Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича
махсус вакили Пьер Морел Тошкентга сафар қилмоқда.
Унга Оврўпо Иттифоқи президентлигини
топшираётган Франса ҳукумати вакили ва бу лавозимни қабул қилиб олаётган Чехия
расмийси ҳамроҳлик қилишмоқда.
Жаноб Морел ва
дипломатлар
Ўзбекистон
Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашишган.
Икки ўртадаги мулоқот чоғи жаноб Морел
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сўнгги қадамларини олқишлагани
айтилади.
Оврўпо Иттифоқи махсус вакилининг
Ўзбекистонга бу сафарги ташрифи нимаси билан аҳамиятли? Би-би-сининг Марказий
Осиё ва Қофқоз хизмати муҳаррири Фирдавс Робинсон:
Фирдавс
Робинсон: Бу- Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга қарши Андижон
воқеаларидан сўнг жорий этилган жазо чораларининг аксарисини бекор қилганидан
бери Пьер Морелнинг Ўзбекистонга илк сафари. Унинг Ташқи ишлар вазири билан
учрашаётгани ва алоқаларнинг бугунги мақомини муҳокама қилиши аҳамиятга молик
ҳодиса. Охирги йил асносида Ўзбекистон ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги
муносабатлар илиқлашди. Буни, айниқса, энергия ва хавфсизлик соҳаларида кўрса
бўлади. Оврўпони фақат энергия масалалари қизиқтираётгани йўқ, унинг учун
Марказий Осиё Афғонистонга бир даҳлиз сифатида рол ўйнаши жуда муҳим.
Би-би-си: Оврўпо Иттифоқи шу йил
Марказий Осиё билан қандай алоқа қилиш бўйича янги стратегиясини қабул қилди ва
бунинг ортидан Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга бўлган эътибори ҳам ошди.
Ҳозирда бу
стратегия қандай даражада ва умуман, бунинг ортидан бирор ижобий ўзгариш
кузатилдими?
Фирдавс
Робинсон: Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясига
Олмония ўз президентлиги чоғида бошчилик қилди ва ҳозир ҳам олмонлар мана шу
стратегияда етакчилик қилишмоқда. Охирги йилларда Оврўпо Иттифоқи доираларида Ўзбекистонни
ихоталаб қўйиш, уни яккалаш иш бермади деган хулосага келинди ва ўзбеклар билан
кичикроқ кўламда бўлса-да, мулоқот қилиш таклиф этилди. Мулоқот орқали
Ўзбекистонга Оврўпо Иттифоқи таъсир эта олиши ва шу билан бир қаторда ўз
манфаатларини ҳам қондириши мумкин деган фикр қўллаб-қувватланди. Оврўпо
Иттифоқи стратегиясида энергия, айниқса, газ жуда муҳим ўрин тутади. Ҳозирда
фақат Россиядан газ сотиб оладиган Оврўпо муқобил газ манбаларини топишга бор
кучи билан ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон билан Оврўпо ўртасидаги алоқалар яхши
дейиш мумкин, айниқса, Қозоғистоннинг Оврўпода Ҳавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти
раислигига кўз тикаётгани ҳисобга олинса. Туркманистон билан алоқалар ҳам
аста-секин илиқлашмоқда. Ўзбекистонга ҳам турли лойиҳаларда сармоялар
киритилаяпти. Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот эса, қуйи даражада олиб борилаяпти.
Оврўпонинг Марказий Осиё бўйича янги сиёсати савдо, газ, хавфсизлик соҳаларига
асосланади, аммо инсон ҳуқуқлари масаласи ундаги асосий мулоқот мавзулари
сафидан ўрин олмаган Оврўпо Иттифоқи вакили
Ўзбекистонда
|