Шанба, 20.04.2024, 14:08
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 22 » Очиқ хат
23:18
Очиқ хат

Ўзбекистон "Бирлик" Халқ ҳаракати  партиясининг МАРКАЗИЙ КЕНГАШИГА

 

Очиқ хат

 

Ассалому алайкум ҳурматли Марказий Кенгаш аъзолари!

 

Барчангизга маълумки "Бирлик" партиясининг интернетдаги саҳифаси ва "Ҳаракат" журналини партиямизнинг ғоялари ва асл мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш учун ташкил қилганмиз. Афсуски, сайтни бошқаришни партия раисига ишониб катта хато қилган эканмиз. Бугунги кунда "Ҳаракат" журнали ва интернетдаги саҳифамиз партия раиси А.Пўлатов томонидан хусусийлаштирилиб, иғво ва туҳматлар тўқиб тарқатадиган улкан туҳматчилик "фабрикаси"га айланиб қолди. Партия фаоллари томонидан жўнатилган мақола ва таклифлар "хўжайин" томонидан қаттиқ цензура қилинмоқда.

 

Партия аъзолари томонидан ёзилган мақола ва таклифлар Пўлатов манфаатларига зид бўлса босиб чиқарилмайди ёки ўзгартирилиб, ўз манфаатига мослаб эълон қилинади. Биз эса жим турамиз. Қани гапириб кўрайлик-чи, эртага "Бирлик"ни интернетдаги саҳифасида нималар пайдо бўлар экан? Шуниси аниқки, биз тўғримизда хаёлимизга ҳам келмайдиган туҳматлар уюштирилади. Партия обрўсини тўкаётганлигини раисга айта олганларнинг кўпчилиги аллақачон ҳар хил туҳмату  иғволарга, дўқ-пўписаларга учраб, партиядан кетишга мажбур бўлганлар.

 

"Бирлик" интернет саҳифаси орқали партиянинг виждонли ва ўз фикрига эга бўлган фаоллари - Бахром Ҳамроев ва Исмоил Дадажоновлар ҳақида бўлмағур туҳматлар уюштирилмоқда. Улар ҳақида  кўпгина мамлакатларда фаолияти тақиқланган "Хизб-ут Таҳрир"  диний -сиёсий ҳаракатига алоқадор деган туҳмат ва ҳақоратларга тўла мақолалар ёзилмоқда. 

 

А.Пўлатов томонидан бу каби мақолаларни мунтазам эълон қилинаётгани, партиямиз фаоллари, жумладан раис ўринбосари Исмоил Дадажоновни  нафақат Ўзбекистонда, балки, бошқа мамлакатларда яшайдиган яқинлари, қариндош уруғлари ҳамда яқин кишиларини Ўзбекистон Миллий хавфсизлик Хизмати (МХХ) томонидан таъқиб қилинишларига сабаб бўлмоқда.Пўлатов эса ўз манфур режаларини амалга ошириш учун  Ўзбекистон МХХ тажрибасидан унумли фойдаланиб, ўзига ноқулай бўлган партия аъзоларига нисбатан туҳмат ва бўхтонлар уюштириб,  уларни партия сафидан чиқаришга уриниб келяпти....

 

Ўтган йилларда Толиб Ёқубов, Зоҳид Хақназаров, Дадахон Ҳасанов, Ёдгор Обид, Ҳазратқул Худойбердиев ва бошқалар, бугунги кунда,  Баҳром Ҳамроев, Исмоил Дадажонов, Муҳиддин Қурбоновлар... Эртага  кимларга навбат келар экан?

 

Биз барча "Бирлик" партияси фаоллари ватанимизда демократик давлат қуриш учун курашга бел боғлаган эканмиз, аввало партиямизни ичида демократик рух ташкил қилиб олишимиз керак. Партиямиз низомининг 5.3 бандида Партия раиси, раис ўринбосарлари ва партия котиби икки йилдан уч муддатга сайланиши мумкин дейилган. Ҳозирги раҳбарият низомда кўрсатилган муддатни ўтаб бўлишига озгина муддат қолди. Биз бўладиган партия қурултойида низомга асосан ўзмизга янги, ишчан ва  кибру ҳаводан йироқ, таккабурликдан холи, ўз манфатидан халқимизнинг манфаатларини устун қўя оладиган одамларни сайлаб олишимиз керак. Партия нашрларини, Интернет саҳифасини, партиянинг мустақил матбуот марказини ташкил қилиб, уларга топширишимиз лозим деб ўйлаймиз.

 

 "Ҳечдан кўра кеч",- дейди доно халқимиз. Партия раиси А. Пўлатовни "Ҳаракат" журнали таҳририятидан ва интернет саҳифаси бошқарувидан четлаштириш учун етарли далилларимиз бор.  "Даъвогар суст бўлса қози муттаҳам" деган мақол бекорга айтилмаган. Ҳеч ким такаббур, ўзибўлармок ва диктатор бўлиб туғилмайди. Уни лоқайд ва лаганбардор одамларнинг ўзлари яратадилар.

 

 

 

Муҳиддин Қурбонов, "Бирлик" ҳаракатининг Жиззах вилоят бўлими раиси, ҳамда "Бирлик" Марказий Кенгаш аъзоси.

Набижон Норбўтаев, "Бирлик" МК аъзоси.

Рафиқ Ғаниев, партия фаоли.

Тулқин Қораев, партия фаоли.

Иномжон Бобохонов, партия фаоли.

Улугбек Зайнобиддинов, партия фаоли.

 

Мурожаатга қўшилишни истаганлар қўйидаги манзилга мурожаат қилиши мумкин:
 
Tel:   0046737634977 ;
  
Просмотров: 863 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей