Британия мўътадил мусулмонларни
яратмоқчи
Британия ҳукумати ўз
аксилтеррор кураш усулларини ўзгартириб, бош эътиборини маҳаллий мусулмонларни
радикаллашувдан ҳимоя қилишга қаратмоқчи.
Би-би-сига маълум бўлишича, британиялик
ёшларни террор амалларига ёллашни тўхтатиш ишларига катта аҳамият
қаратилади.
Янги стратегиянинг тугал йўл-йўриқлари
жорий йил охиригача тайёр бўлиши кутилмоқда.
Расмийлар эса бу каби чораларга қўл
урилмаса, яқин келажакда мамлакат юз тутаётган террор хавфи аримаслигига қаттиқ
ишонадилар.
2005 йил июлида Лондон нақлиёт тизимига
уюштирилган террор ҳужумларини маҳаллий мусулмон ёшлари амалга
оширишганди.
Шу боис аксилтеррор мутахассислари террор
таҳдиди фақат четдаги экстремистлардан эмас, балки Британияда туғилиб ўсган
мусулмон ёшларидан ҳам келиши эҳтимолини назарда тутадилар.
Эндиликда жамоалар ва, айниқса, мусулмон
ёшлари билан иш олиб бориш, улар ҳаётида интернетнинг аҳамияти қандай
бўлаётганини кўзда тутиш каби амалларга эътибор қаратилади.
Шу ҳафта эса Оврўпо хавфсизлик мулозимлари
Парижда учрашиб, қамоқхоналарда маҳбусларни террор тизимларига ёллашни
тўхтатишга оид чораларни кўриб чиқадилар.
|