Жума, 19.04.2024, 01:33
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 19 » Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқий башараси
13:35
Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқий башараси
Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳақиқий башараси
Uznews16.10.08 – Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 13-октябрда мамлакат минтақалари раҳбарлари иштирокида селектор йиғилиши ўтказди, унда пахта теримига талабалар ва ўқувчиларни 100 фоиз чиқишини таъминлай олмаганларни аёвсиз сўкди.

13 октябр куни мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан селектор мажлисида иштирок этган Ўзбекистон минтақалари вакиллари, йиғилишни таҳқирланган, деярли дўппосланган ҳолда тарк этишди.

Ўша куни Бош вазир сўкишларини эшитиш ”шарафига муяссар бўлган” одамлардан бири таасуротларини Uznews.net .илан баҳам кўрди. Ўша куни Мирзиёев телефон орқали Тошкентдан туриб пахта териш кампаниясининг бориши юзасидан мамлакатнинг барча минтақалари билан алоқага чиққан. Мамлакатнинг ҳар бир вилояти марказида Бош вазирга ҳисоб бериш учун, пахта теримига жавобгар асосий одамлар, - ҳокимлар, қишлоқ хўжалиги мутаҳассислари, халқ таълими бўлими вакиллари, фермерлар иштирок этишди.

Пахта терими суръатидан қониқмаган, Шавкат Мирзиёев ҳаммага заҳрини сочди, дейди мажлис иштирокчиси.

«Cелектордан болахонадор сўкиш оҳанглари янграрди. Мирзиёев айниқса 13-октябр куни кучли ёмғир ёққани сабабли барча болалар ва талабаларнинг пахтага чиқмаганидан жаҳли чиқди. Унга оби ҳавонинг ёмон бўлганлигини тушунтиришга ҳаракат қилишди, у бўлса уятсиз сўзлар билан сўкиш орқали, унга бунинг фарқи йўқ дея жавоб берди», - дейди мамлакатнинг жанубий минтақасидан иштирок этган қатнашчи.

Айниқса Мирзиёев Сурхондарё вилоят халқ таълими вилоят бўлими бошлиғи Алишер Минглиевни бўралаб сўкди, айнан у, Бош вазирнинг фикрича, ўқувчи ва талабаларнинг пахта теримига чиқишини уддалай олмаяпти. Мирзиёев аввал Минглиевни яхшилаб пўстагини қоқди, кейин эса уни ишдан бўшатганини эълон қилди.

Бироқ, кейинчалик аниқлашимизча, Минглиев ҳамон ишини давом эттираётгани маълум бўлди. Бугун эса у эрталаб саҳардан бери теримга чиқарилган болалар ва ёшларни назорат қилиш учун пахта даласида юргани маълум бўлди, айнан шунинг учун у бош вазир билан бўлган можарога изоҳ бера олмади.

Мирзиёев икки соатдан зиёд давом этган мажлиси сўнггида, ким, қндай пахта териб топшириши унга барибирлиги, қандай бўлмасин 3,6 млн тонна пахта териш режасини бажаришни истаётганлигини айтган. Кейин Мирзиёев барча мактаблар ўққитувчилари, боғча тарбиячилари, коллеж, лицей ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари, пахта тера оладиган барчани далага олиб чиқишга буйруқ берди.

Шавкат Мирзиёев 2003 йил мамлакат Бош вазири лавозимига тайинлангунига қадар ўзининг ўта қўпол аҳлоқи билан машҳур бўлган. У Жиззах вилоят ҳокими бўлган 1996 йилдан 2001 йилгача, кейин эса Самарқанд вилоятида Бош вазирлик курсисига ўтиргунига қадар, у ўзининг муштумзўрлиги билан ном чиқарган эди.

Жиззах ва Самарқанд вилояти фермерлари ҳоким Мирзиёевнинг калтакларини, агар қишлоқ хўжалик ишларидан кўнгли тўлмаса, ўз таналарида бир неча бор синаб кўришган. Жиззахлик маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари эса нафақат унинг муштумзўрликда айблашади. Уларнинг сўзларига кўра, Мирзиёев Жиззах вилоятидаги бир қанча одамларнинг ўлимида айбланган.

Унинг айби билан деҳқонлардан бири, ўз оиласи эҳтиёжи учун асраб келаётган ғаллани сақлаб қолиш учун тракторнинг тагига ўзини ташлаган. Айтишларича, Мирзиёев, давлатга қарашли далада мол боққани учун бир болани ўз қўли билан отиб ташлаган.

Бошқа сафар эса, ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Мирзиёев Жиззах Ўқув юртларидан бирининг ўқитувчисини талабаларни пахтага олиб чиқишдан бош тортгани учун шу даражада дўппослаган, кейинчалик унинг касалхонада жони узилган.

Шуни айтиш керакки, матбуотда бир неча бор айтилган бу гапларга, Шавкат Мирзиёев бирор муносабат билдирмаган. У Ўзбекистондаги энг ёпиқ раҳбарлардан бири ҳисобланади, ҳатто унинг ЎзА давлат ахборот агентлиги 2006 йилнинг апрелида эълон қилган фотосурати оламшумул воқеа ҳисобланди.

Бироқ унинг ёпиқлиги, ўзининг қўпол раҳбарлик услубини бутун республикага ёйишига тўсиқ бўла олмади. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги кузатувчиларнинг билдиришларича, уларнинг раҳбарлари ҳам ўз қўли остидагиларга зўрлик ва ҳўрликлар кўрсатишда Шавкат Мирзиёевнинг услубига тақлид қилишади
Просмотров: 3102 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей