Пайшанба, 14.11.2024, 21:54
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Ноябр » 11 » Фермерларнинг ерларидан воз кечишларини талаб қилмоқдалар
19:46
Фермерларнинг ерларидан воз кечишларини талаб қилмоқдалар
Фермерларнинг ерларидан воз кечишларини талаб қилмоқдалар
 
Ўзбекистонда ўз хўжалигини ҳокимият ихтиёрига топшириш босими остида қолаётган фермерларнинг норозилиги юзага келмоқда.  

Жойлардан олинаётган хабарларга кўра, туман ҳокимлари кучишлатар тизимлар босимларини қўллаб, фермерларнинг ерларидан воз кечишларини талаб қилмоқдалар.

 Бу амаллар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фермер хўжаликларини йириклаштириш ҳақидаги ҳужжати асосида қилинаётгани айтилмоқда.

 Бу ҳужжат Ўзбекистон матбуотида эълон қилингани йўқ.

 Ўзбекистонлик фермер ва инсон ҳуқуқлари фаоли Маъмуржон Азимов "Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича махсус комиссия ташкил этиш тўғрисида" деб номланган 2008 йил 6 октябрдаги фармойиш билан танишлигини айтади.

 Ўзбекистонда фермер хўжаликларини йириклаштириш айнан комиссия ташкил этиш ҳақидаги фармойиш асосида амалга оширилаяптими ёки яна бошқа ҳужжат қабул қилинганми, ўзбек расмийлари бу борада ҳозирча изоҳ берганлари йўқ.

 Ҳатто ўзларининг ерларидан ажраб қолаётган деҳқонлар учун ҳам мамлакатда бошланган бу тадбирларнинг моҳияти мавҳум бўлиб қолмоқда.

 Жиззахлик фермер ва инсон ҳуқуқлари фаоли Маъмуржон Азимовнинг айтишича, 6 октябрдаги фармойишга биноан, ҳар бир туманда ҳоким, прокурор, милиция идораси бошлиғи, тегишли ташкилотлар раҳбарларидан иборат ички гуруҳлар тузилиши лозим.

 Бошида бу гуруҳлар жойларда фермерларнинг йиғилишларини ўтказиб, президентнинг ер майдонларини кенгайтириш ҳақидаги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, "фермерлар сизлар ўзларинг ўзаро келишиб, тўрт-беш фермер хўжалиги бирлашинглар, ўзларингга битта раҳбар тайинланглар, ўша раҳбар билан ҳамкорликда ишлайсизлар", дея тушунтириш беришди, дейди Маъмуржон Азимов.

 "Мен ўзимнинг 10 ёки 15 гектарлик майдонимни туман заҳирасига қайтараман ва фалончи фермер билан қўшилиб бирга ишлайман", деб ариза ёзган фермерлардан ҳам "ўз аризаларингизда фалончи фермерга қўшиламан деб кўрсатманглар, ер майдонимни туман заҳирасига қайтараман, 30 йиллик ижара шартномасини ҳам бекор қилишингизни сўрайман деб ёзинглар", дейилган Жиззах вилоятида кейин ўтказилган йиғилишларда.

 Аммо ҳамма вилоятларда ҳам бу ўзгаришлар сабаби деҳқонларга тушунтирилаётгани йўқ, фермерлар ерларини давлатга қайтаришга мажбурланаётганларидан норози бўлмоқдалар.

 Қашқадарё вилояти Нишон туманида ўз хўжалигидан воз кечишни истамаган юза яқин фермерлар туман ҳокимлигидан мажбурий амал борасида изоҳ талаб қилганлар.

 Улар туман марказидаги ҳокимият биноси олдига келиб, расмийлар билан учрашишга ҳаракат қилишган.

 Нишонлик фермерларнинг айтишларича, ўзининг ер майдонидан воз кечишни истамаган фермерларга охирги икки-уч йиллик фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ишидан қусур топиб жазо кўриш ёки милиция бўлимига олиб кетиш пўписалари қилинган.

 Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Суръат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокимлиги биноси қаршисида ҳам қарийб 150 фермер йиғилган, улар нега ўз ерларидан воз кечишлари лозимлиги тушунтириб берилишини талаб қилганлар.

 Суръат Икромов Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент, Фарғона ва Сурхондараё вилоятларининг ўнлаб туманларидан фермерлар шикоятлар билан мурожаат қилганини маълум қилди.

 Би-би-си Тошкентдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан боғланганида, вазирлик мулозимлари барча раҳбарларнинг Қашқадарёга кетишгани сабабидан бу борада изоҳ беролмасликларини айтишди.

 Маҳаллий ҳокимлар, прокурор ва милиция идораси раҳбарлари бош-қош бўлаётган бу амалларнинг Ўзбекистондаги қонунларга нақадар мос эканлиги ҳам савол остида.

Просмотров: 829 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей