Ўзбек қочқинлари Европа суди паноҳида
Абдулла Искандар
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бир ҳафта давомида икки маротаба Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилмаслик талаби билан Россияга юзланди. Расмий Тошкент тарафидан террорчиликда айбланган, ҳуқуқ ҳимоячилари назарида эса эътиқоди учун таъқиб қилинаëтган Абдуллажон Исoқов ва Абдумутталиб Каримовларнинг Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Страсбург маҳкамаси талабига кўра тўхтатилди.
Бу ҳақда “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Озодлик мухбирига маълум қилди.
- 10 ноябр куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Тошкент талаби билан Россияда ҳибсга олинган наманганлик Абдуллажон Исоқовни Ўзбекистонга жўнатмаслик талаби билан чиқди. 13 ноябр куни айни ташкилот андижонлик қочқин Абдумутталиб Каримов борасида ҳам шундай талабни илгари сурди.
Рябининага кўра, Россия қамоқхоналаридаги ҳар иккала маҳбус Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилинмоқда. Россия Бош прокуратураси шу йилнинг 12 августида наманганлик Исоқовни экстрадиция қилиш қарорини чиқарган бўлса, андижонлик қочқин Каримов ҳақидаги прокуратура қарори 18 сентябрда имзоланган.
“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина, ҳар иккала маҳбус ҳақида батафсил маълумотга эга.
- Абдуллажон Исоқов 2008 йилнинг 6 мартида Ўзбекистон талаби билан Тюмень вилоятида ҳибсга олинган. У ҳозир Тюменьдаги ҳибсхонада сақланмоқда. Абдуллажон Исоқив ўзини Россия фуқароси деб билади. Зеро у Ўзбекистонни 1989 йилда тарк қилган. Бу дегани Россия қонунларига кўра, Россия фуқароси деганидир. Унинг Россия паспорти Тюмень вилояти ИИБ ходимлари томонидан олиб қўйилган.
Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши Страсбург маҳкамаси талабига кўра тўхтатилган маҳбуслардан яна бири¸ 2005 йили 13 май Андижондаги қирғинга гувоҳ Абдумутталиб Каримовдир. Каримов 2008 йилнинг 11 июнида Марий Эл вилоятининг Йошкар Ола шаҳрида қўлга олинган.
Рябининага кўра, Абдумутталиб Каримов ҳам Ўзбекистон ҳукумати тарафидан асоссиз таъқиб қилинмоқда.
- Абдумутталиб Каримов Андижон қирғинига тасодифан гувоҳ бўлиб қолган. У ўша куни Андижонга ўз дўконига мол олиш учун борган. Бобур майдонидаги митингга тасодифан бориб қолган. Ҳукумат қўшинлари тинч аҳолига ўқ ота бошлаганда, қочаëтиб паспортини тушириб қолдирган. Бу паспорт МХХ қўлига тушгач, уни таъқиб қилиш бошланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг икки Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилмаслик талаби боис, бу икки маҳбус иши 4 декабрда қайта кўриладиган бўлди, дейди Рябинина.
|