Гулнора Олтиеванинг хати Саркози қўлига тегди Фаррух Юсуфий Жаслиқдаги қамоқхонада қолаётган мухолифатчи шоирнинг турмуш ўртоғи Гулнора Олтиева Франция презденти Николя Саркози номига ёзган мактубда “Жаноб Президент Юсуф Жума жуда оғир аҳволда қолмоқда. Адвокатлари уни кўргани борганларида, ҳар сафар қамоқхона ички тартибини бузгани важи билан Юсуф Жума жарима изоляторига ташланганини айтишади. Менинг эрим Юсуф Жума халқ шоиридир ва жаҳондаги энг жиноий режимлардан бирини танқид қилиб келган” дейилади.
Шоирнинг рафиқаси шу пайтгача кўплаб халқаро ташкилот ва давлат раҳбарларига Юсуф Жума ва ўғли Машрабнинг озод этилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Унинг айтишича, бу мактубларнинг бирортасига ҳам жавоб берилгани йўқ ва турмуш ўртоғи ҳамда ўғли қарийб бир йилдан бери қамоқда қийноққа солинмоқда. Франция раислик қилаётган Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган инсон ҳуқуқлари мулоқоти доирасида Юсуф Жума ва бошқа сиёсий маҳбуслар тақдири ҳам муҳокама қилинаётганини айтаётган бўлсада, ҳозирча бу маҳбусларнинг озод этилишини очиқ талаб қилгани йўқ.
Гулнора Олтиева шу пайтгача турмуш ўртоғи ва ўғлининг озод этилишига ёрдам беришларини сўраб кўплаб халқаро ташкилот ва давлат раҳбарлари, жумладан Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европа Иттифоқи, АҚШ президентига мактублар ёзган. Унинг айтишича, бу сафар Франция президенти Николя Саркозига мурожаат қилишига, аввалги мактублари жавобсиз қолаётгани ва келаси ҳафта Франция раислик қилаётган Европа Иттифоқи кенгашида Тошкентга нисбатан санкцияларнинг муҳокама қилиниши сабаб бўлган.
“Турмуш ўртоғим 2007 йил декабрдан бери президетнинг шахсий душмани сифатида қийноқларга солиниб, аҳволлари қандайлигидан бехабарлигимизча ëтибдилар. Шунинг учун мен бутун дунëга, ҳаммага мурожаат қилиб айтаяпман. Турмуш ўртоғимда гуноҳ йўқ. У киши бир шоир. Адолатсизликка қарши ҳамма вақт курашиб келганлар. Шунинг учун қамоқда ëтибдилар. Бизга ëрдам бериб турмуш ўртоғимни озод қилиб беринглар. Мен хатимни ана шу умид билан ëзаяпман¸ холос”, дейди тушкунликка тушган Олтиева.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий қилган санкциялар масаласи келаси ҳафта Европа кенгаши мажлисида муҳокама қилинади. Кўпчилик, санкциялар тўла ёхуд қисман бекор қилинишини башорат қилмоқда. Европа Иттифоқининг кейинги ойларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ижобий қадамлар қўйилаётганини олқишлаб, эълон қилган баёнотлари бундай башоратларга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Брюссел расмийларининг фикрича, Андижон воқеаларидан кейин қамалган инсон ҳуқуқлари фаолларининг бир қисми озод қилингани, ижобий қадамлар тасдиғидир. Европа Иттифоқининг 2005 йил 13 майдан бери Ўзбекистонга оид қабул қилинган резолюция ва эълон қилинган баёнотларида мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятида хавотир билдирилган ҳолда, ҳуқуқ фаолларининг озод этилиши олқишланади. Лекин бу ҳужжатларда Андижон воқеаларидан бери ёхуд мустақиллик йилларида қамалган кўплаб мухолифатчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг номлари эсланмайди.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел, Озодлик мухбирининг саволига берган қисқа жавобида, расмий ҳужжатларда барча сиёсий маҳбусларнинг исми келтирилмасада, уларнинг, хусусан Юсуф Жуманинг тақдири Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган мулоқот марказида эканига ишора қилди.
“Тўғри айтасиз ва сизнинг фикрингизни жуда яхши тушуниб турибман. Лекин шуни айтишим мумкинки, Юсуф Жумага оид вазиятдан жуда яхши хабардормиз. Сизга бу ҳақда барча тафсилотларни ҳозир айта олмайман, лекин яна бир марта таъкидлайман, бу вазиятдан биз жуда яхши хабардормиз”, дея гапни қисқа қилди Пьер Моррел.
Парижда жойлашган “Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” ташкилотининг раҳбари Надежда Отаева, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматига оид резолюцияларда фақатгина баъзи инсон ҳуқуқлари фаоллари масаласини кўтараётгани ачинарли ҳол экани, лекин айни пайтда Юсуф Жуманинг тақдирига ҳам диққат қаратилаётгани ва Гулнора Олтиева ҳиссиётларга берилмасдан, сабрли бўлиши лозимлигини айтади.
“Афсуски, ҳозир Европа Иттифоқи баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларига эътибор қратиб, сиёсий маҳбуслар тақдирига бефарқ қолмоқда. Бу катта адолатсизликдир, чунки улар ҳам, булар ҳам ўз қарашларини очиқ ифода қилгани учун қамоққа ташланган. Юсуф Жума ҳақида гапирсак, мен шуни айтишим мумкинки, ўз манбаларимдан олганим маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи ҳақиқатан Ўзбекистон ҳукумати билан унинг тақдири борасида гаплашмоқда. Бу ҳал этиш қийин бўлган масаладир. Чунки у жуда катта ҳаракат талаб қилади. Ва менимча, Гулнора Олтиева ҳиссиётларга берилмасдан сабр қилиши лозим”, дейди Отаева.
Ҳуқуқ фаоли, Европа Иттифоқи резолюцияларида Юсуф Жума ва у каби тоши оғир сиёсий маҳбуслар исмларининг эслатилмаслиги сабаби, бу исмлар Тошкент режимининг ғашини келтиришида бўлса керак, деб тахмин қилади. Бу эса, Ўзбекистон ҳукуматига нафақат Юсуф Жума, балки Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад ва Рашид Бекжонлар, Мурод Жўраев, Санжар Умаров ва бошқа кўплаб сиёсий маҳбусларни озод этиш бўйича етарли босим бўлмаётганининг асосий сабабидир, дея хулоса қилади Отаева.
Ушбу лавҳани тайёрлаётиб, бугун кун бўйи Франция президенти маъмурияти, ташқи ишлар вазирлиги ва Европа Иттифоқи кенгашида Франция президентлиги идорасига бир неча марта қўнғироқ қилдик. Бу идоралардаги манбалардан олганимиз сўнгги хабарга кўра, Гулнора Олтиеванинг мактуби Франция президенти маъмуриятида рўйхатга олинган ва тез орада Николя Саркозининг қўлига тегади.
“Ҳозирча саволингизга жавоб бера олмайман. Мактуб президент Саркозининг қўлига теккандан кейин бир нерса дейишим мумкин. Лекин ҳозир мактубга бирор муносабат билдира олмайман”, деди Франция ташқи ишлар вазирлигининг исми ошкор этилишини истамаган вакили.
|