Жума, 26.04.2024, 08:58
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 10 » 'Рўзғор харажатининг 30-40 фоизи нонга сарфланяпти'
00:32
'Рўзғор харажатининг 30-40 фоизи нонга сарфланяпти'

'Рўзғор харажатининг 30-40 фоизи нонга сарфланяпти'

 Мустақил журналист

 Ўзбекистонда буханка нон нархи қимматлаган. Авваллари 250 сўм бўлган бир буханка нон 300 сўмга чиққан. Кам таъминланган оилалар рўзғорига нон нархидаги арзимаган ўсиш ҳам салбий таъсир қилиши тайин. Айниқса, энг оз нафақа ва моянага кун кўраётганларнинг дастурхонлари яна ҳам юпунлашадиган.

 Рўзғор ҳақида гапирганда, фақат буханка нон эмас, октябр ойидан бошлаб барча озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергия нархлари ҳам ошиши манзарасида маош ва нафақага яшовчи аҳоли қатлами жуда ночор аҳволга тушиб қолди. Нон нархининг ошишини эса кўпчилик ўз тилида "ўлганнинг устига тепган" бўлди дейишмоқда. Булар аксари нафақахўрлар ва аёллар. Нон харид қилгани келганларнинг аксари янги нархдан нолиса-да, бу туришида нон ҳали яна қимматлашса керак, дея тахмин қилишмоқда. Лекин норозилик кайфияти фақат ўзаро танишлар суҳбатида изҳор этилади, холос.

 Бир маънода буханка нон ошиши бугунги нарху-наво манзарасида кутилган ҳол бўлгани учун баъзи бирлар бу ўзгаришга жиддий эътибор ҳам бергани йўқ. Қолаверса, кейинги пайтда дўконларда одамлар 250 сўмлик буханка харид қилиш пайти шундоқ ҳам эллик сўмлик қайтим ўрнига бир-икки дона сўрма қанд ёки гугурт олиб ўргангани учун 300 сўм нархга руҳан кўникканди. Лекин кунига беш-олтита буханка харид қилинадиган рўзғор учун бу жиддий таъсир қилди.

 Буханка нон учун навбат кутиш деярли йўқ. Сабаби нон келиши билан дўкон ари уясидек бир тўзиб олади ва нон тезда тугаб қолади. Бошқа пайт "ижтимоий нон" дея аталадиган бу энг паст сифатли буханка нон учун ажратилган пештахта бўш туради. Кўпчилик буханка келадиган пайтни билади. Бозорлардаги буханка нон дўкони эса анчайин гавжумроқ бўлади ва нон келган пайт қисқа муддатли навбат пайдо бўлади. Бу дўконлардан кўпроқ бозорга сут ва бошқа маҳсулот сотгани келган аёллар фойдаланади ва улар 10 ва ундан ортиқ нон сотиб олади. Улардан бирининг айтишича, Тошкент атрофидаги қишлоғига боргандан кейин бу нонни қўшниларига устига 50 сўм қўйиб сотади ва шу тариқа йўл кира ҳақини чиқаради. Лекин дўконлардаги нон пештахталарида олий навли ундан ёпилган ва тайёр кесиб қўйилган 1000 сўмлик оқ буханка ҳамда 750 сўмлик "батон" нонлар ҳамиша мавжуд. Бироқ бу нонларни ҳамма ҳам ололмайди.

 Бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ошиб кетгани ва охирги ҳафталар ичида бензин, электр ва табиий газ нархлари кўтарилгани учун ҳам нон нархи ошди, дейиш мумкин.

 Ҳукумат айни ўзгариш борасида ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ, бундай пайтларда расмийлар нарх ошишини ҳеч қачон изоҳлаган эмас ва ўзларини гўё бундай ўзгариш юз бермагандек тутади. Агар изоҳ берилганда ҳам бу ҳол нон ёпиш ва ташиш учун сарфланадиган энергия ресурслари, яъни, табиий газ, бензин ва электр нархлари ошгани билан изоҳланса ажаб эмас.

 Буханка нон нархи ошиши бошқа ёпган нон, яъни нонвой нонлар нархига бироз таъсир қилиши мумкин ва нонвойлар энди енгилроқ нафас олиши мумкин. Чунки давлат буханка нон нархини белгилашдан ташқари хусусий нонвойларни ҳам нархни ошириб юбормаслиги учун босим остида ушлаб туради. Баъзи жойларда бу босимни маҳалла аҳолиси кўрсатади. Бироқ нонвойлар қўядиган нарх аллақачон турлича бўлиб кетган ва уни энди давлат қолипга сола олмайди. Нархни бошқариш ҳаракати туфайли аввалги ўртача катталикдаги ёпган нонлар бугун кулча нон ҳолига келиб қолган. Шу тариқа нархи арзон кўринсада, ҳажми кичрайиб зарар яна харидор томондан. Бугун кулча нон нархи 300 сўмдан, ўрта ҳол нон 450 сўмдан 600 сўмгача, патир нон эса минг сўмдан тепада.

 Бугунги кунда ҳукумат белгиланган энг кам маош миқдори 25000 сўм бўлиб, бир киши бир ой давомида бу маошнинг тахминан 40 фоизини нонга сарфлайди, агар у фақат ўзи учун нон олса. Оиласида яна бирор киши бўлса бу маош тўлалигича буханка нон харид қилишга кетади. Бугун ўртача ўзбек оиласининг рўзғорида нон учун харажат 30-40 фоизни ташкил этади.

 Яна бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки, аҳолининг нонни энг кўп истеъмол қиладиган қисми қишлоқларда яшайди ва улар ўзлари етиштирган буғдойдан ун қилади ёки буғдойни бозордан сотиб олади. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан юқориси ва аксар камбағал қисми қишлоқларда яшаши ва улар давлат нархини белгилаб турган нондан сотиб олмаслиги ҳисобга олинса, бу ўзгариш ҳукумат учун катта ижтимоий хавф туғдирмаслиги аён бўлади.

 Қишлоқ аҳолиси аксинча бугунга келиб давлатга буғдой солиғи ҳам бермоқда экан. Гувоҳларнинг айтишича, маҳаллий раҳбарлар ташаббуси билан бу йил ёзда Фарғона водийсидаги айрим қишлоқлар аҳолисидан буғдой ундирилиб, режасини бажара олмаган фермерлар ҳисобига топширилган. Бир қишлоқдан ҳар бир хонадондан икки килодан буғдой мажбуран олиниб, режасини бажара олмаган фермер ҳисобидан давлатга топширилган. Бошқа қишлоқда эса мактаб ўқитувчиларининг ҳар бири 5 килодан буғдой солиғи тўлаган. Раҳбарлар энди болаларимизга берадиган нонга ҳам кўз олайтирмоқда, дейишмоқда бу одамлар.

Просмотров: 852 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей