Жума, 26.04.2024, 05:24
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Октябрь » 3 » Ўзбек ва ғарблик журналистлар келишолмадилар
19:03
Ўзбек ва ғарблик журналистлар келишолмадилар

 Ўзбек ва ғарблик журналистлар келишолмадилар 

 Тошкентда ўтган икки кунлик матбуот семинарида қатнашган ғарблик ва ўзбекистонлик журналистлар фикрлари ўзаро зид тушган.  

 Айрим ўзбек муҳаррирлари эса Ғарб матбуотини Ўзбекистондаги воқеаларни ёритишда бир томонлама ёндашишда айблаганлар. 

 Иштирокчиларга кўра, анчайин қарама-қарши руҳда ўтган мазкур тадбир Ўзбекистон матбуотида кенг ёритилаётгани йўқ. 

 Тошкентдаги айни семинарда қатнашган Лондондаги Уруш ва тинчлик масалаларини ёритувчи институт вакили Жон Маклауднинг Би-би-сига айтишича, тадбир давомида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқларига оид абгор вазият борасида кескин чиқишлар бўлган.  

 Хусусан, қамоққа олинган журналист Солижон Абдураҳмонов ва қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари номлари тилга олиб ўтилган. 

 Айниқса, Британиядаги Уруш ва тинчлик масалаларини ёритиш институти, Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Халқаро Инқироз Гуруҳидан келган вакиллар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳамда матбуот эркинлигига оид жиддий муаммолар борлигини таъкидлашган.  

 Семинарда иштирок этган Ўзбекистон Бош прокуратураси воизаси Светлана Ортиқова эса Би-би-си билан суҳбатда тадбир давомида қатор муаммолар ўртага ташланганини, аммо мулоқот ўта эркин, конструктив ва дўстона муҳитда ўтганини таъкидлади.  

 Ортиқова хонимнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳали ҳеч журналист ўз касбий фаолиятига боғлиқ бирон айб билан қамоққа олинмаган.  

 Ўзбекистон ўз оммавий-ахборот воситаларини ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлар экан, Бош прокуратура воизаси "битта нотўғри маълумот бир давлатнинг тинчлигини бузиши мумкин"лигини ҳам қайд этган.  

 Ғарблик иштирокчиларга кўра эса, ўзбекистонлик муҳаррирлар Андижон хунрезлиги Ғарб матбуотида қандай ёритилгани хусусида норозилик изҳор этиб, бу воқеа борасида ҳамон ҳукумат мавқеини ҳимоя қилишларини урғулаганлар.  

 Масалан, ўзбекистонлик иштирокчилар ўша пайтдаги Би-би-си мухбири Моника Уитлокнинг суратини намойиш этиб, журналистнинг ҳали тинч намойишлар бошланмасидан бурун Андижонга боргани ва гўё ана шу намойишларни уюштиришга алоқадорлиги ҳақида гапирганлар.  

 Айнан Андижон хунрезлиги ортидан Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан бир неча жазо чораларини киритган, бироқ кўпчилик бу чоралар иш бермаганини урғулашади.  

 Кейинчалик, Оврўпонинг етакчи давлатлари орасида ҳам Ўзбекистонга қарши киритилган жазо чораларини сақлаб қолиш керакми, йўқми, деган масалада фикрлар тарқоқлиги юзага келди.  

 Бироқ нефть-газга бой Марказий Осиёга нисбатан Оврўпо Иттифоқи янгича стратегия ишлаб чиқар экан, улар Ўзбекистон билан мулоқот йўлини танлаш зарурлиги хусусида гапира бошладилар.  

 Оврўпо ва Ўзбекистон журналистлари иштирокидаги матбуот тадбири эса мулоқотни тиклаш йўлидаги дадил қадамлардан бири бўлади, деб кутилганди.  

 Бироқ Оврўпо Комиссияси ташкил этган айни матбуот семинарини ўтказиш бир марта Тошкент томони талаби билан ўтказилмай қолган. 

 

Кейинчалик Ўзбекистон тарафи ўзи истаган ҳолда бошқа бир халқаро анжуман ташкил этган, аммо Оврўпо Иттифоқи вакиллари унда иштирок этмагандилар.  

 Иштирокчи Жон Маклауднинг ишонишича, ҳозирги семинарда қатнашган ўзбек ва ғарблик иштирокчиларнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда матбуот эркинлиги борасидаги мавқелари шу қадар зиддиятлики, мазкур тадбир бирон амалий натижа беради, деб ишониш ўта қийин.

Просмотров: 806 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей