32 киши узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилди Ўш вилоят
маҳкамаси Новқат шаҳрида Рамазон Ҳайити куни оммавий тартибсизликларни
ташкиллаштиришда айбдор деб топиб, 32 кишини 15 йилдан 20 йилгача қамоқ
жазоларига ҳукм этган.
Қирғизистон Жиноят кодексининг саккиз
банди бўйича айбланган 31 фуқаро, жумладан кўп фарзандли икки жувон, узоқ йиллик
муддатларга озодликдан маҳрум этилганлар.
Вояга етмаган бир ўспирин 9 йиллик
озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Маҳкама 27 ноябр ярим тунга яқин
якунланган.
Судланганлар ҳукмни Аллоҳга ҳамд-санолар
айтиш билан кутиб олишган.
Айбланувчилар ҳимоячиларининг айтишларича,
ҳукм далилланмаган, тергов жиддий камчиликлар билан
ўтказилган.
Адвокатлар ҳукм устидан шикоят қилишларини
билдиришган.
Кузатувчилар маҳкаманинг қисқа фурсатларда ўтказилганига эътибор қаратганлар.
26 ноябрда айбланувчиларнинг кўрсатмалари якунланганидан кейин маҳкаманинг навбатдаги мажлиси 1 декабрга қолдирилган, бироқ эртаси куни мунозараларни давом эттиришга қарор қилинган, шу куни маҳкама қарори эълон қилинди.
32 киши Новқат шаҳрида оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш, мулкка атайлаб шикаст етказиш, ҳокимият вакилига зўравонлик қилиш каби моддаларда айбдор деб топган.
Судланувчиларнинг аксари ўзларига қўйилган айбларни тан олмаганлар.
Айни пайтда айрим айбланувчилар "Ҳизбут-таҳрир" фирқаси билан алоқада бўлганлари, "Ҳизбут-таҳрир" варақалари ва адабиётларини сақлаганликларига иқрор бўлганлар.
Айбланувчиларнинг аксари тергов изоляторидаги хўрлик, ҳақорат ва таналарига жароҳат етказилганидан шикоят қилганлар.
Айрим кузатувчилар фикрича, ушбу ҳукм инсонларнинг "Ҳизбут-таҳрир" фирқасига аъзо бўлмаслик борасидаги бир огоҳлантириш сифатида ҳам кўрилмоқда.
|