Пайшанба, 21.11.2024, 11:39
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 5 » Ташқи ишлар вазирлигининг хати сохта бўлиб чиқди
15:04
Ташқи ишлар вазирлигининг хати сохта бўлиб чиқди
Ташқи ишлар вазирлигининг хати сохта бўлиб чиқди
Сарвар Усмон
"Сиз айтаётган мактуб битилган бланк вазирликнинг расмий бланки эмас, хат жўнатилган адрес вазирликнинг расмий электрон адреси эмас, хуллас, сиз айтаётган хат Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирлигининг хати эмас, унга вазирликнинг алоқаси йўқ".

Бу жавобни 4 сентябрь, шанба куни Озодлик радиосига Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирлигининг ўзини Жаҳонгир, деб таништирган масъул ходими берди.

Гап шундаки, 3 сентябрь, жума куни кечқурун бошқа ўнлаб адресатлар қатори Озодлик радиосига электрон почта орқали uzbekistanmfa@gmail.com деган электрон почтадан бир хат келиб тушди.

Мактуб пештоқида "Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирлиги", деб ёзилган, мамлакат герби тасвири туширилган, вазирлик адреси ва телефонлари бор.

Вазирлик ўзига тааллуқли эканлигини тан олмаётган хат "Миллий ярашиш ижроия қўмитаси" раҳбарлари А.Йўляхшиев, Э.Эшмонов, У.Усмонов, Холдор Вулқон ва Х. Али Муҳаммад"ларга йўлланган.

Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирининг Европа мамлакатлари ва АҚШ билан ҳамкорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Неъматов И.Т. номидан битилиб, 3 қоғозга жо бўлган мактубда, вазирлик, номи зикр этилган қўмитанинг мактубини олгани хабар қилинади.

Ташқи ишлар вазирлиги сизларнинг ватанга қайтиш йўлидаги ҳаракатларингизни олқишлайди, ватан эшиклари Сизлар учун доим очиқ, деган мазмун билан йўғрилган 3 варақли каттагина мактуб.

Вазирлик тан олмаётган бу мактуб 1 октябрь куни пайдо бўлган бошқа бир мактубга жавобдир.

Гап шундаки, 1 октябр куни Озодлик радиоси электрон почтасига ўзини "Миллий яраш ижроия қўмитаси", деб таништирган ташкилотнинг ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўлланган мактуби нусхаси келиб тушган эди.

Президентга мурожаат шаклида ëзилган ўша мактубда, дунëнинг турли мамлакатларида яшаëтган ўзбекистонликлар Ўзбекистон раҳбарини сиëсий қочқинларнинг ихтиëрий равишда ватанга қайтишига имкон беришга даъват қилганлар.

Ўша куниёқ мактуб муаллифларидан бири, 1993 йилдан бери муҳожиратда яшаб келаëтган “Бирлик” халқ ҳаракати етакчиларидан бири Алибой Йўляхшиев Озодлик радиосига мана бундай деган эди.

“Ўзбекистоннинг аҳволини жуда яхши билганимиз учун, ватанимизнинг аҳволини яхшилаш йўлини излашда шу йўллардан бири деган фикрга келганлигимиз учун, бу мурожаат пайдо бўлди”.

Бу 1 октябрь кунги гап. Орадан 2 кун ўтиб, 3 октябр куни кечқурун Алибой Йўляхшиев айтаётган мурожаатга жавоб - бир дақиқа аввал айтганимиз "Ўзбекистон республикаси ташқи ишлар вазирининг Европа мамлакатлари ва АҚШ билан ҳамкорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Неъматов И.Т.", деб тугаган хат бошқа ўнлаб адресатлар қатори Озодликка келиб тушди.

Биз мазкур ҳужжатнинг чин ё сохталигини текшириш ва чин бўлиб чиқса, қўшимча шарҳ олиш мақсадида ташқи ишлар вазирлигига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Ассалому алайкум.

“Ассалому алайкум”.

Озодлик: Бу ташқи ишлар вазирлигими?

“Ҳа”.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Исмим Сарвар Усмон. Ташқи ишлар вазирилигидан чиққан, чет элдан Ўзбекистонга қайтамиз деган сиëсий муҳожирлар номига битилган бир хатни нусхаси бизни электрон почтамизга етиб келди. Шу хат ростми ëки ëлғонми билай деган мақсадда телефон қилаëтган эдим.

“Ҳозир бир дақиқа”.

Вазирликнинг ўзини таништирмаган бу ходими, шундай қилиб, бошқа ходим билан боғлади.

У кишига ҳам ўзимизни таништириб, саволимизни бердик.

Ходим, хатнинг қайд рақами бор-йўқлигини сўради. Рақамнинг йўқ эканлигини айтдик. Хатни факс орқали жўнатишимизни сўради. Электрон версиясини жўната қолсакчи, дедик.

Ходим эса интернет ишламаëтганлигини айтиб, факс орқали жўнатишимизни илтимос қилди.

Азиз тингловчи, вазирликда интернет ишламаётганига эътибор беринг. Демак, хат вазирлик биносидан жўнатилган бўлиши даргумон.

Факс орқали хатни жўнатдик ва бироздан сўнг яна боғландик.

“Ало”.

Озодлик: Ало ассалому алайкум. Факсни олдингизми?

“Ҳа, олдим”.

Озодлик: Нима дея оласиз шу хат бўйича?

“Бу бизларни хат эмас”.

Озодлик: Демак, бу Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигидан чиққан хат эмас, шунақами?

“Ҳа. Бизларни бланкларимиз ҳам бошқача”.

Озодлик: Бу ишни ким қилган бўлиши мумкин?

“Ҳайронман. Қайси электрон почта манзилидан келган бу хат?

Озодлик: uzbekistanmfa@gmail.com деган манзилдан.

“Мана мен ҳозир ўзимизни бланкда кўраяпман. Бизни манзилимиз info@tiv.uz. Бизни gmail.com да ҳеч қачон манзилимиз бўлмаган.

Озодлик: Неъматов деган одам ишлайдими ўзи?

“Бор. У киши вазирнинг биринчи ўринбосари”.

Озодлик: У киши қаерда ўтиради? У кишини идораси Тошкентдами?

“Ҳа, албатта”.

Озодлик: У киши шахсий электрон почтасидан жўнатиши мумкинми?

“Йўқ. Ҳеч қачон. Мен айтаяпманку бланк ҳам бизларники эмас”.

Озодлик: Мен ким билан гаплашдим?

“Мени исмим Жаҳонгир. Неъматовни ëрдамчисиман”.

Хўш, ким ёзган бўлиши мумкин, бу мактубни?

Бу энди бошқа масалаки, бугун у билан шуғулланмоқчи эмасмиз.

Шуниси қизиқки, ташқи ишлар вазирлиги номидан, номаълум шахс ёки идора томонидан битилган электрон мактубнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган 1 октябрь кунги мурожаатнома - ўзини "Миллий яраш ижроия қўмитаси", деб таништирган ташкилот хати ҳам хом-хатала, уни имзолаган, деб исмлари битилганларнинг баъзилари ҳали имзоламаган бўлиб чиқди.

Хат остида "Миллий яраш ижроия қўмитаси" раҳбари муовини, деган унвон билан исми ёзилган шоир Холдор Вулқон 2 октябрь куни ёзиб олинган "Қурултой" давра суҳбатида мана бундай деди:

“Мен Алибой Йўляхшиевни жуда яхши биламан. Домла менга ўша хатни матнини жўнатди. Бу матн ҳали мухолифатни муҳокамасига қўйилиши, тўлдирилиши ва кўп фикрлар билан бойитилиши керак. мен уни муҳокамага муҳтож, ҳали тўлиқ ва пишиқ бўлмаган матн деб биламан. Мен ҳали унга имзо чекканим йўқ. Каримовга жаноби олийлари деб ëзилган хатга мен ҳали имзо чекканим йўқ”.

"Қурултой"нинг адоғига чиққанимиз мавзуга бағишланган сонини якшанба кечки, душанба эрталабки эшиттиришларимизда тингланг.

Давра суҳбатининг матнини эса, интернет саҳифамизда ҳозироқ ўқишингиз мумкин.

Просмотров: 976 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей