Би-би-си меҳмони - Гулнора Олтиева
BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли шоир ва мухолифат фаоли Юсуф Жуманинг умр йўлдоши Гулнора Олтиева жавоб беради.
Гулнора Олтиева 1961 йилда Бухоро вилояти Қоракўл тумани собиқ Максим Горький колхозида зиёли оиласида туғилган.
1979 йилда ўрта мактабни тугатган.
Ўша йили мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият бошлаган шоир Юсуф Жумаев билан турмуш қурган.
Ҳозир уларнинг олти нафар фарзанди бор.
Гулнора Олтиева 1998 йилда Қоракўл тумани Эгамберди Раҳимбердиев жамоа хўжалигидан ер олиб, "Оллоқули" фермер хўжалигига асос солган.
Турмуш ўртоғи Юсуф Жума ва фарзандлари билан ўзларининг фермер хўжалигида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирганлар.
Гулнора Олтиева Юсуф Жума билан турмуш қурганидан бошлаб, шоир билан ёнма-ён туриб адолатсизликка қарши курашиб келганини айтади.
Юсуф Жума 1980 йилларда шеъриятга кириб келган, унинг "Ҳақиқатнинг олтин олмаси" номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган.
Мухолифатдаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаолларидан бўлган шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун "давлат тузумига тажовуз қилиш"да айбланиб, қамоққа ташланган.
Юсуф Жума ва оиласи Президент Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилганлари ва амалдаги тузумга нисбатан фаол фуқаролик мавқеъини эгаллаганликлари учун таъқиб қилинаётганликларини айтишади.
2007 йил ноябрида Гулнора Олтиевага қарши Бухоро вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати конституциявий тузумга тажовуз қилиш банди билан жиноий иш очиб, қидирув эълон қилган.
Юсуф Жуманинг рафиқаси шу кундан бошлаб яшириниб юришга мажбур бўлганини айтади.
2007 йил 10 декабрда Юсуф Жума ва ўғиллари Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишлар уюштиришади.
Бухоро милицияси шоир ва ўғилларини ҳокимият вакилига бўйсунмаслик ва тан жароҳати етказишда айблаб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғайди.
Турмуш ўртоғи Юсуф Жума ва ўғиллари Бобур ва Машраб ҳибсга олинганларидан кейин Гулнора Олтиева Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.
Бухоро вилоят суди 50 ёшли шоир Юсуф Жумани 2008 йил апрелида беш йилга озодликдан маҳрум этган.
Қорақалпоғистондаги "Жаслиқ" қамоқхонасида сақланаётган шоир билан кўришган ягона шахс-унинг қизи Феруза отасининг қийноқлардан шикоят этганини айтган.
Шу кунларда Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Франция Президенти Николя Саркозига мактуб йўллаган Гулнора Олтиева турмуш ўртоғи Юсуф Жумани озод этиш ва қамоқда бедарак кетгани айтилган ўғли Машрабнинг тақдирига ойдинлик киритишда кўмак беришни сўраган.
Гулнора Олтиевага саволларингизни саҳифамизнинг ўнг томонидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.ukэлектрон манзилимизга йўлланг.
Суҳбатни шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз, унинг матни билан ушбу саҳифада танишишингиз мумкин.
Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?
Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз
|