Сешанба, 16.04.2024, 12:59
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Ноябр » 7 » Президент фармонига мувофиқ фермерлар ўз еридан воз кечиши лозим
23:33
Президент фармонига мувофиқ фермерлар ўз еридан воз кечиши лозим
Президент фармонига мувофиқ фермерлар ўз еридан воз кечиши лозим
  
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган Аграрийлар ва тадбиркорлар партиясининг хабар беришича, мамлакатнинг турли вилоятларида маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан фермерлардан уларга қарашли ерларни ҳуқуқ-тартибот тизимлари ёрдамида тортиб олиши ҳоллари ортиб бормоқда.  

 Партия фаолларининг билдиришича, ҳокимият вакиллари ўз амалларини Ўзбекистонда фермер хўжаликларини йириклаштиришни назарда тутувчи президент фармони билан асослашаётган экан.

 Президент фармонига мувофиқ, ер майдони 80 гектардан кам бўлган фермерлар ўз еридан воз кечиши ва бошқа ферма хўжаликларига ерини қўшиб бериши лозим.

 Мазкур фармон фермерлар томонидан турлича қарши олинган.

 Айрим фермерлар ер ижараси бўйича ҳокимият билан узоқ йиллик шартномалар имзолашганини, президент фармонидан сўнг қонуний кучга эга ана ўша шартномани бекор қилиш талаб этилишини, бироқ Ўзбекистонда фермер хўжалигининг майдони камида50-80 гектар бўлиши лозимлигини таъкидлайдиган қонун йўқлигини айтишган.

 Шу пайтгача оиласи билан банд бўлган фермерларнинг ишсиз қолиб кетиши эҳтимолидан хавотир билдирилган.

 Ҳукуматнинг ишонишича, ери кам бўлган фермер хўжаликлари самарали иш олиб бора олмайди, қишлоқ хўжалик техникаларини сотиб олишга қурби етмайди ва бу ҳукуматнинг зироат соҳасидаги режаларига салбий таъсир қилади.

 Рўйхатдан ўтмаган Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси раҳбари Абдуқодир Назаровнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон президентининг фармони таҳдид ва баъзи ҳолларда куч ишлатиш йўли билан амалга оширилаётгани ҳақида Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятилик фермерлар шикоят қилганлар.

 "Туман ҳокимлари фермерлардан оммавий равишда ерларни ўз хоҳишинг билан ҳокимлик ихтиёрига ўтказиш ҳақида ариза ёзиб топширгин, дея зўрлик қилишаяпти. Фармонда бундай айтилмаган. Фармонда авваламбор фермернинг имкониятларидан келиб чиқиб, унинг молиявий аҳволи, ишчи кучларига қараб, ўша район ёки қишлоқда ишчи кучининг жойлашишига қаралсин, дейилган. Масалан, бир фермер хўжалигининг ерини бошқасиникига қўшса, ишсизлар сони кўпайиб кетмайдими? Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда мутлақо ихтиёрий тарзда амалга оширилиши тавсия қилинган", дейди Абдуқодир Назаров.

 "Мана бу йил пахта режасини бажариш оқсади. Унларнинг нархи кўтарилиб, буғдой қаёққа кетаётганини билмай қолишаяпти. Мана шунақа айбларини яшириш учун, жойлардаги ҳокимлар ўзларининг ишлай олмаётганликларини яшириш учун мана шундай ишларни ўйлаб топишаяпти, деган мулоҳазаларни билдиришаяпти фермерлар", дейди Абдуқодир Назаров.

Просмотров: 937 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей