Жума, 29.03.2024, 00:28
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Декабр » 3 » Ўзбекистон чегараларини нима учун ёпмоқда?
22:18
Ўзбекистон чегараларини нима учун ёпмоқда?

Ўзбекистон Тожикистон билан чегара постларини бирор бир тушунтиришсиз ёпиб қўйган, натижада инсонлар яқинларининг таъзияларига боролмаганлар.

 

Би-би-си мухбири Тожикистоннинг Турсунзода туманидаги Тожик-Ўзбек чегара постидан хабар қилишича, одатда ўтиб-қайтаётган йўловчилар, аравакашлар, такси ҳайдовчилари ва пул алмаштирадиган кишилар билан гавжум бўладиган жойда бармоқ билан санарли одамларни кўриш мумкин.

 

Қўлларида телеграммалари бўлган инсонларни Тожикистон чегарачилари бетараф ҳудудга ўтказишарди, телеграммасиз келганларни эса шу ердан ортга қайтаришарди, дейди мухбиримиз.

 

Ўзбек томонига кўрсатиладиган бу қоғозларда жуда жиддий сабаблар айтилган бўлиши керак.

 

Хусусан, яқин қариндошининг вафот этгани телеграммада кўрсатилиши керак.

 

Чегара постидан қайтарилган уч аёл Регарда истиқомат қилишади.

 

Уларнинг айтишларича, Тожик-Ўзбек чегарасининг ёнидаги қишлоқда яшайдиган жиянлари шанба куни оламдан ўтган.

 

"Амакимнинг ўғли бандалик қилди. Мана тўрт кундан буён бизни ўтказишмаяпти. Биз чегаранинг очилишини, фақат таъзияда эмас, тўйлар, қариндош-уруғларимизнинг туғилган кунларига бориб келишни истаймиз", дейди тожикистонлик аёл.

 

У ёнидаги аёлларни кўрсатиб дейди: "Укамнинг хотини - аммамнинг қизини келин қилганмиз. У Ўзбекистондан келган. Опам эса қизини Деновга турмушга берган. Бир опам эса Музроботда яшайди. Ҳар икки-уч ойда кўриб туришни хоҳлаймиз, иложи йўқ".

 

Йўловчилар орасида телеграммаси етиб келмаганлиги туфайли охирги дийдордан бенасиб қолганлигидан афсусланаётган инсонларни кўриш мумкин.

 

"Опам ўлган. Жанозага боролмай ўтирибмиз. Мана соат 11 бўлаяпти. Агар ҳозир чегарадан ўтсам ва жасадни соат 1 ларда уйдан олиб чиқишса, улгурардим", дея кўзига ёш олади аёллардан бири.

 

Тожикистон чегарачиларининг айтишларича, Ўзбекистон чегараларининг ёпилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаганлар ва нима учун ёпилиши сабаблари ўзларига маълум эмас.

 

Ўзбекистон 27 ноябр куни чегарасини ёпгани сабабли юкларини Тожикистонга олиб ўтолмаган тужжор аёлнинг айтишича, сабабини ўзбек чегарачиларидан сўраганида, улар "махсус буйруқ" келди, дейишган.

 

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасидан билдиришларича, чегаранинг ёпилганидан хабарлари йўқ ва консуллик бўлими Ўзбекистон визасини беришда давом этаяпти.

 

Просмотров: 1093 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей