Чоршанба, 23.06.2021, 16:51
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 3 » Mатбуот эркинлиги бўйича халқаро семинар
19:10
Mатбуот эркинлиги бўйича халқаро семинар
Mатбуот эркинлиги бўйича халқаро семинар
Тошкентда Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги муҳим мулоқотлардан бири сифатида кўрилган матбуот эркинлиги бўйича халқаро семинар ўз ишини якунлар экан, тадбир мутлақ назорат остида бўлган ўзбек матбуоти мавқеига заррача дахл қила олмаслик руҳида якун топди.  

 

Анжуман "Оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш жамиятни демократлаштиришнинг муҳим таркибий қисми", дея жарангдор номланганига қарамай, тадбирдан асл мақсад ўзбек матбуотини эркинлаштириш эмас, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига соя солиб турган Оврўпо Иттифоқининг жазо чораларини бекор қилиш йўлидаги уринишлардан бири экани семинарни уюштирган ҳар икки томонга аёндек...  

 

2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Оврўпо Иттифоқи киритган жазо чоралари ўта самарасиз бўлганига қарамай, жазони бекор қилиш ёки сақлаб қолиш масаласининг ҳар ярим йилда қайта кўриб чиқилавергани ўзбек расмийлари "жиғига теккан" ва эндиликда бу масалани қайта кўравериш, аксар кузатувчилар фикрича, ҳар икки томонга ҳам ошиқча ноқулайликлар туғдирмоқда.  

 

Оврўпо Иттифоқи энергетика манбалари учун кетаётган глобал курашда Ўзбекистондек табиий заҳираларга бой ҳамкорни қўлдан чиқаришни истамаётган бўлса, мамлакатнинг халқаро миқёсда номини чиқаришга миллионлаб долларларни аямасдан сарфлаётган ўзбек расмийлари ғарбнинг демократик тамойилларга содиқлик мажбуриятидан келиб чиқадиган айрим "инжиқликларига" кўз юмган кўринишади.  

 

Зеро бу "кўз юмишдан" Ўзбекистон ҳеч нарса ютқазаётгани йўқ. Яъни, мамлакатдаги турғун матбуотни эркинлаштириш йўлидаги чақириқлар ва бу чақириққа қарши янграган даъволар семинар ўтаётган хонадан ташқарига чиқадиганга ўхшамайди.  

 

Семинарга давлат назоратида бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари чақирилди холос.

 

Хорижий матбуот вакиллари ва мустақил журналистлар эса анжуман бошлангандан кейингина айни тадбирдан бохабар бўлишди. Ва аксарияти унда қатнаша олмади.

 

Расмий доираларга яқин бир журналистнинг айтишича, ўзбек томонидан семинарга таклиф қилинадиган журналистлар рўйхати юқори доиралар тасдиғидан ўтган.

 

Мазкур анжуман ҳақидаги хабарлар ҳам уларнинг тасдиғидан кейингина тарқатилади. Шу сабаб, Ўзбекистон телевидениеси ва
матбуоти семинар бошланган куни
бу ҳақида ҳеч қандай хабар бергани йўқ.

 

Семинардан ким нима кўзлайди?

 

"Мен семинарга таклиф қилинмаган бўлсам-да, ўзимни тия олмай у ерга бордим. Турли истиҳолалардан кейин исмимни ва иш жойимни ёзиб олиб, мени ичкарига қўйишди" - дейди маҳаллий журналистлардан бири.

 

"Ичкарида Ўзбекистонга нисбатан ғарблик меҳмонлар билдираётган танқидларни эшитгач, хонани тарк этдим. Чунки менинг рўзномам ҳеч қачон бундай фикрларни чоп этмайди. Биз ҳаттоки санъат ва адабиёт соҳасидаги суҳбатларни ҳам юқори доиралардан тасдиқлатиб олишимиз лозим бўлаётган бир пайтда бундай гапларга йўл бўлсин" - дейди у.

 

Анжуманда қатнаша олмаган бир мустақил журналистнинг айтишича, семинардан кейин матбуотни эркинлаштириш эмас, аксинча, анжуманда бўлган гапларнинг тарқалиб кетмаслиги учун назоратни кучайтиришга уринишлар бўлиши табиий. Шу сабаб ҳам семинарга ҳукуматга содиқлиги кўп марта синовдан ўтган журналист ва муҳаррирлар таклиф этилганлар, холос.

 

"Бу хўжакўрсинга ўтказилаётган тадбир эканини ҳамма билади. Ўзбекистонга ғарб хоҳлаганидек матбуот эркинлиги керак эмаслигини ўзбек раҳбарлари ҳам доим такрорлаб келадилар. Фақат буни миллий менталитет, анъаналар ва шарқона ахлоқ мезонлари каби даъволар билан ўраб чирмаб ташлаган, холос" - дейди бу мустақил журналист.

 

Унинг фикрича, самарасизлиги аён бўлишига қарамай, айни семинар энди ўзбек расмийлари учун Оврўпо Иттифоқи билан мулоқотларда яна бир дастак бўлади.

 

Ўзбекистоннинг ўзида эса ўзбек матбуотининг нақадар эркин ва халқаро мезонларга мос эканини кўкларга кўтариш учун энди бу семинарни мисол қилиб келтирадилар.

 

"Бундай семинарлардан ўнтаси ўтказилганда ҳам Ўзбекистон матбуотида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Чунки юқоридагилар бундай ўзгариш бўлишини асло истамайдилар. Улар учун матбуот ҳукуматнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатини тарғиб қилиш қуроли ва зинҳор бу сиёсатни тафтиш ва танқид қиладиган восита эмас" - дейди бу суҳбатдош.

 

Мустақил журналист, Тошкент

Просмотров: 740 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2021
Архив записей