Жума, 29.03.2024, 01:13
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 25 » "Иордания -Пайғамбарлар ўлкаси" деб ёзилган
00:07
"Иордания -Пайғамбарлар ўлкаси" деб ёзилган

"Иордания -Пайғамбарлар ўлкаси" деб ёзилган сайёҳларга мўлжалланган тақдимот китобчасида.  

 Бироқ мен бу мамлакатни "Муҳожирлар ўлкаси" дея таърифлаган бўлардим.

 Фаластинликлар 

 Биз Фаластин муҳожирлари шаҳарчаси ҳисобланадиган "Суқ ал-Ваҳдат" бозорига йўл солдик.

 Фаластинлик муҳожирлар мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этади. Улар Исроил билан бўлиб ўтган икки уруш оқибатида ўзларининг
уй-жойларини ташлаб, қўшни Иорданияга қочишга мажбур бўлганлар.

 Бошида муҳожирлар билан шуғулланадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг идораси қочқинларга бошпаналар қуриб берган.

 Кейинчалик кенгайиб кетган ўндан ортиқ жамлоқлар кичик шаҳарчаларга айланган. Иордан ҳукумати барча маиший хизматлар учун харажатларни ўз бўйнига олган.

 Биз борган асфалт йўл ва бу йўллар четида электр симлари тортилган шаҳарчада фаластинликларнинг бир неча авлоди яшаб келмоқда.

 Бу ерда бу каби жамлоқлардан тўрттаси жойлашган. Тахминан бу ерда тўрт юз минг нафарча фаластинлик истиқомат қилади. Улар Фаластин қочқинларининг икки тўлқини таркибида келишган.

 Сўзлаётган тижоратчи каби Фаластин муҳожирлари доимо ватанга қайтиш орзуси билан яшашади. Шунинг учун ҳам уларнинг асосий тирикчиликлари бозордан. Кекса чолдан тортиб ёш болаларгача - ҳаммаси бозорда.

 Биз гаплашган боланинг исми Муҳаммад, ёши тўққизда. Лекин кўриниши беш ёшли болага ўхшайди. У икки йилдан буён акасига ёрдам бераётганини фахрланиб гапиради. Биз ундан ширинликларни сотиб оламиз.

 Рамазон кунлари бўлгани учун, ҳамма харидорлар ширинликлар, ҳолва ва қандолат маҳсулотлари сотиб олмоқдалар. Бироқ харид қилаётган ширинлигини ҳеч ким татиб кўрмайди, чунки уларнинг "оғизлари ёпиқ".

 Фаластинликлар биринчи бор Иорданияда ўрнашиб олган вақтларида, маҳаллий аҳолининг аксари саводсиз эди.

 Шаҳар тарбиясини олган фаластинликлар бозор, тижоратда фаол қатнашиб, тез муддат ичида муҳим мансабларни эгаллаб олганлар.

 Табиийки, баъзи кўзга кўринган фаластинликларнинг яшаш шароитлари яхши. Оқ тошдан қурилган вилла иморатларида фаластинликларнинг сара намояндалари истиқомат қилишади.

 Улардан бири машҳур рассомнинг айтишича, у Иорданияда яшашни яхши кўради, дўстлари кўп, бироқ барибир "ўзингнинг уйинг бошқача".

 

"Ватан насими бошқача сезилади, чунки у ўзингнинг ватанинг ва мен Иорданияда қолиб кетишни истамайман",- дейди бу аёл.

 

Аммон шаҳрининг ҳар қадамида жойлашган масжидлардан азон садолари ва Қуръон тиловатлари эшитилиб туради. Рамазон кунлари кўзингиз кўпроқ ҳижобга ўралган аёлларга тушади.

 

Ярим кун ўқитувчилик қилиб, пешиндан кейин киракашлик билан шуғулланадиган Муҳаммад Али бизни ўз машинасида Амманнинг пасту баланд кўчалари бўйлаб олиб юрар экан, Иордан жамияти негизларини тушунтиришга ҳаракат қилади.

 

"Иордания қироллиги турли хил миллатлардан ташкил топган. Бу ҳудудларда истиқомад қилган оддий кўчманчи- бадавий қавмлар кўплаб миллатларни қабул қилиб, уларга ўзларининг меҳмондўстликларини намойиш этганлар",-дейди у.

 

Ироқликлар 

 

Беш йил олдин Америка бошлаган уруш натижасида Ироқдан ҳам йирик муҳожирлар оқими ана шу ерга кела бошлаган.

 

Биз яқинда Бағдоддан келиб, Аммонда қолишга мажбур бўлган ироқлик оиланинг уйига келдик.

 

Мезбон зиёфатдан сўнг бизни аччиқдан-аччиқ араб қаҳваси сийлайди. Олтмиш икки ёшли оила бошлиғи Бағдодда икки йил олдин ўғлининг тўй маросими туширилган видеоёзувни қўяди.

 

Ҳамманинг нигоҳи экранга михланади. Ва улар бу видеоёзувни қайта-қайта томоша қилишса ажабмас...

 

Тасвирларни кўраркансиз, гўё Ироқда уруш, портлашлар ва талофотлар бўлмагандек.. фақат тўй тантанаси...

 

Ҳамма мазза қилиб, рақсга тушмоқда...Келин шиа арабларидан бўлганлиги сабабли, тўй зиёфатига келган меҳмонларнинг ярмиси шиалар. Мен янги тушган келиндан "Бағдоддаги уйингизни кўриб, кўнглингиздан нималар ўтяпти?", деб сўрамоқчи бўлдим-да, унинг кўзларидаги ёшни кўриб, фикримдан қайтдим...

 

'Ёмғирдан кейинги тупроқ ҳидини соғиндим...' 

 

Оила бошлиғи менга, ироқликларга нисбатан Иордан жамиятида салбий қараш пайдо бўлаётгани ҳақида гапирди.

 

Кўпларнинг расмий мавқеи йўқ. Мисол учун, бу оила аъзолари ноқонуний муҳожирлардир. Улар бемалол ишга киролмайдилар, шунинг учун шахсий ўқитувчилик қилишга мажбур экан.

 

Лекин одамлар уларга икки баробар кам иш хақи тўлашаркан.

 

"Чунки биз ироқликлармиз, бизнинг мавқемиз қалтис",- дейди унинг рафиқаси.

 

У ҳам француз, ҳам инглиз тилларидан иордан оилаларига дарс беради.

 

Аёлнинг орзуси ватанга қайтиш. Олдинроқ гапирган фаластинлик аёлнинг сўзларига ҳамоҳанг "ёмғирдан кейинги Ироқ тупроғининг ҳидини соғиндим", дейди у.

 

Кимларнингдир пичоғи мой устида, кимларнингдир... 

 

Аммон марказидаги ироқликлар очган ресторанда ифторлик бўлаяпти. Атрофда ҳашаматли машиналарда келган ироқликлар ўтиришибди.

 

"Футур" деб айтилган маросим дастурхонига турли-туман таомлар тортилган: бодомли гуруч, тандирда пишган қўзичоқ, пардайи палов, "шиш" товуқ, кабоб ва ҳоказолар... Соҳиблар ўз ресторанларидан ғурурланишларини яширмайдилар.

 

Бироқ Аммон чеккасида сиз бутунлай бошқа манзарани кўрасиз. Катакдек хоналардан бирида яшаётган Незхад холани ўттиз йиллик айрилиқдан сўнг кўришга бордик.

 

Унинг ёши саксон олтида. У Бағдоддаги бутун умр яшаган уйи ва мол-мулкини ташлаб келишга мажбур бўлган.

 

Ёлғиз ўғлининг оиласи катта бўлгани сабабли, Незхат хола учун улар ижарага олган квартирада жой йўқ.

 

Шароити жуда ночор кичиккина хонасида у ҳам яшайди, ҳам овқат пиширади ва ҳам келган меҳмонларни кутиб олади.

 

Незхат хола ҳар бир елим идишни ташламай, ювиб, артиб, олиб қўяди. Ортиқча юк орттиришга у қарши.

 

"Мен бу ерда қочқинман", -деди у.

 

Бироқ ўзи яшаётган шароитидан бениҳоя рози ва бошқа яхшироқ ҳаётни тасаввур ҳам қилолмайди.

 

Незхат хола Иорданияда нон нархи ўта паст бўлганига қарамай, "Хубуз Ироқи", яъни ироқ нонини роса соғинган кўринади.

 

Уруш натижасида Иорданияга келган ироқлик мухожирларнинг сони расмий рақамларга кўра, бир миллион атрофида, лекин, ноқонуний ироқликлар анчайин кўп.

 

Бу одамларнинг аҳволи жуда ночор, шаҳар четига чиқиб, бемалол юролмайдилар, чунки текширув нуқталари ўрнатилган, у ерларда ҳужжатлар тез-тез текшириб турилади.

 

‘Ўз уйинг-ўлан тўшагинг...’ 

 

Уч йил олдин Аммон меҳмонхоналарида рўй берган қатор портлашларда ироқлик худкуш ҳужумчилар иштирок этишган. Фаластинлик ҳайдовчимиз Муҳаммад Али гапиради:

 

"Албатта, қийин, осон эмас. Портлашлардан олдин ироқликлар виза олмай, Иорданияга бемалол келардилар, эшигимиз ҳамиша очиқ эди. Энди эса, хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ундан ташқари улар ўз сиёсий курашларини Аммон кўчаларида давом эттирмоқчи бўлишган, бир-бирини қувиб, отишмалар юз берганди",- дейди у.

 

Хавфсизлик чораларидан ташқари, мен
суҳбатлашган аммонликлар инфляция осмонга
чиққани учун ироқликларни айблайдилар.
Ва улар кўпгина ижтимоий муаммоларга сабаб бўлганларидан шикоят қилишади.

 

Урушнинг илк кунларида талон-торож натижасида тезгина бойиб кетган ироқликлар Иорданияга қоплаб пулларни олиб келишган.

 

"Иорданияликлар хоҳламаган ишларни ироқликлар бажаришга тайёрлар, ойига 500 ёки 600 долларга иорданияликлар ишлашмайди, ироқликлар эса, нафақат ишлаб ўзларини боқишади, балки уйларига ҳам пул юбориб турадилар. Бошқа томондан, урушнинг биринчи кунларида бойиб кетган ироқликлар, ўн минг долларлик хонадонларни юз мингга ҳам сотиб олганлари туфайли уй нархлари ҳам уч баробарга кўтарилиб кетди. Энди ёш иорданияликлар уй-жой сотиб ололмайдилар ва ер нархи ҳам осмонда",-дейди суҳбатдошим.

 

Мен Иорданияда туғилган ва ватанини ҳеч қачон кўрмаган ушбу асли фаластинлик ҳайдовчимдан Сиз ўзингиз муҳожирсиз, яна бошқа жойлардан муҳожирлар оқиб келаётганига қандай қарайсиз, деб сўрадим.

 

"Фаластинлик сифатида мен шу нарсани айтган бўлардим. Ҳар бир инсон учун ўз ватанида яшаб тургани яхшироқ. Ўз нонини еб, ўз сувини ичиб... Ўз мамлакатингда орттирган обрў ва эҳтиромдан яхшиси йўқ, ҳар бир инсон ўз ватанига қайтиш учун барча имкониятларни ишга солиши лозим, бу менинг оддий фикрим2, дейди у.

 

Иордания қироллиги сарсон-саргардонликда, ночорликдан бошпана излашга мажбур бўлган турли миллат вакиллари паноҳ топган жой.

 

Кейинги ҳикоямиз Чор Россияси тақибларидан қочиб кетган ва Иордан жамиятининг элитасига айланган черкесс ва чечен жамоалари хақида бўлади.

Просмотров: 803 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей