Пайшанба, 14.11.2024, 22:01
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Ноябр » 7 » Рустам Усмоновнинг янги китоби чоп этилган
23:41
Рустам Усмоновнинг янги китоби чоп этилган

Яқинда Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида минтақада таниқли ишбилармон Рустам Усмоновнинг янги китоби чоп этилган. Икки юз нусхадагина нашр қилинган асар тақдимоти маҳаллий жамоатчилик диққатини жалб этган. 

Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон эркин ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси, дейилмиш Рустам Усмонов бир пайтлар Ўрта Осиёда биринчи хусусий банк таъсис этган ва "Рустамбанк" номи билан маълум ва машҳур бўлган. Бундан 10 йил муқаддам арбоб Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан қатор иқтисодий жиноятларда айбланган ва 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

 

…Темир панжара ортида ёзилган китоб "Қуёш барчага баробар" деб номланади. Муаллиф ўз фарзандларига мактублар шаклида битган асар аввалроқ Жалолободдаги русийзабон "Взгляд" рўзномаси саҳифаларида эълон қилинган. Сўнг маҳаллий босмахонада, яна рус тилида, китоб сифатида чоп этилган. Тўпламга Рустам Усмоновнинг ҳибсда ўн йил мобайнида ёзган хатларининг салмоқли қисми кирган. Мутахассисларга кўра, муқаддас Қуръон қадриятларига асосланган фалсафий асар машҳур "Қобуснома" услубида битилган.

 

Ҳибсдаги қаламкаш не ҳақда ўй суради? 

 

- Рустам Усмоновнинг китоби ҳозирги нотинч давримиз ёшлари учун жиддий аҳамият касб этади, -дейди"Взгляд" газетаси муҳаррири Олеся Тугушева. - Муаллиф очиқ-ойдин, ҳақиқатга таянган ҳолда динни қандай йўл билан яхши тушуниш, уни қандай ўрганиш ҳақида тушунча беради, мутолаадан сўнг, ҳаётга бошқа кўз билан қарай бошлайсан киши.

 

Маҳбус Усмонов"Взгляд" рўзномаси билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келади. Газета бош муҳаррирининг айтишича, у рўзномага мунтазам равишда мактуб йўллаб туради. Хатлар нафақат инсоннинг маънавий дунёси, балки, айтайлик, аниқ фанлар - физика, математикага ҳам дахлдор. Масалан, мактубларда мураккаб масалаларни оддий усуллар билан ечиш йўллари кўрсатилади.

 

- Мен бу хатларни мутахассисларга кўрсатмоқчиман, материаллар таълим соҳасида қўл келишлари эҳтимол, - дейди муҳаррир.

 

Бу йил ёзда Рустам Усмонов 60 ёшга кирган. Таваллуд кунини у Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридаги қамоқхонада кутиб олган. Қариндош-уруғлари айтишича, Рустам ака хатларида ўз тақдиридан шикоят қилмайди.

 

"У одамларга недир беришни истайди ва қилаётган иши биринчи навбатда унинг ўзига куч-қувват бағишлайди", дейди дўстлари.

 

Иқтидорли ишбилармон Рустам Усмонов бир пайтлар Андижон вилояти хўжаликларида фаолият юритган. Мустақиллик йилларида йирик тадбиркор, иқтисод фанлари доктори даражасига етишган. Унинг қаламига қатор китоб, уч юздан зиёд мақолалар мансублиги айтилади.

 

Усмонов асли Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан бўлиб, ушбу ҳудудда ҳам фаолият олиб борган.

 

- Рустам Усмонов рус, ўзбек тилларида яхши қалам тебратади. Бир пайтлар "Правда Востока" рўзномасида кучли мақолалари чоп этилган. 1990 йилларда Андижон вилоятида ишлаган. Биогумусни биринчи бўлиб олиб келган. "Бир арава гўнгга бир арава олтин бераман", деб мақолалар ёзган. Бир неча китоби нашрдан чиққан - "Бозор иқтисодиёти ҳақида", "Я не устал бороться" ("Мен курашдан чарчамадим") мақолалар тўплами…"Бой бўлиш сирлари" деган китобидан бобларни биз маҳаллий газеталар саҳифаларида ўқиган эдик", дейди жалолободлик тадқиқотчи Абдумўмин Мамараимов.

 

Қуёш барчага баробар 

 

Моддий сабабларга кўра, "Қуёш ҳар кимга баробар" китоби атиги200 нусхада чоп этилган.

 

Муаллифнинг рафиқаси айтишича, асарнинг ўзбек тилидаги нусхаси ҳам тайёр бўлиб, маблағ топилса, у ҳам чоп этилади.

 

Ўшлик тадбиркор Насиба опа Аҳмедова ўз вақтида Рустам Усмонов билан ҳамкорликда иш юритган. Насиба опа Усмоновнинг"Прерванный полёт" ("Узилган парвоз") китобини ҳали-ҳали эслайди ва собиқ ҳамкорининг овози қамоқхонада ҳам баралла янграётганидан хурсанд. "Бунинг учун инсонга куч, ирода даркор", таъкидлайди опа.

 

- Асарда офтоб ҳаммага бир хил нур сочиши бежиз таъкидланмаган. Қуёш ҳаммага баробар - бойга ҳам, камбағалга ҳам. Ҳақдорга-ю ноҳаққа ҳам. Рустам ака ҳибсда ҳам таслим бўлмай, фаолиятини давом эттирмоқда. Бу одамларга ўрнак, - дейди опа.

 

Дарҳақиқат, Қуёш барчага баробар. Тутқунга ҳам, озод қушга ҳам. Қувватбахш нурлардан самарали баҳраманд бўла олиш эса ҳар кимнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ҳибсдан мактублар кишини айнан шундай фикрларга етаклайди.

Мўмин Бекзод, Би-би-си, Жалолобод

Просмотров: 1074 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей