Шанба, 27.04.2024, 03:21
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 14 » 'Оврўпо Иттифоқи қарори ўзбек халқига хиёнат'
21:55
'Оврўпо Иттифоқи қарори ўзбек халқига хиёнат'
'Оврўпо Иттифоқи қарори ўзбек халқига хиёнат'
Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга қарши киритилган Оврўпо Иттифоқининг жазо чоралари енгиллатиларкан, мазкур қадам Британия матбуотида танқидга учраган.

Андижон қирғинига алоқадорлик кўрилган Ўзбекистон мулозимларининг Оврўпо Иттифоқига сафар қилишларига қарши киритилган тақиқ бекор қилингани тўғрисида иккита мақола чоп этган The Independent нашри Оврўпо Иттифоқи қадамини ўзбек халқига хиёнат, деб атаган.

Мақолалардан бирида ёзилишича, инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида Ўзбекистон ижобий қадамлар қўйсин деган илинжда, иттифоқнинг ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон Мудофаа вазири Руслан Мирзаев ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ҳамда яна 6 нафар ўзбек мулозимига қарши киритилган виза тақиқини бекор қилганлар.

"Ўзбек мулозимлари сафарига қарши санкциялар енгиллатилгани ёмон қаршиланмоқда", деб сарлавҳаланган Клейр Соарес қаламига мансуб мақола, Оврўпо Иттифоқи қарори ёлғон мантиққа таянган ва ҳафсалани пир қилган, қабилидаги танқдчилар фикрларини урғулайди.

Бекор қилиш қарори яна ярим йилдан кейин кўриб чиқилиб, керак бўлса қайта тикланиши мумкинлигини қайд этган муаллиф, танқидчиларнинг бу энди ёлғондакам пўписа, деган гапларини келтиради.

Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган таҳлилчи Жон Маклауднинг айтишича, инсон ҳуқуқлари борасида қуруқ гапириб турсанг бўлди, деган фикр мазкур қарордан сўнг янада кучаяди.

Иккинчи мақола эса асосий хулосавий нуқтаи назарни акслантиради.

 Бир пайтлар Москвага қарши Ғарбга юзланган Ўзбекистон, Андижон воқеалари ортидан Хитой ҳамда Россия билан тижорий ва ҳарбий иттифоқларга киришди. Шу манзарада эса зарурий газ заҳираларидан қуруқ қолишдан қўрқиб кетган Ғарб ҳам ўз тамойилларидан чекинди
 
The Independent

Мақола "Тамойилларга хиёнат" деб аталади ва у рўзноманинг энг муҳим воқеаларга бағишланадиган етакчи мақолалари сирасида эълон қилинган.

Мақола, жазо чоралари аслида Андижон хунрезлиги туфайли киритилганини таъкидларкан, дунёнинг нафрати икки йил ичида тарқаб кетибди, деб ишора қилади.

Мақолада ёзилишича, Оврўпо Иттифоқи эндиликда Ўзбекистондаги тузумга таъсир этишнинг энг яхши йўли - жазо чораларини тўхтатиш, деб баҳсга киришмоқда.

Аммо Ўзбекистондаги аҳвол яхшиланмоқдами, деб савол қўйиларкан, икки нафар инсон ҳуқуқлари фаоли қамоқдан озод этилгани ва ўлим жазоси бекор қилингани қайд этиб ўтилади.

Бироқ Андижон воқеаларини мустақил текширишга рухсат берилмаган, мустақил матбуот ва сиёсий мухолифатни йўқотиш йўлида ўзбек ҳукумати тинмасдан ҳаракат қилган, деб таъкидланади мақолада.

БМТ ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистондаги ўзгача фикрловчилар ҳамон қийноқларга солинаётгани борасида далилларга эга, дея ёзади мақола.

Танқид тиғи, Оврўпо Иттифоқига, хусусан, Олмонияга қаратилган.

Ўзбекистоннинг улкан газ заҳираларига кўз тиккан Олмония санкциялар енгиллатилиши йўлида кўп тер тўккани билдирилади.

Шу ўринда Ўзбекистон ишлатган - Ғарбга Шарқни қарши қўйиш сиёсати ҳам жуда яхши иш бергани урғуланади.

Бир пайтлар Москвага қарши Ғарбга юзланган Ўзбекистон, Андижон воқеалари ортидан Хитой ҳамда Россия билан тижорий ва ҳарбий иттифоқларга киришди. Шу манзарада эса зарурий газ заҳираларидан қуруқ қолишдан қўрқиб кетган Ғарб ҳам ўз тамойилларидан чекинди, деб ёзади The Independent.

Мақоланинг хулоса қилишича, Ғарб яна бир бор иқтисодий манфаатларини инсон ҳуқуқларидан устун қўйди ва санкицияларни енгиллаштириш билан яна бир марта ўзбек халқига хиёнат қилган.

Просмотров: 891 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 5.0/2
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей