Пайшанба, 14.11.2024, 21:52
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Ноябр » 3 » Америка Президенти Жорж Бушнинг бошқаруви ниҳоясига етди
21:50
Америка Президенти Жорж Бушнинг бошқаруви ниҳоясига етди

Америка Президенти Жорж Бушнинг бошқаруви расман 2009 йилнинг 20 январида ўз ниҳоясига етади. Бироқ 62 ёшли президентнинг қандай тарихий мерос қолдираётгани борасидаги баҳслар аллақачон қизиб кетган. Билдирилаётган фикрлар эса, кўпда шарҳловчиларнинг ғоявий қарашларига боғлиқдек. Ўтган яқин ойлар ичида 100 дан ортиқ америкалик тарихчи орасида ўтказилган сўров натижалари улардан 60 фоиздан ортиқроғи Буш маъмуриятини Америка тарихидаги энг ёмони, деб ҳисоблашларини кўрсатган. Америкада ўтказилган бошқа сўровлар ҳам мамлакат фуқароларининг жаноб Бушдан кўп-да мамнун эмасликларига далолат қилган. 

 

Хўш, Америка Президенти Жорж Бушнинг 8 йиллик бошқаруви Марказий Осиё давлатлари тарихида нимаси билан ёдда қолмоқда? Ва улар бўлажак президентдан қандай ўзгаришларга умид қилишмоқда? Би-би-си Ўзбек Хизмати АҚШ президентлик сайловлари муносабати билан махсус лойиҳага қўл уриб, ҳар бир Марказий Осиё вакили иштирокида ушу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган. Навбатдаги суҳбатдошимиз Америкадан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуманноп Пўлатов: 

 

Абдуманноп Пўлатов:Америка ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги даражаси қониқарсиз деб ҳисоблайман. Охирги 8 йил ичида ўзаро алоқаларни яхшилаш, чуқурлаштириш, кенгайтириш соҳасида жуда кўп имкониятлар бой берилди. Ўз ўрнида, орадаги муносабатларни ривожлантиришга икки томондан ҳам жиддий интилишлар бўлмади. Бундан ташқари, ҳаммага яхши маълумки, охирги тўрт йилда ўзаро алоқалар жиддий равишда совуқлашган.

 

Би-би-си: Нима учун сизнинг назарингизда, бу икки давлат орасида ўзаро муносабатларни яхшилаш соҳасида жиддий бир интилишлар бўлмади? Бунинг сабабини нимада кўрасиз? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Икки томондан ўзаро тушунмовчилик, ўзининг манфаатларини яхши тушуниб етмаслик, кейин Америка Қўшма Штатлари томонидан Гуантанамо базаси ёки Ироқдаги қамоқхоналарда йўл қўйилган қийноқларга оид хабарлар ортидан уларни сал бўлса-да юмшатиш учун мана, биз инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий қадамлар қўйяпмиз, деб Америка ҳукумати фақат Ўзбекистон тўғрисида эмас, яна бир қанча, дейлик, Косово масаласида, яқинда Гуржистон ва Россия ўртасида бўлиб ўтган қуролли низоларга ҳам ўзини инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашгандек қилиб кўрсатишга уринишлар билан Американинг дунёдаги обрўсини бироз бўлса-да тузатишга бўлган ҳаракат. Лекин Ўзбекистон дунё сиёсатида муҳим давлат бўлмагани учун бу уринишлар ҳам бирорта фойда келтиргани йўқ.

 

Би-би-си: Энди, икковлон қайси соҳаларда ҳамкорлик қилишлари мумкин эдию ҳар икки томоннинг ўзаро тушунмовчилиги ва таъбир жойиз бўлса, ўжарлиги сабаб қандай имкониятлар бой берилди? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Биринчидан, иқтисодий ҳамкорликни жиддийроқ даражада йўлга қўйиш керак эди. Иккинчидан, иккала томон учун ҳам ўзига душман деб ҳисоблайдиган террорчилик, исломий фундаментализм ва экстремизмга қарши курашда яқинроқ ҳамкорлик қилишлари мумкин эди. Лекин мен яқин ҳамкорлик деганда ҳамма масалада бир-бирини кўр-кўрона қўллаб-қувватлашни назарда тутаётганим йўқ. Бу ерда икки ўртадаги жиддий муроса ҳақида гап кетаяпти. Шунингдек, Афғонистон ва Россияю Хитойнинг Марказий Осиёда таъсири кучайиб бораётгани масаласи ҳам. Бу эса, қисман АҚШ ва Ғарб давлатларининг минтақага бўлган эътиборининг камлиги ҳамда муваффақиятсиз сиёсатининг натижаларидан биридир. Демоқчи бўлганим, ҳар икки томон шу масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиши керак.

 

Би-би-си: Мана, сиз Ғарбнинг Марказий Осиёга нисбатан муваффақиятсиз сиёсати деяпсиз. Бу муваффақиятсиз сиёсат ортида нималар ётибди, энди? Нима учун Ғарб Россия ёки Хитой даражасида Марказий Осиё минтақасида ўзининг таъсирини сақлаб қолишга муваффақ бўлмаяпти ёки шунча катта таъсир кучига эга бўлишга?  

 

Абдуманноп Пўлатов:Биринчидан, Марказий Осиёнинг яқингача аҳамиятга эга бўлмаган, иккинчи даражали минтақа деб қаралганлиги, жумладан, Ўзбекистонни,...Иккинчидан, кимгадир ақл ўргатиш ва маслаҳатлар бериш, баъзан осмондан олинган кўкнорихаёл маслаҳатлар, тавсиялар бериш – маслаҳат бераётган, ақл ўргатаётган одамларга ўзларини сал кучлироқ деб ҳис қилишга ёрдам беради. Лекин бу ақл ўргатаётган тарафнинг ўзининг ҳам манфаатларига унчалик тўғри келмаслиги мумкин. Чунки Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши масаласида ҳам, сиёсий ўзгаришлар бўйича ҳам берилаётган тавсиялар кўпинча амалга ошириб бўлмайдиган, қоғозда чиройли қилиб ёзилган гаплар. Марказий Осиё давлатларида сиёсий эркинликларга қаратилган ислоҳотларни энг катта муваффақиятсизликларидан бири, менимча, Қирғизистон минтақадаги бошқа давлатларга нисбатан сиёсий жиҳатдан анча эркин ва очиқ бўлганига қарамасдан, бошқа қўшниларига бир ибрат, ўрнак бўла олмгани, афсуски. Бу эса, мазкур давлатларнинг бунга бўлган қизиқиш ва интилишларини камайтирди.

 

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, амалий нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, сўз эркинлиги, сиёсий эркинликлар ва умуман эркинликлар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун ўтган 8 йил давомида Буш ҳукуматининг қўлидан аниқ нима кела оларди? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Нисбатан тўқсонинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб, кейин 2004 йилгача Ўзбекистонда фуқаровий жамият пойдеворларини яратишга бўлган интилишлар, инсон ҳуқуқлари масаласида, сиёсий эркинликлар масаласида оз бўлса-да ижобий ўзгаришларга қаратилган қадамларда Ғарбнинг таъсири, олиб бораётган сиёсати ижобий роль ўйнади. Лекин бу ерда, афсуски, ҳақиқий вазиятни тўғри билмаслик, жуда ҳам нозик ва мураккаб масалаларга оқ-қора кўзойнак билан ва қоралаб қараш бу – ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайдиган нарса. Бу Америка ҳукуматининг охирги 7-8 йил ичида олиб борган сиёсати ўзи шундан иборат бўлиб келаяпти: оқ-қора, душман ва дўст....Амалда Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари учун нисбатан аҳамиятга эга бўлган дўст. Ўзбекистон давлати ҳам ва ҳаттоки, ҳозирги мавжуд ҳукумати ҳам. Шу нарсадан келиб чиқиш керак.

 

Би-би-си: Энди, сизнинг назарингизда, янги президент демократчи Барак Обама бўладими ёки республикачи Жон МакКейн, масалан, Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларда нималарга умид қилиш мумкин, қандай янгиланишларга, қандай ўзгаришларга умид қилиш мумкин? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Нима бўлганда ҳам Оқ Уйга ҳам, АҚШ Давлат Департаментига ҳам янги маъмурият, янги раҳбарият келади ва олиб борилаётган сиёсатда қандайдир янгиликлар бўлади. Ўзи ҳозир Буш маъмурияти ҳам аста-секинлик билан, эҳтиёткорлик билан Марказий Осиё ва Ўзбекистонга муносабат масаласини юмшатиб келаётганди. Табиийки, бу албатта, жадаллашади. Лекин агар сенатор МакКейн президент бўладиган бўлса, унинг жорий Президент Жорж Бушга ўхшаб, кўпроқ оқ-қора сифатида кўришга мойиллиги бор. Ва айниқса, 2005 йилда Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга боришганда президент Каримов улар билан учрашмаганлигидан у Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг ҳозирги мавжуд ҳукуматидан, жумладан, Президент Каримовдан жуда норози бўлиб қайтган. Ва унинг бу каби шахсий муносабати, албатта, Ўзбекистон ва Америка орасидаги алоқаларда кичик тўсиқ бўлиши мумкин. Барак Обама бўлса, у дунё сиёсатининг мураккаблиги ва Америка ўзининг сиёсатини белгилаётганда сал кенгроқ ва чуқурроқ қараш кераклигини бироз бўлса ҳам, чуқурроқ тушунади. Ва унинг Марказий Осиё тўғрисида ҳали деярли тасаввури бўлмаса керак. Лекин нимада бўлганда ҳам Марказий Осиё ва Ўзбекистонга нисбатан ҳозир холис. Афғонистон Америка сиёсати учун муҳимроқ эканлигини тан олаётганидан келиб чиқадиган бўлсак, менимча, Барак Обама маъмурияти Ўзбекистон билан орадаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласида жиддийроқ қадамларга йўл қўяди.

 

Би-би-си: Мана, сизга яхши маълумки, Барак Обама дунёнинг ҳар қандай давлати раҳбари, ихоталанган давлати раҳбари билан ҳам, диктатор раҳбари билан ҳам мен мулоқотлар йўлини танлайман, музокаралар йўлини танлайман, ташқи сиёсатимда дипломатияга урғу бераман деяпти. Бошқа томондан, Марказий Осиё минтақасида Россия ва Хитойнинг таъсирини камайтириш учун минтақа давлатларини нафақат сиёсий, балки молиявий жиҳатдан ҳам дастаклаш масаласини кўтараяпти. Агар Барак Обама президент бўлгудек бўлса, Ўзбекистон билан муносабатларда қандай бир янгича босқични кутиш мумкин? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Эҳтиёткорлик билан ҳамкорлик кенгаяди. Яъни хавфсизлик масалаларида, ҳарбий масалаларда ўзаро ҳамкорлик муайян даражада кучая бошлайди. Бунинг асосий сабаби, албатта, Афғонистон, Россия ва Хитой. Мен ўйлайманки, ҳатто сенатор МакКейн президент бўлган тақдирда ҳам, Хитой ва Америка ўртасидаги муносабатлар ва мавжуд хавотирларни инобатга олсак, ҳамда унинг Россияга нисбатан кескин танқидий мақеини назарда тутсак, у ҳам Ўзбекистон билан қандайдир ҳамкорликни йўлга қўйишга интилса керак.

 

Би-би-си: Демак, Америкада қудратга демократчи номзодми ёки республикачи номзод келган тақдирда ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг муайян маънода кенгайишига умидлар, сабаблар бор экан, сизнинг назарингизда, мазкур ҳолат Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ, демократия билан боғлиқ, сиёсий эркинликлар билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланишига ёрдам бериши мумкинми, олиб келиши мумкинми? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Жуда секинлик билан, жуда секинлик билан буларнинг Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларида ижобий ўзгаришларда ҳиссаси, ёрдами бўлади. Америка-Ўзбекистон ва Ғарб билан Ўзбекистоннинг орасидаги муносабатларда, истасак-истамасак, инсон ҳуқуқлари масаласи ҳар доим муҳокамадаги мавзулардан бири бўлиб қолади. Ва озгина бўлса ҳам ҳар икки томон бир-бирларига нисбатан қадам қўйишлари учун Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам баъзи масалаларда ён босишига тўғри келади. Ва шундай бўлиб келган ва бўлаяпти ҳам. Охирги йилларда қама-қамалар сони камайган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзларининг тарқатиб турган хабарларини кузатиб турган одам шундай фикрда бўлади ва бунда Ғарбнинг ҳам қисман таъсири бор.

 

Би-би-си: Бошқа бир жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз ташқи сиёсатида асосий урғуни Россия билан Хитойга бераяпти ва бу жудаям муваффақиятли сиёсат эканлигини амалда ҳам кўрсатаяпти. Ҳам иқтисодий жиҳатдан ва ҳам сиёсий жиҳатдан. Шундай бир вазиятда Ўзбекистон Ғарбга нисбатан очиқ, ён босувчи, мойил, мулоқот йўлини тутувчи сиёсат олиб бориши мумкин деб ўйлайсизми? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Албатта, Ғарбнинг ҳозир Ўзбекистонда жиддий иқтисодий, молиявий қизиқишлари айтарли йўқ. Ва бу яқин орада ўзгармаса ҳам керак. Шу сабабдан ҳам иқтисодий масалаларда катта натижани кутмаса ҳам бўлади. Лекин наркотик моддаларнинг Афғонистондан Марказий Осиё оша Россия ва Оврўпога кетиши, бу – ҳеч кимнинг манфаатига тўғри келадиган иш эмас. Шунга қарши кураш. Хавфсизлик масаласи, демак, Афғонистонда бироз тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, у ерда ва Покистонда Ўзбекистонга ҳам, Ғарбга ҳам қарши бўлган қуролли кучларни сиёсий йўл биланми, ҳарбий йўл биланми, бартараф қилиш бу – иккала томоннинг ҳам манфаатларига тўғри келадиган масала. Бундан ташқари, боя айтганимиздек, Ўзбекистонда озгина бўлса ҳам сиёсий эркинликларга қаратилган, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга қаратилган сиёсатда, бу Ўзбекистоннинг ўзининг ривожланиши учун ҳам керак бўлган нарса, Ғарбнинг қандайдир ижобий таъсири бўлади. Чунки Хитой ҳам, Россия ҳам бу масалага умуман эътибор беришмайди ва уларни бу мавзулар қизиқтирмайди.

 

Би-би-си: Лекин сўнгги пайтларда ўша Туркманистон мисолида оламизми, Қозоғистон мисолида оламизми, Америка бу давлатларни иккиламчи энергия манбаи сифатида кўриб, энергия бозоридаги рақобат сабаб, ўзингизга ҳам яхши аёнки, инсон ҳуқуқлари, демократия билан боғлиқ аҳволга кўз юмгандек бўлаяпти. Яъни, бозорда ким биринчи, ким кўпроқ шартнома, катта ҳажмдаги газга эга бўлиши, газ қувури қурилиши лойиҳалари деган масалаларда, кўраяпсизки, шундай бир вазият кузатилаяпти. Масалан, энергия масаласидаги бу қабила ҳамкорлик қанчалик минтақада инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ аҳволнинг ўнгланишига хизмат қилиши мумкин? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Минтақа тўғрисида айтган гапингизга қўшиламан. Лекин бу ҳар доим шундай бўлиб келган. Мисол учун, Саудия Арабистони билан Эронни солиштирадиган бўлсак, сиёсий эркинликлар нуқтаи назаридан Эрон салкам демократик мамлакат. Лекин бунга қарамай, Эрон Америка ва айрим Ғарб давлатлари томонидан дунёдаги энг даҳшатли диктатура деб эълон қилинган. Бундай иккиюзламачилик ҳар қадамда бўлиб келади. Лекин яхшими-ёмонми, Ўзбекистонда бунчалик катта бойлик йўқ. Яъни дунё аҳамиятига эга бўлган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон билан сиёсатда энергия масаласи унчалик ҳам катта роль ўйнамайди.

 

Би-би-си: Масалан, четдаги бир кузатувчи сифатида ўзингиз нима деб ўйлайсиз, Американинг бўлажак президенти Ўзбекистонга нисбатан аниқ қандай сиёсат юритиши керак? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Американинг манфаатларидан келиб чиқиб, агар ривожланиши шу йўсин кетадиган бўлса, Хитойнинг 15-20 йил ичида АҚШ билан беллаша оладиган жуда қудратли давлатга айланишини инобатга олиб, Россия қайтадан оёққа туриб, яна нисбатан кучли давлатга айланаётганини эътиборга олиб, Афғонистондаги вазиятни ва умуман, мусулмон дунёси билан Америка орасидаги муносабатларни яхшилашга уринишда Ўзбекистон кўприклардан бири бўлиши мумкинлигини назарда тутиб, АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги муносабатларни яқинлаштиришга интилиши керак. Бунинг Америка ҳукумати иқтисодий жиҳатдан ривожланиши учун Ўзбекистонга жиддий молиявий ёрдам бериши керак.

 

Би-би-си: Олиб қарайдиган бўлсак, барибир Америка уммон ортидан жойлашган давлат. Иқтисодий ҳамкорлик маънисида, иқтисодий даромад маънисида барибир Россиянинг таъсир кучи сақланиб қолавермайдими? 

 

Абдуманноп Пўлатов:Албатта, бундай хавотир ҳаммамизда бор. Лекин агар Америка Қўшма Штатлари тўғри сиёсат юритаман дейдиган бўлса, ҳозир биринчи навбатда Эрон билан муносабатларини тиклаб, нормаллаштириши керак. Бу жуда катта масалаларни юмшатади. Эрон ҳамма мамлакатлар билан ҳамкорлик қиладиган кўп векторли сиёсатга қайтса, бу – Марказий Осиёдаги вазиятга ҳам жиддий таъсир қилади. Бироқ Американинг Эронга нисбатан сиёсатини ўзгартириши бу – жуда қийин масала. Бу масала АҚШ Конгрессида ҳам исроилпараст гуруҳларнинг кучли қаршилигига учрайди. Ҳатто Барак Обама президент бўлган тақдирда ҳам, ростдан шунга интилиш бўладими, йўқми, олдиндан айтиш қийин. Лекин Ўзбекистон масаласида, Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни яхшилашга қарши бўлган жуда ҳам кучли, жуда ҳам қудратли ташкилотлар йўқ Америкада. Шунинг учун икки томонлама алоқаларни нормаллаштиришга қатта қаршилик ҳам бўлмайди.

Просмотров: 930 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей