ёрдами билан ҳибсга олдилар.
Ҳибсга олиш чоғида бизни калтаклаб, уриб, қўлимизга қонунан ишлатиш мумкин
бўлмаган тиканли сиқувчан кишан солишди ва бошимизга резина қоп кийгизиб, ушлаб
олиб кетдилар. Бизни ушлаётганларнинг кўкракларида СБП (Служба безопасности
президента) деб ёзилган нишонлар бор эди.
Ҳибсга олинган Юсуф Жума ва
Бобурларни номаълум жойга олиб боришади, Бобурнинг сўзларига кўра бу ертўлада
жойлашган хона эди, у ерда уч кун ётишади. У ердан «воронка» машинасида 1 сон
Тошкент қамоқхонасига (Тоштурмага) олиб келишади, бу ерда уларни профессионал
қийноқ усталари кутиб олади ва Каримов режимининг ўз мухолифларига бўлган
шафқатсизлиги ва ёвузликларини кўрсатишади.
Бобурни Тоштурма бошлиғи олдига
олиб боришганида, унинг ёзишича, олиб бораётган соқчи бир дубинка Билан уни
муттасил уриб борган. Кейин бошлиққа олиб киришган. Бошлиқ уни кўриши билан:
- Ҳа, Юсуф Жуманинг эркатойи,
отанг билан сендан бошқа бош кўтарадиган йўқми? – дея калтаклай бошлайди.
«У менинг бошимга ва юзимга
урарди. Кўзларим шишиб қовоқларим ёрилиб кетди. Кейин соқчиларни чақириб,
"синдириб ташланглар" деб буйруқ берди.», - ҳикоя қилади Бобур.
Юсуф Жума ва Бобурнинг Тоштурмада
бўлиши узоқ чўзилмайди, фақат икки кун. Кейин уларни яна Бухоро вилоятига,
Бухоронинг қийноқлар билан ном чиқарган, қийноқлар ўтказиш бўйича Жаслиқ
турмасига ҳам ўрнак бўладиган 3- сонли (Отбозор) ҳибсхонасига олиб келишади.
«Дадам ва мени бу ерда роса
калтаклашди, танимизда кўкармаган жой қолмади. Товонимиз остига уришди.
Юролмайдиган аҳволга тушдик. Мен ураётганларга ҳибсхона раҳбари Самад Шукуров,
Тезкор гуруҳ раҳбари Отабек Собиров ва Ботирали Сафаровлар бошчилик қилиб
туришди», - дея ёзганди Бобур Юсуфжон ўғли.
Бобурни калтаклаб бўлишганидан
кейин судраб олиб бориб 111 камерага ташлашади, қаҳратон совуқ синовлари
бошланади. 2007 йилнинг декабри, Ўзбекистонда совуқ ҳарорати 20 даражага чиққан.
Камеранинг тепасидан сув ўтиб турарди. Синиқ деразадан кираётган қор ёмғирлар
яхлаб қоларди. Махбусларга ҳатто адёл ҳам беришмасди.
Ҳар куни тонг соат олтида
маҳбуслар уйқудан уйғотилар эди, дея ҳикоя қилади Бобур. Уни камерасидан Отабек
Собиров олиб кетиб қийноқлар хонасига олиб борарди. У ерда қоидага кўра, шоир
Юсуф Жума бўларди.
«Аввалига мени қўл оёқлари билан
роса калтакларди, кўкрак қафасларим шишиб кетарди. Чарчагандан кейин соқчиларни
чақириб оёғим остига юз маротабагача резина дубинка билан урдирарди. Оёқларим
шишиб кетарди. Қадам босиб бўлмасди. Менга ўтказилган қийноқларни дадам кузатиб
туришга мажбур қилинарди. Дадамни ҳам худди шундай қийнашарди ва мени кузатиб
туришга мажбур қилишарди - мен учун бу кузатиш ўлимдан ҳам оғир эди. Биздан
Ўзбекистонда неча жойда портлаш бўлган бўлса ҳаммасига алоқам бор деб ёзиб
беришни талаб қилишарди. Биз ҳеч нарса ёзиб бермасдик», - дейди Бобур.
Энг даҳшатлиси, шоир ўғлининг
сўзларига кўра, 23 декабрь куни Ўзбекистон президенти сайлови куни бўлди. Уларни
сайловига олиб чиқиб, президентликка даъвогалардан бирортасига овоз беришга
мажбур қилишади. Рўйҳат бўйича Ислом Каримов биринчи турарди.
Бобур сайловдан воз кечади ва
бюллетенни шундай қайтариб беради. Уни камерага қайтариб келишди. У ерда уни
Ўткир исмли навбатчи ходим кутарди ва уни Отабек Собировнинг олдига олиб
киришади.
«Кучук, - дея унга мурожаат
қилади Отабек Собиров, - сен овоз бермаган билан бобой президент бўлмай
қоладими, бобой аллақачон президент бўлиб бўлган».
Кейин калтаклаш.
«У менинг бошимни бетон деворга
урарди, кўкракларим кўкариб кетди. Кейин навбатчи ходимларга ушлатиб туриб оёғим
остига резина дубинка билан урдирди. Ҳолдан тойганимдан кейин мени хонамга
судраб ташлаб кетишди».
Бобур ўзига келганида, қўшни
хонадан отасини қандай қийнашаётгани эшитила бошлади.
«Дадам ҳам Қаримовга овоз
бермаганликлари учун қийноққа солинаётган эдилар, - дейди Бобур. - Шу куннинг
ўзида бу хонадан укам Машрабнинг ҳам додлаган овозини эшитдим. Менинг эшитишим
учун мен сақланаётган камеранинг дарчасини очиб қўйишган эди. Бизни ҳам
жисмонан, ҳам руҳан қийнашди».
28 декабр куни Бобур Юсуфжон ўғли
илк бор терговчи Акбар Раҳимов Билан учрашади. Бобур унга, қамоқда ўзи, отаси ва
акасига нисбатан қийноқлар ўтказилаётгани, машинани ўзи бошқарганимни, менга
машинани бошқариш учун ҳеч ким буйруқ бермаганини, ҳеч кимни бостириб
кетмаганини қайта қайта ёзиб беради.
Терговчи Бобурга, агар у айбни
бўйнига олмаса дадасини 20 йилга қамашларини айтади. Лекин бу иқрорномага Бобур
имзо чекмайди. Шу билан терговчини Судга қадар у қайтиб кўрмайди. Тергов
ишларини Тезкор гурух рахбари Отабек Собиров олиб борди.
27 февраль куни "Қизил хоч"
Халқаро қўмитасидан одам келади. Бобур унга ва дадасига ўтказилган қийноқлар
ҳақида ёзиб беради. Қизил Хочдан деб кўрсатилган одам кейин Отабек Собировни
чақириб, унинг ёзган қоғозини беради. Кейин уни яна даҳшатли қийноқларга
солишади. Кейин Бобурнинг тушунишича, уни текшириш учун бу бир синов, агар Қизил
хочдан одам келса у қийноқлар ҳақида айтадими йўқми деб текширишаётган экан.
15-апрелда шоир Юсуф Жума беш
йилга озодликдан маҳрум этилади, Бобур шартли равишда уч йил жазога ҳукм
этилади.
Мана энди миршаблар уни яна
қидириб қолишди.
Файзулло, Бухоро.
Turonzamin.
|