Ўзбекистон фермер хўжаликларини йириклаштиришга киришмоқда.
Яъни ер майдони саксон гектардан кам бўлган фермерлар ўз ерларидан воз кечиши ва бошқа хўжаликларга қўшилиши керак бўлади.
Маълум бўлишича, вилоятларда маҳаллий ҳокимият вакиллари махсус йиғилишлар ўтказиб, ери 15-20 гектар бўлган фермер хўжаликларини қўшиб, ҳар бири камида 80 гектарли ерга эга йирик хўжаликлар яратиш режаларини айтишмоқда.
Ҳозирда қатор фермерлар ўз ихтиёрим билан еримни туман заҳирасига қайтараман ва 30 йиллик шартномани бекор қиламан, деган мазмунда ариза ёзиб беришмоқда.
Шу асно кўплаб кичик фермер хўжаликлари ўрнида камроқ сондаги, аммо каттароқ ер майдонларига эга хўжаликлар пайдо бўлиши кутилаяпти.
Ўз ер майдони 10 гектарча бўлган жиззахлик фермер Маъмур Азимов бошқа хўжаликка бориб қўшилиш нияти йўқлигини айтаркан, туман ҳокимлиги билан ўртада 50 йиллик ижара шартномаси борлигини, унинг хўжалигини бошқалар билан қўшиб қўйиш учун эса қонуний кучга эга ана ўша шартномани бекор қилиш лозимлигини айтади.
Жаноб Азимовга кўра, Ўзбекистонда фермер хўжалиги ер майдони камида 50-80 гектар бўлиши лозимлигини таъқидлайдиган қонун йўқ ва шу боис фермерларни бунга мажбурлаб бўлмайди.
Суҳбатдошимизнинг урғулашича, ҳозир оиласидаги беш киши 10 гектарлик фермер хўжалигида ишлаб, кун кўришмоқда.
"Аммо агар саккизта кичик фермерни битта хўжаликка бирлаштиришса, унда бир фермер бу хўжаликни бошқариб, қолган етти фермер бутун оиласи билан ишсиз қолиши мумкин" - дейди Маъмур Азимов.
Расмийлар наздида, кичик фермер хўжаликлари мамлакатда яхлит зироат сиёсатини юргизиш ва у ёки бу маҳсулот етиштиришни давлат миқёсида амалга оширишга тўсқинлик қилишади.
Қишлоқ хўжалиги бўйича хоразмлик журналист Оллоберган Ражабовнинг айтишича, сўнгги қадам фермер хўжаликларини такомиллаштириш йўлидаги амаллардан биридир.
"Кичик, 5-10 гектар ерга эга хўжаликлар у қадар самара бермади. Чунки улар катта даромад олиб, зарурий техника сотиб олишга қодир эмаслар. 70-80 гектарлик майдонга эга хўжаликлар эса техника ҳам сотиб олишади ва қисқа муддатда сарф-харажатларини қоплашга ҳам қодир бўладилар" - дейди журналист Ражабов.
Суҳбатдошимизга кўра, каттароқ хўжаликлар ўз аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муҳофаза этиш имконига ҳам эга бўлишади.
Жаноб Ражабовнинг қайд этишича, ҳозирда янги тажрибанинг қандай ишлаши механизмлари ишлаб чиқилмоқда ҳамда фермерларга тушунтириш ишлари олиб борилаяпти, аммо хўжаликларни йириклаштириш тажрибаси қандай ишлаши борасида якуний хулосалар ўртага ташлангани йўқ.
"Ўзбекистонда аҳоли зич, шу боис бир фермер5-10 гектар ерни эгаллаб, фақат ўз оиласи манфаатларини ўйлаши халқ учун кам самара бериши мумкин" - дейди суҳбатдошимиз.
|