Муносабат
АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ ИСЛОМНИ ИСЛОҲ ҚИЛМОҚЧИ ЭМАС!
Домла Пўлатовнинг “Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, мусулмонлар эса, ҳижоб билан овора. Инқилобий ўзгаришлар замони келмадими?” мақоласи юзасидан (раддия дейиш ноўрин!) фикрлар билдирилиб, қисман ҳақоратомиз битик ҳам эълон қилинибди.
Тушунишимча, бундай муносабат кимгадир зарур кўринади...
Мен ҳам оддий ўқувчи сифатида домланинг мақоласига кўз югуртирдим. Гапнинг очиғи, ваҳима қиладиган ҳеч нима топмадим. Аксинча, муаллиф кўпнинг кенгашига мос келадиган оддий фикрларни ёзган ва эълон қилган. Аслида, оддий кўринган фикрлар эса, бугунги куни-миз учун сезиларли аҳамиятга эга, десам муболаға бўлмас. Ва шу нуқтаи назардан айрим му-лоҳазаларни ҳаётий мисоллар асосида билдиришлик маъқул кўринди менга.
Аввало, домла Пўлатов мақоласидаги фикрлар, кимлардир талқин қилганидек, ИСЛОМНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ДАРАЖАСИДА ЭМАСлигини алоҳида таъкидламоқ лозим. Фикри ожизимча, муаллиф эътиқодни эмас, балки эътиқодга нисбатан қараш ва ёндошувни ислоҳ этишликка урғу берган. Ва бундай ислоҳот дунё динларининг барчаси тарихида қайсидир даражада амалга оширилган, шунингдек, ислом дини кўламида ҳам! Айнан шундай ислоҳотлар туфай-ли қатор мамлакатлар тараққиётида сезиларли ўзгаришлар юз берганлиги бор гап. Зеро, Ис-лом дини гарчи таржимада итоатни англатса-да, унинг мазмун ва моҳияти ИЛМ, ТАРАҚҚИЁТ ҳамда ЮКСАЛИШга даъват қилишликдир. Саййиди олам Расулуллоҳ С.А.В.га илк ваҳий ҳам “ИҚРА” даъватидан бошланганлиги бунга аниқ мисол! (Бу ўринда аҳли суннатни илмга даъ-ват этувчи қатор ояти Карималару Ҳадиси мубораклардан келтириб ўтишга ҳожат сезилма-ди!) Шундай бўлгач, илм бор жойда тараққиёт бўлишини ҳеч ким инкор эта олмас. Тараққи-ёт эса, ўз навбатида ҳамиша ТУШУНЧА ва ҚАРАШЛАР ислоҳ этиб турилишига таянади. Қаер-даки, ислоҳот бўлмаса, ўша жойда тараққиёт ўлади! Бу биргина эътиқод йўналишида эмас, барча соҳага хос ҳаётий ҳақиқатдир. Шунга кўра ҳар даврнинг ўз ЖАДИДу, ўз КАШШОФлари бўлган. Менинг тушунишимча, домла Пўлатов мавзуга шу жиҳатдан ёндошган бўлса керак.
Абдураҳим Пўлатовнинг мулоҳазаларида жон бор, деб биламан. Сабаби, Ислом тарихига назар солсак, унинг равнағига зиён асосан турли оқимлар кўпайиши ва қавмлар орасида бўлиниш бошланиши туфайли етган. Бундай ҳолат эса, қашшоқлик кучайган ҳудудларда аниқ сезилади. Бу жиҳатдан Ўзбекистондаги бугунги аҳвол яққол мисолдир. Бизда “Ҳизб ут-таҳрири исломия”, “Ваҳҳобий” каби оқимлар юзага келди. Бу оқимлар фалсафасини Ислом динига бўйлашликнинг ўзи гуноҳ!
Шу ўринда бир Ҳадис мазмунини келтираман:
“Сўрадилар:
-Ё, Расулаллоҳ, Сиздан кейин ким ҳалифа бўлур?
Марҳамат қилдилар:
-Худо Таолонинг Фармони бўлди:”Эй, Муҳаммад алайҳи-с-салом, сендан сўнг Абу Бакр ва Умар ва Усмон халифа бўладилар. Халифаликнинг хатми (тугатилиши) Алида бўлгай, ки нубувват(пайғамбарлик)нинг охири сенга берилгани каби.”
Яна жаноби Расули Акрам С.А.В. халифалик даври тугагач, подшоҳлик, амирлик, беклик каби рутбалар мамлакатларни идора этишлигини марҳамат қилганлар.
Бугунги кунда юзага келган оқимлар гарчи номланишдан исломий кўринса-да, улар асо-сан Такиниддин Набихоний, Абдулқадам Золлум каби утопиклар яратган фалсафадангина иборат қарашларни тарғиб этишликдан нари ўтмаяптилар. Лекин уларни домла Пўлатовни танқид қилгандек, ҳеч ким гапирмаяпти. Ваҳоланки, “Ҳизб ут-таҳрири исломия” деган ном-нинг ўзи мазмунан “Исломни Таҳрир этувчи партия” маъносини англатади!
Яна домла Пўлатов мақоласига қайтсак.Ҳар қадамда масжид қуриб қўйган билан эътиқод ортиб, дин ривож топиб қолмайди. Аксинча, масжидларнинг кўплиги қавмлар орасида бўли-ниш ортишига сабаб бўлади. Шу ўринда “Шамойили Муҳаммадия” асаридаги мушриклар томонидан қурилган ва Жаноб Пайғамбаримиз С.А.В. тарафларидан буздириб ташланган масжид воқеасини эслаш кифоя!
Расулуллоҳ С.А.В. марҳамат қиладилар: -Бешикдан қабргача илм ўрган!
Шу нуқтаи назардан ҳам эътиқод билан боғлиқ қараш ва тушунчаларимизни ислоҳ қилишлик Исломий тамойилга мувофиқ келишига шубҳа йўқ..
Айни чоғда мамлакат ҳаётига назар солсак, дину эътиқод ривожига катта эътибор бери-лаётганлигини кўрамиз. Бироқ негадир коррупция камаймаяпти, порасиз иш битиришлик қийинлашиб бормоқда, ўзаро оқибатлар сусайгандек... Домла ёзганларидек, қайсидир жойда Марсга етиш учун тайёргарлик кўрилмоқда, биз эса, ўз эътиқодимизни ё Ҳаж қилишлик, ё ҳижоб ўрашлик билан чеклаб юрибмиз! Энди айтинг-чи, бундай чеклов Ислом таълимотига мувофиқми? Агар мувофиқ саналса, унда Илмга даъват тушунчаси қаерга кетади?
Мусулмон давлатининг қироли ё президенти костюм-шим кийиб, галстук тақади! Бу ҳам ўзига хос тараққиёт намунаси. Шундай экан, нега биз Абдураҳим Пўлатовнинг ислоҳотга муносабатидан ваҳима ясаяпмиз? Ахир, у ҳеч бир ерда “Қуръонни ислоҳ қилайлик!” деган талабни билдирмаяпти-ку! Фақатгина эътиқод борасидаги тушунча ва қарашларимизни ис-лоҳ қилайлик, деган таклифни айтаяпти. Бундай таклиф, яна таъкидлайман, тўлиғича Ислом тамойилларига мувофиқ!
Эсласангиз, собиқ совет даврида “Ўқиш, Ўқиш ва яна Ўқиш!” деган шиор бўларди. Асли-да бу Исломий тамойил эди. Ёки “Киши кишига дўст!” тушунчаси (“Коммунистик ахлоқ кодекси”) ҳар қадамда таъкидланарди. Аслида бу ҳам Исломий тушунча эди! Динсизлар тузуми ҳисобланиб, тарихда қолган совет даврики, Исломий тушунчаларни ўз мафкурасини сингдириш учун ўзлаштириб, ислоҳлаб фойдаланган экан, нега биз эътиқоди Исломий ин-сонлар ўз қарашларимизни ислоҳ этишликка интилмаймиз? Унинг афзалликлари, энг муҳи-ми, Ислом дини тамойилларига мувофиқлиги хусусида чоғиштирма фикр юритиб кўрмай-миз? Бунга даъват этувчини эса, куфрда айбламоқчи бўламиз!
Агар юзаки тушунчаларга ўралашиб қолсак, аёлларнинг машина миниши ҳам эриш тую-лиши мумкин. Бироқ бугунги кунда бу табиий ҳол! Демак, тушунчамиз ўзимиз сезмаган тарзда ислоҳ бўлибдики, аёлнинг нафақат машина миниши, кўпнинг кўзи олдида саҳнага чиқишию каратэ билан шуғулланиши, фарзандларимизнинг эса, қизу ўғил бир синфда таҳсил олишини ҳеч иккиланмай ёқлаб турибмиз. Бу ислоҳот бўлмай нима!
Қуръони Карим 1376 йилдирки, бир белгиси ўзгармай келмоқда. Шундай қолади ҳам. Чунки унинг ўзгармаслигига Ҳақ Таолонинг ўзи кафиллик берган. Бироқ “Қуръон”нинг ўзгармаслиги Исломнинг бир тамойил ва қарашда қотиб туриши дегани эмас. Агар шундай бўлганида, Яратган эгамиз унинг ҳам кафиллигини берган бўларди!
Шу ўринда яна бир эътироф: бошқа исломий давлатларни билмадиму, бироқ эсимни таниганимдан бери бизда марҳумлар учун турли маъракалар ўтказилишини кўриб келаяп-ман. Ҳозирда бундай ҳолатларга сезиларли даражада барҳам берилди. Дейлик, “Йигирма”, “Қирқ” каби маросимлар кўп жойларда ўтказилмаяпти. Бу-эскиган ёки нотўғри бўлган қарашларнинг ислоҳ қилиниш натижасидир. Бундай ислоҳотлардан фақат динимиз, унга бўлган эътиқодимиз наф кўрди. Шу нуқтаи назардан ҳам қарашлар ва тушунчаларимизда ислоҳот қилишлик ўринлидир. Ва бунда шундай саволни қўйишликдан бошлаш мумкин:
“ Англия давлати фуқаролари эътиқод жиҳатидан асосан насронийлар. Ислом дини у ерда кенг ёйилмаган. Бироқ ривожланиш суръати бизга, умуман Ислом давлатларига нисбатан анча тез ва самарали. Нега?” Чунки Англияда Ислоҳот масаласи алоҳида эътиборда! Шу баробарида Черков ҳам диндорлар билан тўлиқ.
Ёки мусулмон эътиқодидаги давлатларни чоғиштириб кўрайлик: Туркияда ривожланиш жадал,Тожикистонда эса, аксинча!Сабабини холис ва эътибор билан таҳлил этадиган бўлсак, яна энг аввало, ислоҳотга бориб тақалади. Демоқчиманки, қаердаки, илму фан билан муво-фиқ тарзда тушунча ва қарашларда ислоҳот бўлса, ўша жойда тараққиёт бўлаяпти. Қаердаки, ислоҳотни илму фанга эмас, тушунчага қараб чегараланса, ривожланиш сустлашмоқда!
Абдураҳим Пўлатовнинг “Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, мусулмонлар эса, ҳижоб билан овора. Инқилобий ўзгаришлар замони келмадими?” мақоласи баҳона унга ҳақоратомиз муносабат билдиришлик ортида эса, мен холисликни эмас, балки очиқ ғараз-нигина кўраяпман, холос! Бу ҳам бўлса, шахсий қарашлар сабабли юзага келган ва ислоҳотга муҳтож тушунчалар туфайли туғилган ғараздир!
Дилмурод САЙЙИД,
Тошкент.
|