Пайшанба, 14.11.2024, 21:53
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Сентябр » 28 » "...бу ер Москвами ёки Марказий Осиё деб ўйлардим"
14:46
"...бу ер Москвами ёки Марказий Осиё деб ўйлардим"

"...бу ер Москвами ёки Марказий Осиё деб ўйлардим" 

Россиялик масъулларнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россияда расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони икки миллионга яқинлашиб қолган.

Ноқонуний меҳнат қилаётганлари билан қўшиб ҳисобланганда эса, бу рақамлар яна бир неча баробарга ортиши мумкин. Уларнинг аксарияти пойтахт Москвада заҳмат чекишади ёки ҳеч бўлмаганда шундай таассурот қолдиришади. Ўзбекистонлик муҳожирлар бу ерда фаррошлик, юк ташувчилик, қурувчиликдан тортиб, официант, энага, сотувчи қадар "майда" юмушларда заҳмат чекишади. Би-би-си Рус хизмати ходимаси Роза Кудабаева таҳририятнинг топшириғи билан Москвада бўлиб, у ердаги меҳнат муҳожирларининг ҳаётларини ўрганган:

Роза Кудабаева:Мен бошида бораман-да, 4-5 киши билан суҳбатлашиб, ҳаётини ўрганаман дегандим. Аммо аслида бу жуда қийин экан. Мен ҳафталар давомида кўчадаги муҳожирлар билан гаплашишга интилдим. Аммо уларнинг ўнтадан тўққизтаси буни исташмасди. Русчам ёмон, қўяверинг деб айтади. Ўзбеклар эса биз Россиядан қўрқмаймиз, аммо Ўзбек ҳукуматидан қўрқамиз. Чунки ёзда уйга борсак, кейин, ана сен радиога интервью бериб юрибсан, деб муаммо чиқаришлари мумкин, деб айтишарди. Аммо қирғизлар қўрқмасдан гапиришарди. Тожиклар ва ўзбеклар асосан эркаклар экан. Аммо мен биронта ҳам туркман ва ёки қозоқ муҳожирга дуч келмадим. Чунки Қозоғистонда пул топиш имконлари бор. Тўғри мен кўчада тасодифий одамларни суҳбатга тортдим. Лекин фақат ўзбекистонлик, тожикистонлик ва ё қирғизистонликка дуч келдим. Муҳожирлар асосан шаҳар чеккасида ижарада туришади. Аммо мен яшаган марказий бўлгада ҳам кўчага чиқсам, қаердаман ўзим, бу Москвами ва ё Марказий Осиёми деб ўйлардим. Чунки улар марказда турли ишларни бажаришади. Кимдир дўконда сотувчи, кимдир фаррош яна биров қоровул ва ё юк ташувчи. Биласизми, улар шунчалик кўп эдики, агар бу ердаги тақирбош миллатчилар уларни йўқотамиз, деб қанчалик ҳаракат қилишмасин, барибир, бунчалик муҳожирларни қайтариб юбориша олмаса керак, деб ўйлардим.

Би-би-си: Лекин уларнинг муаммолари ҳам кўп бўлса керак... Чунки муҳожирларга ва уларни ишлатишга оид қонунлар ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган, баъзида бор бўлса ҳам ишлайвермайди... 

Роза Кудабаева:Мен меҳмонхонамиз ёнидаги дўконда сотувчилик қиладиган бир ўзбек қизини суҳбатга тортишга роса ҳаракат қилдим. У эса ҳеч ҳам унамасди. Мен 5 йил шу ишга киришга тиришдим, ҳужжатларни тўғриладим ва бироз жойлашдим. Энди сизга интервью бериб, муаммоларни гапириб, эртага бу ишимдан ажралиб қолишни истамайман, деб айтди. Чунки у ҳар йили Ўзбекистонга бораркан ва ҳукуматдан жуда қўрқар экан. Чунки Россияда барибир яхшироқ пул топишади. Масалан, Қизил майдонда чанқовбосди ичимликлар сотадиган бир қирғиз йигитининг айтишича, тушум яхши бўлса, бир ойда минг долларча пул топаркан. Бунақа пулни Қирғизистон ё Ўзбекистонда топиб бўлмайди-ку? Асосий муаммолар менимча, ҳужжатларни расмийлаштиришдир. Ҳеч ким ноқонуний ишлашни истамасди. Лекин бу иш осон эмас. Шу қаторда тақирбош миллатчилардан ҳам қўрқишарди. Лекин илгаридан бу ерга келган ҳамюртлари қаерга бориш хавфли ва ёки қаер хавфсиз, деб уларга маслаҳат беришаркан.

Би-би-си: Дарвоқе, кейинги пайтлари Россиядаги меҳнат муҳожирлари ана шу миллатчилардан ҳам кўра, кўпроқ ўз юртдошлари дўқ-пўписаси ва асли марказий осиёлик жиноий унсурларнинг таҳдиди остида қолаётгани ҳақида айтила бошланган. Сиз бу борада нималарни кузатдингиз? 

Роза Кудабаева:Мен билан гаплашишга рози бўлган бир ўзбек йигити мана бундай деди, "Опажон, сиз менга руслар қандай муносабат билдираётгани ҳақида сўраяпсиз. Руслар билан менда муаммо йўқ. Мени ишга олишди, оилам билан бирга ётоқхона беришди, каттагина маош оламан... Аммо мендан ўзбеклар бошқа ўзбекларга қандай муносабат қилаётгани ҳақида сўрамайсизми, деб қолди. Унга кўра, олдинроқ келган ўзбеклар янги келганларни чақиришади, ишга жойлашади, аммо уларни келтириб, эксплуатация қила бошлашади. Айниқса, русча гапирмайдиган муҳожирларни рус тилини биладиган ўзбеклар жуда қийнашаркан. Чунки улар бутунлай бу одамларга қарам бўлиб қолишади. Таксичилик қилаётган бир ёшгина озарбайжон йигити билан гаплашмоқчи бўлгандим. Қарасам, боёқиш шундай ҳорғин, ухламаган шекилли, кўзлари қизариб кетган.... Аммо микрофон тутсам, секингина, қўрқа-писа бармоғи билан кўчанинг нарёғига ишора қилади. У ерда эса, бир ёши каттароқ озарбайжон иш берувчи турарди. У киши рухсат бермаса гапира олмайман дейди ҳалиги йигит... 

Просмотров: 868 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей